САЙЛАНМА. Шукур Холмирзаев. 2-жилд
www.ziyouz.com кутубхонаси
2
ТАБАССУМ
Жалил ака дераза тагида ётарди. Тўшакда. Болиши баланд.
Унга суяниб, бошини кўтарса, боғни
кўради. Ўзи обод қилган боғ у. Энг қари ёнғоқ «олтмиш»га кирди. У билан бир вақтда
экилган тут
кесилиб кетди. Каллакланавериб қуриди. Кейин йиқитиб, ғўла қилиб олишди.
Жалил аканинг ўзи ҳам кетиш олдида. Ўсма билан оғриган. Билади. Докторлар кўп вақт
яшириб
юришди. Лекин Жалил ака овқатдан қолаёттани, озиб кетаётганидан қўрқиб юрарди. Бир куни севимли
невараси — ёлғиз ўғлининг ягона қизи Садафдан сўради: «Болам,
дардни касал одам билса, ўзиям
тузалишига кўшиш кўрсатар экан. Эшиттаним бор. Сен бегона докторлардан сўра, болам. Дардим нима
экан? Фақат ростини айтасан, хўпми?» «Хўп, бобожон», деди Садаф. Орадан бир кун ўтмай Садаф қути
ўчиб келди. Бобоси ёнига чўккалаб хўп йиғлади. Кейин: «Бобожон, айтишга тилим бормайди-да», —
деди. «Неварам, мен сени ўзим катта қилдим... кўтариб. Мени... бобонгни яхши кўрсанг, ҳурматласанг,
борини айт». «Бобожон, ўзингиз ҳам унга қарши... иш қиласиз-а?» «Албатта-да! Нима деб эдим сенга?».
«Бобожон, касалингиз — рак экан». Садаф яна изиллаб йиғлай бошлади.
Жалил ака, одамлар айтишича, Жалил ота карахт тортиб қолди: қаёқдан пайдо бўлди бу дард? Кўп-а,
ҳозир... Қария анча сукутга толиб ётгач, хўрсинди. Бу дард — бедаво
эканини эшигтан ва чамаси
ўзининг «касаллиги» ҳам шунга яқинроқмикан деган хаёлларга ҳам борган эди.
«Қисмат экан-да, — деди. — Во дариғ. Йўғ-е... Ўксиш бекор. Бирники ўтдан, бирники сувдан...
Меники шундан экан. Ўзи бир ҳисобда ёшимниям яшаб бўлдим. Мен тенги қурдошларимдан
кимлар
қолди? Ҳа-а, Мўмин... бор. У мендан икки-уч ёш катта-я. Юраги бутун экан-да! Ҳа, унинг юраги бутун.
— Жалил ота ғашланиб ўйлай бошлади. — У бошқача... Ёмонга, номардга... ўлим йўқ дейдилар-ку! Ҳа-
е, майли... Уям яшасин. Бари бир дунёга устун бўлмайди. Бировга ўлим тилагандан...»
У ўзининг рак экани, яъни ўсма касалига мубтало бўлганини эслаб аянч жилмайди. Кунлар ўтди, ой
ўтди.
Қария баъзан тонгга етиши гумондек сезарди ўзини, баъзан шу ётишда минг йил яшайдигандек эди.
Лекин кейин-кейин ўғлининг ҳам, келинининг ҳам ўзига тикилиб-тикилиб қарашидан англадики, касали
нималиги уларга ҳам маълум. Бироқ миқ этмади. Улар... улар отанинг ҳадемай туриб кетишини башорат
қилишарди.
Бир куни ҳовлида югур-югур кўп бўлди. Кимлардир келишди.
Жалил ота кечаси ухлолмагани,
ўйланиб чиққани учун кундузи уйқу босиб ётган эди.
«Ҳа, биронтаси келгандир-да», деб қўйди.
Бироқ, кечга томон ҳовлида тағин югур-югур бўлиб қолди-да, кейин ҳаммаёқ тинчиди. Кейин қош
қорайганда, ўғли Шокир новча қоматини эгиб, эшикдан кирди.
— Салом алайкум, ота.
— Ке, ўғлим, ўтир.
— Э, бир-икки одам келди. Сизни безовта қилмасин, деб бу ерга киритмадим.
— Ким экан улар?
— Совчилар-да! Неварангизга.
— А-а, Садафнинг ҳам бўйи етиб қолди. Шунинг тўйини... тинчиганини кўрсам, армоним йўқ эди.
— Э, ҳали чевараям кўрасиз, ота.
— Йў-ўқ, болам... ўлим — ҳақ. Бир ерда гурунг бўлиб эди. Ҳе, ёш эдим ўшанда.
Лекин эсимда
қолган. Бир командиримиз бўлгич эди.
Шокир кулимсиради.
— Командир...
— Ҳа, энди, муллаям билганини ўқийди-да, болам... Бизнинг ёшлик ўз йўлига ўтди. Жанг-жадал...
Жалил отанинг умри чиндан ҳам «жанг-жадаллар»да ўтган. Инқилоб ғалаба қилганда ўн беш
ёшларда эди. Иигирманчи йилларда кўнгилли бўлиб қизил аскарлар сафига қўшилди: улар хизматини
қилиб,
отларига ем ташиб, тагини кураб юрди. Етимча қиёфасида босмачилар қароргоҳларига неча
марта бориб келди. Аммо-лекин бир гал... Ўшанда...
Кейин «Қизил калтакчилар» сафига қўшилди. Кейин қулоқларни тугатиш... Ватан уруши...
Шуниси қизиқки, Жалил... Жалил ака ўша қилган хизматлари ҳақига штифоқо битта ҳам
нишон
тақмади. Нишон қайда, бир парча ёрлиқ ҳам олмади.