www.ziyouz.com kutubxonasi
135
— Қўйинг-е, — Ойсанам шундай деб кўзини олиб қочди-да, четга қараган ҳолда пичинг билан
қўшиб қўйди: — сизга... онаси ўпмаган қизлар маҳтал бўлиб туришибди-ку, мени нима
қиласиз?
Кесакполвон дастлаб Ойсанамга осилиб, муддаога ета олмаганида «Мен хоҳладиму сен ноз
қилдингми? Бир марта «гаҳ!» десам, онаси ўпмаган қизларнинг ўнтаси қўлимга қўнади», деган
эди. Ойсанамнинг ўша воқеани эслаб пичинг билан айтган бу гапи Кесакполвонга нозли ҳазил
бўлиб туюлди.
— Ўша гап эсингда турувдими, ёмонсан, сен ёмонсан. Билиб қўй: сени ростданам яхши
кўраман. Онаси ўпмаганлардан бўлмасанг ҳам ўзинг зўрсан. Эрингга куйма. У сенинг
тирноғингга ҳам арзимасди.
— Қўйинг, унақа деманг, бундай гапларни ер дарров етказади.
— Етказса етказаверсин. «Шилталик қилма», деб эрингга минг марта айтганман. Шилталиги
бошини еди. Ўйнаши қамалиб кетдими? Бўйнига олибдими?
— Йўқ ҳали.
— Ие, иш ҳалигача чўзилиб ётибдими? Аканг ҳам ўтиргандир?
— Ўтирибдилар. Ишни энди прокуратура бошидан бошлаб кўрармиш.
— Сенга айтишдими, қаердан билдинг?
— Одам келди. Ҳаммасини бошқатдан сўраб чиқди.
— Сендан нимани суриштиради? Сен жабрланувчисан, даъвогарсан. Сен «еримнинг қотилини
топиб берларинг», деб уларнинг ёқасидан олишга ҳақлисан.
— Ҳақимни биламан-ку... лекин... у одам сизни ҳам сўради. Асадбек акани суриштирди.
— Нима?! Нима деди?
— «Eрингиз билан муносабатлари қанақа эди? Келиб-кетиб туришармиди?» деб сўради.
— Сен нима дединг?
— Тўғрисини айтдим: келишмасди, дедим.
— Калланг жойида сенинг. Келган одамнинг оти нима экан?
— Эсимда йўқ.
Кесакполвон сигарета қолдиғини кулдонга эзди. Жаҳли чиққанини яширмай:
— Ақлинг ошиб-тошиб ётибди-ку, нимага эслаб қололмадинг? Сен улар билан мушук-сичқон
ўйнама. Агар қотилни топишолмаса, сиртмоқни айлантириб-айлантириб ўзингнинг бўйнингга
ташлашади. Кейин юраверасан вой-войлаб, — деб зарда қилди.
Бу гапдан Ойсанам чинакамига чўчиб тушди:
— Нега менга ташлашаркан сиртмоқларини? — деди саросима билан.
— Сенга ташлашмай бувингга ташлашадими? Эрини ўйнашдан қизғаниб ўлдирган ёки,
тўғрироғи, ўлдиртирган, дейишади, тамом! Ҳа, нимага довдираб қолдинг, бўлиши мумкин
эмасми? Масалан мен худди шундай деб ўйлаганман.
— Унақа деманг.
— Нега демас эканман? Данғиллама уйинг бор. Сочингнинг учидан оёғингнинг тирноғигача
тиллага ботгандирсан. Энди бунақа шилта эрни бошингга урасанми? Сенинг ўрнингда
бўлганимда мен ҳам ўлдиртириб юборардим. Тўғри қилгансан.
— Унақа деманг, — бу сафар жувоннинг овози титради.
— Демайман. Лекин бунақа ишда туҳматга қолиш ҳеч гапмас, эҳтиёт бўл. Яна сўроқ қилса
гапингни билиб-билиб айт. Ҳа, Японияга кетаётган эмишсанми?
— Ҳали аниқ эмас. Битта ортиқча йўлланма бор экан...
— Шунақами? Сенга ошиқча йўлланма ҳам топила қолади-я! Сен уйингда жилмай ўтиравер.
Японияни кўргинг келаётган бўлса, мен билан бирга борасан. Ҳўш, энди ҳалиги гапга нима
дейсан?
— Қайси гапга?
— Менга тегасанми?
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |