www.ziyouz.com kutubxonasi
147
Миркаримовнинг «йигирма оши» ҳам шундай бўлгандир? Бировларнинг қўлларидан ажал
топган бошқаларнинг ҳам, энди ўлим топадиганларнинг ҳам маърака ошлари айнан
шундай бўлар?.. Қотиллар қонга беланган панжалари билан ош ошаб, сўнг ошпазга тасаннолар
айтиб, тишларини кавлаб, кекириб чиқишар?...
Дунёнинг мана шу муаммоларини ечишга Зоҳиднинг ақли қосирлик қиларди.
2
Остонада кутиб олган хотини «Қаерларда юрибсиз, устозингиз икки соатдан бери кутиб
ўтирибдилар», деди. Бу гапни эшитган Зоҳид маёр Солиевни кўз олдига келтириб
«Касалхонадан чиқибдиларми?» деб ўйлади. Ўрта хонага ўтиб диванда ўтирган Ҳабиб
Сатторовни кўрди-ю, аввал бир оз ажабланди: кўпдан бери кўришмаган устозининг ташрифини
у сира кутмаган эди. Ҳабиб Сатторов унинг таажжубини сезиб, кулимсиради-да:
— Тескари замон ҳозир, азизим, кичикларни зиёрат қилиш катталарга лозим қолган, — деб
кўришди.
Зоҳид айбдор эканини тан олиб, «ишлар кўп» деган маънодаги узрини айтмоқчи эди, Ҳабиб
Сатторов гапиртирмади:
— Тушунаман, сендан гина қилмайман. Ўғри-муттаҳамлар кўпайиб бораверса сен билан
учрашиш тобора қийинлашаверади. Қара-я, бу ерда ҳам математик ечим бор.
Зоҳид устозининг рўпарасига ўтиргач, хотини чойни янгилаб келди-да «кутавериб ланж бўлиб
кетган паловни» олиб киришга рухсат сўради.
Ош чиндан ҳам ланж бўлгани сабабли кўп ейилмади.
— Ишдан бўшаганимни биласан, — деди Ҳабиб Сатторов қошиқни четга суриб.
— Масковга кетиб қолдингизмикин, девдим, — Зоҳид шундай деб ўрнидан турди-да, лаганни
олиб, остонада пайдо бўлган хотинига узатди. Ҳабиб Сатторов хотиннинг «вой, емабсизлара,
домла», деган лутфига эътибор бермай:
— Шунақа фикр ҳам туғилган эди. Кейин бу калладаги формулаларини нари сурдим-да, одамга
ўхшаб ўйладим, — деди, сўнг кулимсираб давом этди: — Ҳа, олимлик либосидан чиқиб, беш
дақиқа росмана одамга айландиму ўйладим. Кимга ўхшаб ўйладим, биласанми? Укамга ўхшаб
фикр юритдим. Раҳматли мени кўп танқид қиларди. «Ҳаёт фақат илмдан, формулалардан
иборат эмас», деди. Шунақа дерди-ю, лекин жиннихонада ётганида ўзи ҳаёт формуласини
кашф қилибди. Сенга айтганмидим?
— Ҳақиқат нолга тенгми?
— Қойилман, эсингда экан. Лекин бу аксиома эмас, бу... шунчаки унинг тахмини. Мен бадбин
одамнинг тахмини деганман. Менинг институтдан ҳайдалишим ҳақиқат нолга тенглигининг
исботи эмас. Ҳатто укамнинг ўлими ҳам формуласининг тўғрилигини англамайди. Булар —
кичик шахсий фожиалар саналади. Ҳақиқат эса олий тушунча.
— Атом зарраларининг бирлашиши-чи?
— Сен бунақа чуқурлашма. Сен менинг аразлаб Москвага кетиб қолишимга ишонгансан, яна
бошқа одамлар ҳам ишонишган. Лекин мен ўйладим: «Сен кимсан?» деб ўзимга ўзим савол
бердим. «Сени ким ўқитиб, одам қилди? Ким қорнингни тўйғазди? Далада заҳарли тупроқ ялаб
меҳнат қилаётган деҳқоннинг ҳисобидан ўқиб, шу даражага етдинг. Нега энди тўплаган
билимингни ўша деҳқоннинг фарзандига эмас, Москвадаги ёки Лондондаги бир таъвияга
беришинг керак?» дедим. Ҳа, гапларимдан газетанинг ҳиди келяптими? Йўқ, сен бунақа
ажабланма. Мен ростдан ҳам шундай ўйладим. Ўйладим-да, рўпарамга бир масала қўйиб, уни
ечдим. Бунинг учун энг аввал ўзим ўқиган мактабга бордим. Математика, физика муаллимлари
шу даражада қолоқки, йиғлаб юборай дедим, ишон. Мен ўқиган даврдаги савия қандай бўлса,
ўзгаришсиз турибди. Ҳатто, назаримда савия нолга қараб оғгандай туюлди. Қара, яна замонга
нисбатан тескари пропортсионаллик. Фан ривожи қай даражадаю, мактабдаги савия қандай
тубанликда. Болалар Бернуллини ёки Эйнштейнни билмаса чидаш мумкиндир. Лекин
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |