www.ziyouz.com kutubxonasi
143
Бу гап Ойсанамга ёқмади, шарт бурилди-ю, «хайр» ҳам демасдан хонадан чиқди.
— Ким бўлди бу хоним, димоғига куя пашша ўтириб кетган-ку, а?
Зоҳид унинг кимлигини айтгач, Ҳамда Толипов узун ҳуштак чалиб қўйди-да:
— Нега ҳуштак чалганимни билдингми? — деб сўради.
— Билмадим, — деди Зоҳид қоғозларини тортмага сола туриб.
— Бир одам «ҳамма нарсага қодирман», деб мақтанганида Афанди шунақа ҳуштак чалиб, «шу
ҳуштагимга тўртта тугма қадаб бер-чи», деган экан. Сен яна ҳуштакка тугма қадамоқчимисан?
— Киноянгизга тушунмадим?
— Киноя эмас, бўладиган гап бу. Яна асадбекларнинг обрезига бурнингни тиқмоқчимисан?
— Ҳар ҳолда текшириб кўриш керак.
— Миркаримовнинг ўлганига ярим йилча бўлди шекилли, а?
— Саккиз ой, — деб аниқлик киритди Зоҳид.
— Ана, саккиз ой! Илёсов ишни бекорга чўзмайди. Сенам чўзавер, бошингни оғритма.
— Э, ака, оғриб турмайдиган бошнинг кимга кераги бор. Очиғини айтсам, бу сафар
Асадбекнинг кўчасига қараб юрмайман.
— Ие, нечук?
— Миркаримовнинг асадбеклар билан боғлиқлиги бор. Яна бир томони Ҳосилбойвачча. Лекин
Миркаримовни уларнинг одамлари ўлдирмагандир, деб турибман.
Ҳамдам яна бир марта истеҳзо билан «Нечук?» деб қўйиб ундан изоҳ кутди.
— Кеча ўликни ёриб кўрган эксперт билан гаплашгандим. Миркаримов ўлдирилиб дарров сувга
ташланмаган, бир-икки кун ерга кўмилиб қўйилган, деб тахмин қиляпти.
— Тахмин қиляпти? Нима, аниғини билмас эканми?
— Аниқ бир қарорга келолмагани учун хулосага ёзмаган экан.
— Оббо... аниғини билолмаса ўликни тамоша қилиш учун ёрибдими? — Ҳамдам шундай деб
ўйланиб турди-да, кейин гапини давом эттирди: — Унда бир иш қиласан. Хўжайинларнинг
нимаси кўп, мажлислари кўп. Кунда бир-икки мажлисни овлашмаса еганлари ичларига
тушмайди. Миркаримовнинг йўқолгани ҳақида қачон хабар берилган?
— Ўн тўққизинчида.
— Демак, сен ўн бешинчидан то ўн тўққизгача бўлган мажлис ахборотларини титиб чиқ. Қайси
кундан бошлаб мажлисларда йўқ бўлганини билсанг, калаванинг учини топасан. Кейин
мижғовланиб, эзилаверма. Сенга минг марта айтганман: масалани шартта-шартта ҳал қил.
Битта-яримтанинг бурни қонаса ҳеч нима қилмайди. Мана, кечаги ишим: йигирма саккиз яшар
йигит бошини деворга уравериб ўлиб қолганмиш. Афғонда яралангани учун бир хил пайтда
ўзини билмай қоларкан. Ўликни ёрадиганларинг шунақа хулоса ёзиб беришибди. Ўликнинг
отаси ҳам, хотини ҳам «ичволиб бошини деворга ураверди», деб туришибди. Ўликнинг бошини
ушлаб қарасам, суяк йўқ ҳисоб, майдаланиб кетган. Шунақа бўлиши мумкинми?
— Қаттиқроқ урган бўлса...
— Йў-ўқ... — Ҳамдам ўзининг топқирлигидан ўзи маст бўлиб, қувлик билан кулди. — Қаттиқ
урганда ҳам, битта ёки иккитада ҳушидан кетади. Суяк майдаланиб, жони чиққунича
уравермайди. Хўш, мен нима қилдим? Шартта хотинини чақирдиму қамаб қўйдим,
ҳомиладорлигига ҳам қарамадим.
— Шунақа ишларингиз бир кунмас бир кун...
Ҳамдам Зоҳиднинг гапини бўлди:
— Бошимни ейдими? Мен бир нарсанинг исини сезмасам, қоидадан чиқмайман. Сенга ўхшаб
савол-жавоб қилиб ўтирсам, иш битмас эди. Хотинга бир кеча етарли бўлди: эрталаб
ҳаммасини айтди: ота-бола орасида уруш чиқиб, ўғил отага ҳамла қилган экан. Ота эса таёқ
олиб боласини ураверган. Энди сенга маслаҳатим: «гумондаги шахс» дегину битта-иккитасини
ўтқизиб қўй. Қамоқдан ўлгудай қўрқадиган одамлар кўп бу дунёда. Биттаси индамаса,
иккинчиси албатта гуллайди.
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |