www.ziyouz.com кутубхонаси
56
Уларнинг гапини қайтариб бўладими, жўра?
— Мен сенинг жўранг эмасман! Бугундан бошлаб! — дедим. Кейин болғани отвориб, уф, доҳийнинг
калласини кўтардим. Жуда оғир экан. Лекин бутун. Мўйлабиям... Ияги учган. Қаттиқ цементдан
ясашган эканми, хайрият, унча шикаст емапти...
Боғдан чиқиб, бозорга чопдим. Эшак бозорда Пар-да қийшиқ аравасини энди миниб турган экан.
— Жон ака, гап шундай-шундай, — дедим. — Мана, сизга ўн сўм! Пенсиямни олсам, яна бераман...
— Э, пулни қўйинг, — деди у бечораям. — Ишқилиб, бизга гап тегмаса бўлди.
— Тегмайди!
Қаранг, ёли оқариб кетган шу аравакаш ҳам қўрқади-я, политикадан. Бир замонлар «қўш ҳўкизинг
бор», деб отаси кулоқ қилинган-да. Кейин «враг народ» бўлиб отилиб кетган.
Эшак аравани тўғри боққа ҳайдатиб кирдим. Ҳайкални кўчириш, авайлаб аравага ётқизиш ҳам кўп
қийин бўлди. Одамларга раҳмат, қарашишди. Ахир уларниям мана бу ерида бор-да Сталин!..
Кейин уйга жўнадик!
Кўчанинг ўртасидан ҳайдатиб кетдим аравани. Одамлар у бетдаям, бу бетдаям ғуж бўлиб,
ажойиботга қарагандай қарайди. Парвойим палак. Нима бўлса, кўрдим бу оламда: қўрқадиган жойим
йўқ. Болаларим уйли-жойли бўлиб кетган.
Сўққабошим билан бир ҳовлида ётардим! Мана, энди... икки киши бўламиз.
Ҳа-ҳа, тўппа-тўғри сойдан ўтказиб, уйимга обордим. Дарвозани ланг очиб киритдим. Ҳе, у ердаям
томоша! Ким эргашиб келган, ким мени алқаяпти, ким қўрқитяпти...
Аммо-лекин, ука, шу қўрқитиш... деган гапимда жон бор: мен ҳар қанча ботирлик қилган бўлсам
ҳам, кўнглимнинг ости дир-дир этиб турганини тан оламан.
Ҳа. Энди бизам унча-бунча кўрганмиз-да, оға! Лениндан кейин, Сталин бободан кейин ўтган
арбобларниям кўрдик... Тўғри айтасиз, ҳақиқатни кейинроқ тушундиг-у... Ҳа-ҳа, ўртоқ Сталин
ҳаётлигидаям роса ғалати ишлар бўлганди, рост.
Минг-минглаб одамлар «халқ душмани» бўлиб кетган. Анчайин гапнинг устидан...
Энди денг, биз кимсан — Хрушчёвнинг замонида сталинчи бўлиб турган бўлсак...
Мени обориб тиқиб қўйишлари ҳеч гап эмас эди. Сталинни оқлаш — Хрушчёв бобони қоралашга
ўтарди...
Қўйинг-чи, ҳайкални ҳовлининг ўртасига ётқизиб қўйдик...
Мен нодонлик қилиб, паркдаги тагсупаниям кўчириб келтирмаган эканман. Қайтиб борсам, боғнинг
қоровули деворга ишлатаман деб бузиб-ташиб кетибди, нокас.
Кейин у ёққа чопдим-бу ёққа чопдим: уч-тўрт қоп цемент топдим. Сойдан шағал ташиб келиб, су-
пани ўзим ясадим. Қўни-қўшнини чақириб, ҳайкални тикка қилдик. Энди ҳайкалнинг бошини ўрнатиш
қолган эди.
Хайрият, қўшни совхозда арманлар тошдан иморат қураётган экан, чўткачи Рама жўрам: «Шуларга
бор. Ҳар бало қўлидан келади арманининг», деди.
Борсам, ҳақиқатан ҳам биладигани бор экан. Бир тийин олмай, каллани жойига ўрнатиб берди.
Ўлай агар-а, худди ўзидай қилиб берди. Лекин бечоранинг бир кун вақти кетди: иякни яматгач,
ичидан сувади.
Ишонасизми, бир тийин олмай кетди. Тўғри, кейин учта товуқ обориб, димлама қилиб бердим
жўраларига. «Пенсионер бўлмасам, қўй сўярдим», дедим.
Ана энди денг, ҳайкал ҳовлида турипти. Бала-анд! Оппоқ! Мўйлаблари бирам хушрўй. Ўзига
ярашиб... Тоққа қараб турипти. Томдан ҳам баланд-да!
— Эй, доҳий, — деб қўяман онда-сонда. — Қалайсиз, Иосиф Виссаранович?
Ўлай агар, лаблари қимирлагандай бўлади.
— Яхши. Раҳмат сенга, Кимсанбой. Сени билар эдим. Менга садоқатли эдинг! — дегандай бўлади.
Бир кеча ҳақиқатан ҳам гапирди-ёв!
Ой чиқиб турган эди. Уйимдан сал нарида жар бор, қуриб кетгур ахлатхона бўлган. Райондаги бари
синган бутилкани келтириб тўкишади. Яна алламбало чиқиндилар. Ёввойи мушук дейсизми, ит
дейсизми — макон қилиб юборганди. Кундузиям одам боришга қўрқарди. Ўша оқшом нимаям бўлиб,
бир гала ит жуда увлади. Ҳе, увлади. Уйқум қочиб кетди.
Ташқарига чиқсам, ой сутдек ёруғ... Қўрқдимми дейман, эшик тепасидаги лампочкани ёкдим.
САЙЛАНМА. Шукур Холмирзаев. 2-жилд
Do'stlaringiz bilan baham: |