www.ziyouz.com kutubxonasi
157
— Вой, нафасингизни иссиқ қилинг-а, тавба денг, ўзим юрагим ҳилвиллаб турибди. Бунақа
гапларни бошқа гапирманг, — кейинги сўзларни айтаётганида Манзуранинг овози
титради. Асадбек уни овутиш мақсадида елкасига қўлини ташлади. Манзура бундан чўчиб,
ўзини четга олди:
— Вой, нима қиляпсиз?
— Ҳа, нима қилибман, — деди Асадбек, — ўзимнинг ҳаппаи-ҳалол хотинимсан. Ана, қара,
ҳамма шунақа юрибди.
— Қўйинг-е, қариганда...
— Мен ҳали қаримадим. — Асадбек шундай деб хотинини қўлтиқлади. Бу сафар Манзура ўзини
олиб қочмади.
Кун бўйи машриқда ивирсиб юрган қўнғир булут парчалари шомга яқин бирлашиб, қуёшни
бағрига олди. Шуни кутиб турган изғирин қўзғолиб, баҳорнинг тотли нафасини бўғди. Изғирин
анҳор соҳили бўйлаб чўзилган сайргоҳга ҳам ҳукмини ўтказа бошлагач, болаларини ўйнатгани
олиб чиққан жувонлар уйларига шошилдилар. Сўнг кексалар кўринмай қолишди. Унда-бунда,
дарахт паналарида қоронғу тушишини интиқ кутаётган жуфт-жуфт ёшларгина қолишди.
Eрининг ёнида аста юриб бораётган Манзурага бу сайр хуш ёқаётган бўлса-да, кўнглининг бир
чеккасини ғашлик сўнаси кемириб ётарди. У эридаги бу ўзгариш сабабини билишни истарди.
«Бир тоғнинг ўз ўрнидан қўзғалиб, бошқа ерга кўчганини эшитсангиз ишонинг-у, бироқ,
одамнинг феъл-табиати, қалби ўзгарибди, дейилса инонмангиз», дейилмиш экан. Шунга кўра
эридаги бу ўзгаришнинг яхшилик нишонаси эканига Манзурада гумон бор эди.
Хотинлар давра қурувчи зиёфатларда айрим жувонлар «Шундай одамнинг хотини-я! Егани
олдинда, емагани ортида, айтгани айтган, дегани деган. Мунчалар бахтли экан-а, бу аёл!» деб
ҳавас қилишса, Манзура чиндан ҳам бахт эгаси сингари жилмайиб қўярди. Ҳолбуки, бахтлими
ёки бахтсиз эканини ўзи ҳам аниқ билмасди.
Агар аёлнинг устара тиғи устида яшаши бахт де-йилса — Манзура ростдан ҳам бахтли.
Eрининг ҳар бир хатти-ҳаракатини ҳадик билан кузатиш, кечки пайт эри остона ҳатлаб ҳовлига
кириб келгунига қадар минг турли ҳавотир тиканлари устида ялангоёқ югурмоқ агар бахт
дейилса — Манзурадан ўзга бахтлироқ аёл йўқдир.
Агар эри уйга қайтмаган тунлари бешикни қучоқлаб, тиқ этган товушга ҳадик билан қулоқ
тутиш, тонг-ни ўзи бева, боласи етим ҳолида кутиб олмаслиги учун Худога нолалар қилиб
чиқмоқлик бахт дейилса — ҳақиқий бахт эгаси айнан Манзурадир.
Агар бахт фақат емоқ, ичмоқ, ўйнамоқ, кулмоқдан иборат бўлса — Манзурага ҳавас қилса
ярашади.
Шундай тарози бўлса-ю, унинг бир палласига емоқ, ичмоқ, кийинмоқ саодати, иккинчисига
турмуш ташвишлари-ю, ғам кўланкалари қўйилса балки бахт ҳақиқати аён бўлар?
Агар дунё айланиб, Манзуранинг келинлик онлари қайтса-ю, дейилсаким: «Танла, умринг шу
эски ҳовлида ўтсинми ёинки янги, данғиллама иморатда, зебу зийнатлар ичида яшашни
истайсанми?»
Манзура шубҳасиз, қайнона-қайнотасининг умри ўтган, эрининг киндик қони тўкилган шу эски
ҳовлини, бир тишлам нонни беташвиш емоқ бахтини танлаган бўларди. Не ғамки, инсонга,
айниқса ўзбек аёлига бундай танлаш ҳуқуқи берилмаган...
Ҳозир ҳам бу кутилмаган сайрга эрининг хоҳиши билан чиқди. Қовушмаган суҳбат билан
овуниб бораётган Манзуранинг зимистон кўнгли шомни доғда қолдирган қоронғуликка монанд
равишда янада қорароқ чодирга буркалаётган эди. Ўғилларини Москвада қолдириб келганидан
бери тутқун қуш сингари потирла-ётган юраги тағин ҳам ёрилиб кетмайди. Худо тағин ҳам сабр
беряпти. Бугундан эътиборан ҳовлиларида пойлоқчиларнинг бўлмаслиги ҳам унинг безовта
юрагини тимдалайверди. У эрининг гапига ишонгандай кўринса-да, бу ҳаракат замирига
кутилмаган шумликлар яширинганини сезиб турарди. Асадбек «Сен ўша томонларда яшаган
бўлармидинг?» деб ўсмоқчилаб сўраганида гўё эри «ҳозир уйга бориб нарсаларни йиғиштир,
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |