www.ziyouz.com kutubxonasi
139
Сўнг Асадбекка дадилроқ қаради: — Бу пул қурдираётган уйингизники. Бугун шу омонатни
бергани бормоқчи эдим.
Асадбекка Насибанинг бу қилиғи малол келиб, аччиқланди, юзлари учди. Жеркиб ҳам
бермоқчи бўлди. Аммо жаҳл учқуни аланга олмай, «бу бечорада айб йўқ-ку», деган фикрда
ўзини тийди. «Пул ўзингизда қолаверсин, болаларга ишлатинг», демоққа оғиз жуфт-лади-ю,
аммо хаёлига бошқа бир фикр келиб, бу гапни айтмади. Фақат... Ҳалимга кўз қараши билан
«пулни ол» деган ишора қилди...
...Ҳозир ўша пул ўрамини Кесакполвонга узатганида Насибанинг титроқ лабларидан учган
сўзлар қулоқлари остида жаранглагандай бўлди.
Кесакполвон Насибанинг нажот истаб келганини эслади. «Бек нима учун буни кавлаштириб
юрибди? Энди шу хотинга ёрдамлашмаганим учун сиқувга олмоқчими?» — деб ўйлади. Лекин у
кутган гап айтилмади. Асадбек:
— Хотин зоти асли ақлсиз бўлади, ўзинг биласан. Шарифники аҳмоқликда ҳаммасидан ўтиб
тушаркан. Эрини кўмиб келиб, уйни сотибди. Пулнинг чўғига қараганда озгинасини ишлатиб
қўйганга ўхшайди. Энди мен аралашсам ярашмайди. Сен уйни сотиб олган одамга ётиғи билан
тушунтир, пулини қайтиб олсин. Пулнинг етмаганини қўшарсан, иложинг бўлмаса, мен бера
қоламан, — деди-да, пул ўрамини Кесакполвоннинг тиззаси устига қўйди: — Бу менинг охирги
буйруғим. Бундан буёғидагилари энди илтимос бўлади.
— Сен нима қилаётганингни билаяпсанми?! — Кесакполвон аччиқланиб туриб кетди. — Сен
мени... пичоқсиз сўйяпсан!
Кесакполвоннинг бу ҳолати Асадбекка роҳат бахш этди. Кўзлари кулди. «Қани эди, сен
маразни ўтмас пичоқ билан киндигингдан бўғзингача сўйсам», деб ўйлади.
— Ҳайдар, сен ҳозир ловиллаяпсан, майли, бир гуриллаб ол. Лекин эртага ҳовуринг босилади.
Ўшанда «Асад тўғри қилган экан», дейсан. Менинг гапларим шу ерда қолади, а? Дўст-душман
бу ўзгаришни билмай қўяверсин.— Асадбек шундай деб ўрнидан турди-да, енгил керишди. —
Аслида икки-уч йил олдин шундай қилишим керак эди. Ҳозир елкамни эзиб турган тоғ бирдан
ағдарилди. Энди уйга бориб бола-чақа билан ғам-ташвишсиз, би-ир чақчақлашиб ўтирай.
Эрталабдан худо хоҳласа, тўйни ҳаракатини бошлаймиз. Маҳмуднинг қирқи ўтиб олсин, би-ир
тўй қилайлик, а ошна?
Бир-бирларини «ошна» деб атаганлари билан ораларида ҳеч қачон соф, самимий дўстлик
бўлмаган, аксинча, Жалилнинг таъбири билан айтганда фақатгина манфаат қоидасига итоат
этиб яшаган бу икки одам дилларини қафасга солганлари ҳолда, фақат тил учида
гаплашдилар. Тиллардан гўё бол томди, дил эса захарли ўқларга тўлди.
Қалблар узил-кесил душманга айлангани ҳолда хайр-лашдилар.
Бирови собиқ, бирови эса янги хўжайин сифатида кўчага чиқдилар.
Do'stlaringiz bilan baham: |