www.ziyouz.com kutubxonasi
149
бирлашиб турган бошчаларга аста чертган эди, чўплар сочилиб кетди. — Хўш, нима дейсан?
— Умуман... тўғри.
— Унда бу ғояни сен шакллантир. Тузукроқ фикр уйғонса, хабар берарсан, ақллашармиз.
Бўпти, мен кетдим. — У шундай деб ўрнидан турди-ю, стол бурчагидаги икки дафтар ёдига
тушиб, қайтиб ўтирди. Дафтарларни қўлга олди-да, варақлаб кўриб, Зоҳидга узатди: — Бу
Анвар укамнинг хотира дафтари экан. Ғалати нарсаларни ёзган. Истасанг ўқиб кўр, деб олиб
келдим. Умуман... унинг ўлимини сизлар нима дейсизлар, «бахт-сиз тасодифми?» Лекин... у
жинни эмасди. Кимдир уни мажбур қилди... Сизлар руҳан мажбур қилган одамни «қотил»
демайсизлар, а?
— Ариза берсангиз, текширилади.
— Йўқ, ариза бермайман. Чунки аризанинг оқибати укам ўйлаб топган формуланинг ечимидай
бўлади.
Ҳабиб Сатторов мулозиматни ёқтирмагани учун Зоҳид «чой-пой ичиб ўтирайлик», деб
манзират қилмади.
Устозни катта кўчага қадар кузатиб чиққан Зоҳид қайтар маҳалида унинг пирамида хусусидаги
гапларини бир-бир эслади. «Ғояда жон бор, — деб ўйлади у,— умуман жиноят оламини
пирамида десак тўғрироқ бўлади. Биз унинг бир улушини чўкич билан уриб емирмоқни ихтиёр
қилган нодонга ўхшаймиз. Пирамиданинг учи — Асадбекми? Унга менинг кучим етармиди?
Гугурт чўпларини чертиб ташлаш осон...»
Зоҳид уйга кирганда хотини дастурхон йиғиштираётган эди.
— Ўртоғингиз Алиқул ака келдилар, — деди у эрини кўриб.
— Нима дейди?
— Сизда ишлари бор экан. Эрталаб келаман, девдилар, уйда бўлмасалар керак, моштабибни
олиб қишлоққа бормоқчи эдилар, дедим. Тўғри айтибманми, борасизми?
— Боришим керак.
— Машиналарида олиб бориб келарканлар.
Бу гапни эшитиб Зоҳид ғашланди. Эридаги ўзгаришни сезган хотини:
— Ҳа, гапимнинг нимаси ёқмади тағин? — деб сўради.
— Мен сенга машина гаплашиб қўй, девдимми?
— Мен сўрабманми, ўзлари айтдилар. Ўртоғингиз-ку, хизмат қилсалар ёмонми?
— Йўқ, жуда яхши, ҳатто зўр! — деди Зоҳид аччиқланиб, — шу хизмати эвазига сен унинг
укасини қамоқдан чиқариб берасан.
— Вой савил, ҳали дарди бормиди?..
— Сенга минг марта айтаман: менинг қачон, қаерга боришим ҳақида бировга ҳисоб берма.
Эртага ишга бораманми ё қишлоққами, бировнинг билиши шартми? «Eринг қаёққа боради,
аниғини айт», деб сени биров зўрладими? «Билмайман» деб қўя қолмайсан-ми?
— Хўп, бўпти, тавба қилдим, — хотин шундай деб дастурхонни йиғиштиргач, зарда билан
ошхонага чиқиб кетди.
Кўнгли ғашланган Зоҳид эса деразани қия очиб, кўча томонга тикилди, нечундир бу кеч кўча
чироқлари ёнмабди.
Зоҳид ётоқхонага кирган эди, ўғли кўзларини чирт юмиб олиб, ўзини ухлагандай қилиб
кўрсатди. Ўғлининг одатига у баъзан ҳайрон қолади: меҳмон келса, бошқа болалар каби
дастурхон атрофида айланмайди. Онаси каровотига ётқизиб қўйса, уйқуси келмаса-да,
қаршилик билдирмайди. Бу ҳолат баъзан бир, баъзан икки соат ҳам давом этиши мумкин.
Бунақа пайтда Зоҳид ўғлига ачиниб, меҳмон кетгач, кеч кириб қолган бўлса-да, ўғлини кўчага
олиб чиқарди. Бугун ҳам «бир айлантириб келай» деб ўйлади-ю, кўча чироқлари ёқилмагани
сабабли фикридан қайтиб каравотга энгашди-да, ўғлининг юзидан ўпди. Ўғли бундан
роҳатланиб, кўзини чирт юмганича қиқирлаб кулди. Кейин отасининг бўйнидан қучоқлаб олди.
«Боқчага бордингми, нима единг, нималар ўйнадинг?» каби саволларга бийрон жавоб бергач,
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |