www.ziyouz.com kutubxonasi
154
бунақа қилишга ҳаққинг йўқ,» деб бошларимни оғритади ҳали. Буни Жамшидга буюришим
керак, ими-жимида тўғирлайди», деб қўйди.
Асадбек ўзича ҳақиқат йўлида бир иш қилиб қайтаётган эди. Илгарилари ҳам бирон бир масала
хусусида ҳукм чиқарса, ёинки бирон бир кишининг тақдирини ҳал этса «Иш ҳақиқат йўриғича,
виждонан бўлди», деб ҳисобларди. Аммо кўп ҳолларда у янглишарди. Чунки у ҳақиқат деган
нарса аслида ҳақиқат эмас, тўғрилик деган нарса тўғрилик ҳам эмасди. У виждон деб
ҳисоблайдиган нарса аслида инсоний виждон эмасди. Чунки зулм билан виждон бир танада,
бир қалбда яшай олмаслиги ойдай равшан.
Бу сафарги зулмга Асадбекни айбламоқ инсофдан эмасдир. Чунки бу зулмни Тўхтахон билан
куёвнинг ўзлари бефаросатсизликлари туфайли сотиб олдилар. Улар ҳақларини талаб қилиб,
ноҳақликнинг аччиқ сувини ичиб, қийналишга эришдилар. Агар орадан уч кунни ўтказиб, кейин
«Майли, отамнинг васиятларига қарши бормайлик, уйга даъвойимиз йўқ, лекин бола-чақамиз
билан кўчада қолмайлик», дейишганида масаланинг бошқача ҳал бўлиши аниқ эди.
Инсонни ҳар балога гирифтор этувчи тил бир оилани бошпанасиз қолдирди.
Асадбек уйига ана шу кўнгилхиралик билан қайтди. Аввал ўғиллари, сўнг келинлари чиқиб
салом беришгач, бу ғашлик бир оз кўтарилгандек бўлди. Айниқса келинларнинг ширин
талаффузда сўзлашишлари, саломни ҳам дилни эритувчи оҳанг билан беришлари Асадбекнинг
қоронғу кўнглини ёритгувчи чироқдек эди. Келинларидан шодланиши баробаринда
«шундай ажойиб қизларни узоқ, нотаниш юртга узатган қудаларидан ажабланарди. Зайнабни
узатганида неча кун бир нарсасини йўқотган одам каби гарангсиб юрган эди. Зайнаби
шундайгина қаноти остида, истаган онида кўриб, соғинч дардига малҳам топиши осон эди.
Қудалари қандай чидашаётган экан?
Жанозадан қайтган Асадбек келинларининг саломидан роҳатланди, аммо бу сафар
қудаларининг соғинчини ўйламади. Зайнаб касалхонадан қайтгач, Манзура кириб, ёшларнинг
шаҳар айланиб келиш учун рухсат сўрашаётганини айтди. Ижозатдан шодланган ёшлар
кетишгач, Манзура «овқатни сузаверайми?» деб сўради. Асадбек келган маҳалида худди шу
саволга «қорним тўқ» деб жавоб берган эди. Бу сафар Манзуранинг овқатланишни
кутаётганини фаҳмлаб, иштаҳаси бўлмаса-да, «ҳозир чиқаман, сузавер», деди.
Хотинининг раъйини қайтармаслик учун қозонкабобдан кичикроқ бир қовурғани олиб эрмак
қилди. Манзуранинг иштаҳаси ҳам эриникига боғлиқ эди. Асадбек иштаҳа билан овқатланса, у
ҳам кўнгли тусаганича ерди. Бу сафар ҳам одати канда бўлмади, қўлга олинган қовурғанинг
ярми ҳам ейилмади. «Сен еявер, қорним тўқ», деган даъватга «Болалар билан едим», деган
ёлғон жавоб овқатланиш жараёнига якун ясай қолди.
Асадбек қўлини сочиққа артгач, Манзура чой қу-йиб узатди-да:
— Қамар ака чиқувдилар, — деб «нимага чиққанларини айтаверайми?» дегандай савол назари
билан қаради.
— Тинчликми, нимага чиқибди? — деб сўради Асадбек.
— Сизда маслаҳатли ишлари бор экан.
— Сенга айтмадими?
— Бир учини чиқаргандай бўлдилар.
— Қани, сен ҳам ўша учини чиқар-чи?
— Уйни сотишмоқчимишми?
— Нега?
— Учта ўғилни уйли-жойли қилишга қийналишаётганга ўхшашади. Кенжаларини уйлай десалар
ортиқча хона йўқ. Ҳукуматнинг уйларидан икки хона-икки хонали қилибми сотиб олишса керак.
Самадингиз гаплашаётганди. Қамар ака ҳамма дардларини унга айтгандирлар, хотин кишига
айтармидилар.
Асадбек хотинининг гапларини эшитиб «Бугун фақат уй можароси бўладиган кун эканми?» деб
қўй- ди-ю, қўшнининг дардига оид бирон сўз айтмади.
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |