www.ziyouz.com kutubxonasi
144
Зоҳид бунга ўхшаш насиҳатларни аввал ҳам етарли равишда эшитгани учун кулимсираб қўя
қолди. Ҳамдам бу кулимсирашнинг маъносини ўқиб:
— Тушунарли, сенинг вазифанг — қамаш эмас, балки адолат тантанаси! — деб қўйди. Сўнг
унга савол назари билан қаради: — Кеча оқсоқолни кўргани бормабсан-ку?
Кеча телефонда гаплашганларида Зоҳид маёр Солиевни йўқлаб бормоқчилигини айтган,
Ҳамдам эса бош қашишга ҳам вақти йўқлигини билдирган эди. Аксига олиб, Зоҳиднинг
экспертизага оид ишлари чўзилиб, касалхонага боролмади. Зоҳид шу сабаб туфайли
боролмаганини узр оҳангида айтди-да:
— Ўзингиз ўтганга ўхшайсиз? — деб сўради.
— Ўтдим. Оқсоқолнинг кайфияти чатоқ, — деди Ҳамдам. — Энди ишга қайтолмаслигидан
сиқиляпти. Бу ҳам майли, — Ҳамдам шундай деб чалиштириб ўтирган оёқлари ўрнини
алмаштирди, — устозинг «Қассоб»га ачиняпти. Индамасам, кўз ёши қиладиган. Юрак қолмабди
оқсоқолда.
— Қўйсангиз-чи, баъзан ошириб юборасиз.
— Ошираётганим йўқ. «Ёмон ўлим топди», дейди. «Ҳаёт уни жиноят кўчасига киришга мажбур
қилган», дейди. Қассобнинг онаси фоҳиша бўлган экан, болалигида кўп руҳий азоблар тортган
экан...
— Мақсуд аканинг гапларида жон бор. Кўп жиноятларнинг илдизини айнан болаликдан излаш
керак. Ҳаётдан зада бўлган боланинг жиноятга кириши осон. Лекин терговда ҳам, ҳукм
чиқаришда ҳам бу сабаблар, бу руҳий ҳолатлар ҳисобга олинмайди. Ҳукм учун жиноятнинг ўзи
муҳим.
— Ана энди ўзинг оширвординг. Сенинг шу олимлигинг ўзингни қийнайди. Ҳаёт дейсан, а?
Нима, дунё-даги ҳамма фоҳишаларнинг ўғиллари улғайганида хотинларни ўлдириб, гўштидан
чучвара тугиб еб юришибдими? Эртага Миркаримовингнинг қотилини топгин-да, кейин «буни
ҳаёт мажбур қилган», деб қўйиб юбор. Менам чолнинг паттасини қўлига бериб қўя қолай. Ҳар
ҳолда уни ҳам ҳаёт мажбур қилган.
— Ҳамдам ака, гапимни тўғри тушунмадингиз?
— Тўппа-тўғри тушундим, оғайни. Мен учун икки одам бор: жиноятчи ва жабрланувчи. Орада
ҳеч қанақа ҳаёт йўқ. Агар менга қўйиб беришса, Миркаримовингнинг қотилини қидириб, овора
бўлиб юрмас эдим. Нимагалигини биласанми?
— Тахминан биламан.
— Тахминани ҳисобмас. Сен қотилни топгину ке-йин Миркаримовни тирилтиргин-да,
«Ўрнингизда қотилингиз ёта туради», дегин-чи? Сенга раҳмат ҳам демай, аблахлигини келган
жойидан давом эттираверади. Сен қилаётган ишимизнинг жамиятга фойдасини гапиришини
ёқтирасан. Хўп, бир аблаҳнинг қотилини топишдан қандай наф бор?
— Нима учун уни аблаҳ деяпсиз?
— Асадбекнинг нушхўрдини ялаб юрган одам яхши бўлмайди. Унга биров қасд қилмаган, унинг
ўзи ўлимини сотиб олган. Нушхўрдга қаноат қилмай, дастурхондаги лаганга қўл узатиб бўккан
у.
— Яхши тахмин айтдингиз, ўйлаб кўриш керак.
— Ўйла, прокурор. Сен олим боласан, ўйламасанг ҳисобмас. — Ҳамдам шундай деб соатига
қараб олгач, ўрнидан турди. — Прокурор, бир соат вақтим бор. Хоҳласанг, мишмишхонамга
ўтиб, лағмонхўр- лик қилайлик. Менга аталган гапларингни ўша ерда айтарсан.
Кейин мен ишимга кетаман, сен эса... — Ҳамдам истеҳзо билан кулди: — ўйлаб ўтиравера-
сан.
Зоҳидга бу режа маъқул келди.
Лағмонхўрлик хуш ёқиб, Ҳамдам Толипов Зоҳид учун ажратган бир соатига яна ўттиз дақиқа
қўшди. Ҳар нарсада тартибни маъқул кўрувчи Зоҳиднинг соатга қараб қўйганини сезган
Ҳамдам, яна чой буюргач:
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |