www.ziyouz.com кутубхонаси
46
Болани подвалдаги ошхонага олиб тушдим. Рангидан сезган эдим: маишатининг мазаси йўқ. Овқат
олиб бердим... Биласан, мен пулга сиғинган одам эмасман: зиқналарни ўлгудек ёмон кўраман.
Бечора бола! Одобли-да, овқатни охиригача емади. Чамамда, менинг мақтовим билан тўйиб қолган
эди...
Кейин:
— Жур, редакцияга борамиз, — дедим.
Лўмбиллаб ёнимга тушди. Сен устознинг бундай пайтдаги ҳолатини билмайсан-да: ёнида шогирди
бўлса, тағин талантли бўлса, о, ундан қувончли байрам йўқ унинг учун!
Шундай қилиб, журналга бордик... Ҳа, ўша журналга. Ҳикояни кам беради-ю, лекин беради.
Редактори йўқ экан, бўлимга опкириб, мудир билан таништирдим. Ҳикояларини мақтадим. Лозим
бўлса, «Оқ йўл» ёзиб бераман, дедим.
Бола хурсанд бўлиб кетди... Хурсандлиги шунчаликки, ҳозироқ «мардикор бозори»га боришини
айтди...
Орадан уч-тўрт кун вақт ўтди. Болага телефонимни берган эдим. Қўнғироқ қилмади. Бир кун яна
уюшмага келсам, худди ўша китоб дўкони олдида турибди.
— Салом, устоз! — деди.
— Нега телефон қилмайсан?
— Халақит бергим келмади. Ишлаётган бўлсангиз... Кўрдингми унинг одобини? Боя айтганимдай
дангал, ўлгудек мағрур бола, таган бунақа андишали эди.
— Ҳа, нима янгилик бор? — дедим.
— Босилармиш! — деди у кўзлари чақнаб. — Сизни сўрашаётган эди.
— А, кетдик!
Тағин уни машинамга ўтқазиб, редакцияга бордим. Бўлимга кирсак, ҳикояларни аллақачон
таҳрирдан чиқариб, машинисткага беришган. Болани табрикладим.
Кейин ўзим редактор кабинетига кирдим... Уни би-ласанми? Ўлгудек қўрқоқ одам-да. Журналда
битта орфографик хато ўтиб кетса, сочини юлади.
У ҳам боланинг ҳикояларини ўқиган экан.
— Табриклайман! Зўр талант топибсан-ку? — деди.
— Топамиз-да, — дедим. — Талантлар сени редакциянгга эмас, редакциям бўлмасаям менга келади.
Кейин у боланинг қаердан экани, нима иш қилиши, хуллас, роса суриштирди. Айтиб бердим.
Етимлар уйида ўсган, университетнинг филология факультетига киролмаган. Сиртдан
жамиятшунослик бўлимида ўқиркан.
Хуллас, у ўша куни редакциядан чиққандан кейин нималарни гапириб берган бўлса, айтиб бердим.
Кейин, редактор мендан унга «Оқ йўл» ёзиб беришни сўради.
— Жоним билан ёзиб бераман! — дедим.
Лекин, ука, мен ўзимни виждонли одам деб ҳисоблайман. Тўғрими? Унга қарши боролмайман. Йўқ-
йўқ... Хуллас, редакторга масалани ётиғи билан тушунтирдим:
— Сен бемалол босавер, — дедим. — Танқидчилар бор, улар ўз ҳукмини чиқаришади. Қўрқадиган
жойи йўқ... Лекин, баъзи қалтис моментлар бор, — дедим. — Масалан, айрим жойларда раҳбар
шахсларга тегиб кетган. Райком секретаригаям... Демак, сиёсатга!
Ҳе, ярамас! Ранги ўчиб кетса бўладими? Айтдим-ку, ўлгудек қўрқоқ деб!
Лекин ўша пайтда бошқа гап гапирмади.
— Яхши, ўйлаб кўрамиз, — деди.
Шу гапидан сал гумонсираган эдим. Ўйлаганимдай бўлиб чиқди.
Ҳикояларни қолдирипти!
Ҳа.
Тағин бир кун болани ўша китоб дўкони олдида кўрдим. Ғамгинлик билан кулди-да:
— Мени тушунишмади, — деди. — Ниятимни...
Редакторни, — оғайним бўлсаям, — роса сўкдим: унга ўхшаган кишилар талантга йўл беришмайди,
ука. Баъзан ҳайрон бўласан: шундай кишиларга матбуотнинг рулини бериб қўйишади.
— Хафа бўлма, бошқа бир иш қиламиз! — дедим. — Жур, машинага кир.
Машинада нашриётга бораётганимизда, боёқиш аста сўради:
САЙЛАНМА. Шукур Холмирзаев. 2-жилд
Do'stlaringiz bilan baham: |