ИНШО: МEН НEЧУН СEВАМАН, ЎЗБEКИСТОННИ?
22 января 2021
МАВЗУ: МEН НEЧУН СEВАМАН, ЎЗБEКИСТОННИ ?
📝РEЖА:
1. Ватани борнинг бахти бор!
2. «Мана мен – Ёшликман!»
3. Ўзбекистон, кўр бўлсам керак,
Гар сени севмасам, сени демасам…
4. Хулоса.
"Ким ўз юртини севмаса, у
ҳеч нарсани сева олмайди".
Жорж Байрон
Меҳрибон ва раҳмли Яратган Эгамга беҳад ҳамду санолар ҳамда беҳисоб шукроналар бўлсинки, Ўзбекистон деб аталмиш жаннатмакон юртни бизга ватан айлади. Бу муқаддас тупроқ жаҳонга қанчадан қанча даҳолар, олиму фузалоларни, шуароларни етиштириб берди. «Ватан не? деб сўрганларга бир кафтгина тупроқ бердим!» дейди шоир. Шу сабаб ҳам ватанга муҳаббат остонадан, она заминдан бошланади. Танимиз ҳам тупроқники – камтарники, демак. Ҳар инсоннинг ўз киндик қони тўкилган тупроғини – она диёрини севиши балки шундандир.
Ватан! У – беминнат. У – бағрикенг. У – суюк. Базан баралла айтгим келади:
- Бахт берди. Ҳар куни иқбол улашди. Бағрида инсонийликни туйиб улғайдим. Ватан менга ўзимни-ўзлигимни танитди, кимлигимни англадим. Ватан туйғуси, ватан муҳаббати томирларим узра жўш ура бошлади. Ватан қўлларимга қалам тутди. Унинг мадҳини бита бошладим. Ватан менга инсонликни, одам бўлиб яшашни ўргатди. Шу юртда буюк боболаримни танидим.
Бугун Ўзбекистон – ёшлар мамлакати! Ҳар бир фарзандининг орзу-истаклари учун қанот бермоқда. Аммо бу доруломон кунларга эришгунча юртимиз бошига қанчадан қанча мусибатлар тушмаган дейсиз. Ўзбек халқи қанчалар оғир кечмишларни бошидан кечирсада, доим эрк истади, озодликка интилди, яхши кунларни орзулади ва эришди. Марифатпарвар адиб ватандошимиз Абдурауф Фитрат ўз китобида ватанининг қайғуси ва тақдири ҳақида шундай ёзади:
«Эй улуғ Турон… Сен менинг ватанимсан…
Юртим, Туроним, сендан айрилмоқ – менинг ўлимим. Сенинг учун ўлмоқ – менинг тириклигимдир. Паноҳим, саждагоҳим, умидим! Ётларинг сени шу куйгами солдилар? Золимлар сени кимсасизми кўрдилар? Йўқ, сен кимсасиз эмассан. Мана, мен чин кўнглум билан сенинг йўлингда ўлурға рози… Мен сенинг учун яшарман, сенинг учун ўлурман. Эй туркликнинг муқаддас ўчоғи! Ўлим – сенинг ўлимингни истаганларга, нафрат – сени кўмгани келганларга!».
Чин марифатпарвар адиб Абдурауф Фитрат қалбидаги бу чин ватанпарварлик ҳисси ва ватанга бўлган тамасиз муҳаббат унга – она сути, она алласи, она бағри ва она меҳр-муҳаббати билан сингиган бўлса ажаб эмас. Фитрат шеърларини мутолаа қилар эканман, «Ватанни қандай севадилар?», деган саволга беихтиёр жавоб топаман. Бу муқаддас заминда яна кўплаб буюк даҳолар ўтганки, уларнинг асарларини ўқиш-ўрганиш ватанни янада қадрлаш ва асраб-авайлашга чорлайди.
Халқда бир мақол бор: «Бадқавм бўлсанг, бўл, Беқавм бўлма.» Яни ёмон қавмдан бўлсанг ҳам, ундан айрилма. Чунки сен ундансан, ўша қавм аҳлидирсан. Зотан, саҳрода ўрмалаб юрган жониворлар ҳам туғилишиданоқ ўз маконларини биладилар, ҳавода учувчи қушлар ҳам, денгиз ва дарёдаги балиқлар ҳам ўз ошёнларини танийдилар, ҳис қиладилар. Ҳатто болари ҳам ўз уясини муҳофаза қилади. Шунингдек, одамлар ҳам қаерда туғилиб, парвариш топсалар – ўша ерга чексиз меҳру муҳаббат қўядилар. Ва инсон қалбидаги энг буюк жасорат ҳам ана шу муҳаббат туфайли юзага келади. Инсон ўзини ватанга қанчалар яқин ҳис этса, уни шу қадар жонли вужуд каби аниқроқ ва севимлироқ тасаввур қилади. Ҳар кимнинг қалбида ўз ватанининг, халқининг жажжи қиёфаси яшайди. Энг муҳими, бу – ватанга муҳаббат туйғуси! Бинобарин, шу муҳаббат барча мушкулотларни осон ҳал қилишда куч-қувват беради, жасоратга ундайди. Акс ҳолда, ватансиз инсонга бахт йўқдир. Ватанлиликнинг ўзи бахтдир. Айниқса, «Ўзбекистон – менинг ватаним!», деган ҳар киши нақадар саодатманд эканини унитмасин. Ҳазрат Алишер Навоий бежиз бундай ёзмаган:
«Ватан таркини бир нафас айлама,
Яна ранжи ғурбат ҳавас айлама…»
Зеро, ватани борнинг бахти бор. Бу ҳикмат донишманд ўзбек халқидан неча асрлар оша бизларгача етиб келган қалб ва тафаккур ҳосиласидир.
«Мана, мен – Ёшликман!
Ҳеч олмасман тин.
Ватан, бир корингга келар ярагим…
Менга бор дардингни айтишинг мумкин,
Бугун жуссамдан ҳам катта юрагим.
Бола эдим етаклаб юргувчи отам
Кафтида авайлаб, суйиб ўстирди.
Йиқилсам, қўлимдан тутгувчи – ватан
Суянчиғим бўлиб суяб ўстирди.
Бунда шамоллар ҳам майин елади,
Қайдан топгум бундай офтобистонни?
-Энди менга суян, дегим келади,
Шарт бағримга босиб Ўзбекистонни!»
Юқорида бежизга «Мен – Ёшликман», дея фахр билан айтмадим. Сабаби, ҳеч иккиланмай айта оламанки, бугун Ўзбекистон – ёшлар мамлакати! Мен ҳам шу азиз ватаннинг бахтиёр фарзандиман ва мен ватанимдан миннатдорман. У менга фақат берди, борини берди. Фақат озор бермади. Ҳаммамиз ҳам озор кўрганмиз. Кимдир қалбимизни оғритган бўлиши мумкин. Аммо, айтингчи, дўстим, ватан сизга ҳеч озор етказганми, бағридан итарганми? Йўқ. У онамиз каби беозор, томирларимиз ичра югураётган қондек ҳаёт бахш этади бизга. Ватан, қандай яхшисан! Мен сенга керак бўлмоқни, бир корингга ярамоқни хоҳлайман.
Болаликнинг узун тунларида онам айтган ҳаёт қўшиғи – алла, отам куйлаган Машраб ғазаллари, бибим ўқиб берган ҳадислар қалбимда, онгу шууримда ватан ҳиссини жо айлаб мени адабиётга, эзгуликка ошно айлади. Ўша алла миттижон руҳимни суғорган улкан дарёга айланди. Сўқир кўзларимга гўё нафас мисоли ватан меҳридан сўқмоқлар очди. Отам куйлар ғазаллар шеърият аталмиш яна бир гулистон ила қалбимни, руҳимни эмлади. Хуллас, ҳақиқий ватан ҳиссини, асл бахт нимада эканини, ҳаёт маносини, ўзимни-ўзлигимни англаб етмоққа кўмаклашди. Унга мин ташаккур, минг раҳмат!
Она ватаним – Ўзбекистоним! Сенга ошно бўлганимдан бери сирдошим ўзингсан. Орзую армонларимни сенда кўраман. Қуёш, ўз маскани бўлмиш осмонни тарк этсада, кўзларимни юмсамда, нурсиз кунларимдада сен қалбимда порлаб тураверасан. Кўнгил озорларимни яшириб, дардларимга малҳам бўласан. Ҳамиша ботмас қуёш сингари умр йўлларимни ёритиб, илиқлик бахш этасан ҳаётимга. Ватаним, сенга ошноман, сенга шайдоман. Юрагимда куртаклаган муҳаббат ҳам сен. Энг покиза ҳисларим, мунаввар орзуларим сен ила тотли. Сен мени ҳеч алдамадинг. Сенинг бирла ҳеч адашмадим.
Ўзимга бўлган ишонч, келажакка умид – буларнинг барча-барчасини англашимга ёлғиз сабабкоримдан кейин сен сабабкорсан. Менинг муҳаббатим ҳам, хижроним ҳам ёлғиз сен. Тунларимни тонгга улаган, онггимда, шууримда, хаёлларимда гуллаган ўша қип-қизил атиргул япроқларида сени кўраман. Лолавор руҳимни юпатган ҳам ёлғиз сен.
Мен бахтиёрман! Сабаби, буюклар юрти – Ўзбекистон фарзандиман!
Ўзбекистон – юрагим кўзгуси, орзуларим беланчаги, юксакларда порлаб турган умидим юлдузи, қалбимнинг калити, умримнинг мазмуни, ҳаётимдаги энг бебаҳо, жонимданда азизроқ маъвосан. Сенсиз яшаб бўларканми? Сен тобора кўнглимга, ўзимга, умримга айланиб бораяпсан, она ватаним – Ўзбекистоним. Шунинг учун сени яхши кўраман. Сенга минг бор раҳмат, минг бор ташаккур – садоқатга оид бўлганинг учун, онамга тенг-лойиқ бўлганинг учун! Мен ҳеч иккиланмасдан Ўзбекистонни ёшлар мамлакати дея оламан. Демак, Ўзбекистон – ёшлар мамлакати экан, биз ёшлар ҳам шу ватанга муносиб бўлишимиз, қанчадан қанча машаққатлар эвазига қўлга киритилган мустақиллигимизни, Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев саъй-ҳаракатлари билан кечаётган эркин ва фаровон турмушимизни, тинч ва осуда ҳаётимизни кўз-қорачиғимиздек асрашимиз, унинг ғурури, фахру ифтихори ҳам бўлмоғимиз лозим. Ватан равнақи, тараққиётига озгина бўлсада ўз ҳиссамни қўшдимми?, деган саволни ўз-ўзимизга ҳар куни бермоғимиз керак.
Зеро, ватан тараққиётига лоқайд қарамаган инсонлар жамиятигина юксак марраларни забт этишга қодир!
Буни ҳам эшитинг! Бугун мен: «Менга имконият беринглар, ўзимни кўрсатиб, бор масулиятни ўз зиммамга олиб ватаним равнақи йўлида ўз ҳиссамни қўшаман!», деяётирман.
Ўзбекистон, кўр бўлсам керак,
Гар сени севмасам, сени демасам…!
Ўзбекистон, шубҳасиз, дунёдаги энг қадимий ва бетакрор ўлкалардан биридир. Уни умрида бир бор кўриш орзусида юрганлар қанча. Биз эса бетакрор мана шу замин бағрида яшаймиз, унинг мусаффо ҳавосидан, зилол сувларидан, беқиёс нематларидан баҳраманд бўламиз. Бундай бахт ҳаммага ҳам насиб этмайди. Ўзбекистонга минг-минглаб сайёҳлар ташриф буюради ва уларнинг барчаси бу тароватли, серқуёш замин уларни ўзига мафтун этгани ҳақида тўлқинланиб, ҳаяжонланиб сўзлашади. Ҳақиқатан ҳам, ватанимиз – Ўзбекистон дунё ҳавас қиларли бой манавий меросга ҳам эга. Самарқанд, Бухоро, Хива, Тошкент, Қарши, Термиз, Кармана, Қўқон, Шаҳрисабз, Марғилон каби қадимий шаҳарларимиздаги ноёб обидалар ҳам бизнинг бетакрор манавиятимиз кўзгусидир. Ўзим ҳам иймон-этиқод бешиги Бухородек шариф шаҳар фарзандиман. Бухорога бўлган меҳримга, аввало, Қодир Эгам, сўнг қаламим ва қалбим гувоҳдир. Зотан, устозим айтганларидек: «Бухоро ҳаммамизга – она! Она эса барибир Онада!» Шундан илҳомланган шеърим бор:
Сенда бўлган ҳар бир юрак ором олар, ватаним!
Боғларингда қушлар бахтдан наво қилар, ватаним!
Мен ўзбекман, йўқ армоним, сен бўстоним-чаманим,
Сенга севгим-садоқатим, фидо сенга жон-таним!
Ҳар битта мамлакатнинг манавий бойлиги бугунги кунда халқининг билими, дунёқараши ва манавий савияси билан ўлчанади. Чунки ҳозирги давр – ахборот даври, янги-янги техналогиялар давридир. Кимнинг билими кучли бўлса, ҳамиша олдинда бўлади. Аввало, юртимиздаги аҳолининг деярли юз фоизи саводли экани бизнинг улкан манавий бойлигимиздир. Негаки, саводли одам китоб, газета ўқийди, телевизор кўриб, радио эшитиб, улардан ўзича хулоса чиқара олади. Энг муҳими, ўз ватанидан туриб дунёдан огоҳ ва замон билан ҳамнафас бўлиб яшайди. «Мозийга қайтиб иш кўрмоқ хайрликдир», деган эди Абдулла Қодирий. Биз ҳам мозийга назар ташласак, ўзбек халқи қадим-қадимдан буюк алломалари билан дунёга танилган эди. Мусулмон оламида тан олинган олтита улуғ муҳаддисларнинг учтаси бизнинг юрт фарзандларидир. Булар – Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Насоийдир. Шундайин буюк инсонларни етиштирган юрт фарзанди эканимдан фахр туяман. Бу ҳис, ўз навбатида, ўзимга бўлган ишонч, келажакка умид, елкамга эса улкан масулият юклайди.
Ватан! Ватан! Ватан! Қалбдан отилади бу сўз. Ҳар қанча такрорласам ҳам оҳори тўкилмайди. Улкан куч, чексиз қудрат, таянч мавжуд бу улуғ сўзда. Ватан дея, ватан учун яшаётган одамгина шу гўзал сўзни меҳр билан, муҳаббат билан тилга олади, дилида виқор, руҳида салобат сезади. Ватан, сен учун нима қилдим? Умрим бино бўлиб, энг узун ҳаёт кечирсамда, сен менга бергандек буюк нематни сенга ҳадя этолмасман, сендаги қарзимни узолмасман. Мен сенинг олдингда хасчалик ожизман. Сен буюксан, ватаним! Сен менга борлиқни англатдинг, сен менга тинчликни бердинг. Она табиат гўзалликларию дунё мўъжизаларини кўра олишим, улардан баҳраманд бўлишим учун энг улкан бойликни ҳадя этдинг. Сен менга туҳфа этканларинг менда, фақат менда бордек гўё. Менда сен борсан, сенда мен борман. Сенда тинчлик бор, сенда осойишта ҳаётим, обод турмушим, нурафшон тонгим, чароғон туним, хотиржам уйқум бор. Сенда оиламнинг тинчлиги, яқинларим бахти, болажонлар кулгуси мужассам. Сенда маҳалламнинг озодалиги, юртдошларимнинг тотувлиги, халқимиз фаровонлиги, миллатлар аҳиллиги мавжуд. Сенда бахтсизликни кўрмайман, чунки биргина камчиликни ювиб ташловчи ўнлаб ютуқларинг бор. Сенда кўз кўриб, қулоқ эшитмайдиган миқдорда энг катта бойлигим- бахтим бор. Бу бахт не?, деб сўрасалар, сендаги тинчликни манзил сифатида кўрсатаман.
Тинчликка, осойишталикка, хотиржамликка нима етади?
Ким соғликни тинчликсиз кўра олади? Ким оилавий бахт тинчликсиз ҳам бўлаверади дея олади, айтинг?...
Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуфни халқона ёзади,- дейишади. Сабаби у ватанини онаси сиймосида кўради. “Ватанни мен шундай тасаввур қиламан – у онамдай гўзал, онамдай хокисор. Онамни яхши кўрганларнинг ҳаммаси менинг дўстим. Лекин менинг онам ҳақида биров ёмон гапирса, унга тош отса уни қўлини уриб синдираман. Ватан деганда мен шуни тушунаман. Нодар Думбадзедан «Ватан нима?», деб сўрашганда, « Ватан – шунақа нарсаки, уни айтганингда одам жонини беришга тайёр бўлиши керак, номини эшитишинг билан жонинг чиқиб кетиши керак», деб жавоб берган. У ана шундай, тасаввуримда у – менинг онам. Мен уни ҳечкимга ишонмайман, ҳеч кимга бермайман ва ҳеч кимга ҳақорат ҳам қилдириб қўймайман!” Онам ниҳоятда кўнгилчан, заҳматкаш бир аёл. Гоҳи ростанам шу аёлнинг фарзандиманми?, деб қоламан. Чунки жиззаки, қайсар, дангасалигимнинг чегараси йўқ. Телевизорда шеър о ъқисам йиғлайди, китобим чиқса яна кўз ёш қилади. Биров мақтаса йиғлайди, ғийбат қилса яна йиғлайди. Оналар болаларини дунёга келтиради, болалари эса уни ўртаб адойи тамом қиладилар. Онамни ёшлигида ниҳоятда гўзал аёл бўлган дейишади. Билмадим. Мактабни битириб онамга разм солсам анча кексайиб қолган эди. Юзи, пешонасидаги ажинлари орасидан мен жилмайиб турардим, деб ёзади шоир. Қизиқ, юқорида Муҳаммад Юсуф ватани ҳақида сўз айтганми ё бўлмаса онаси ҳақидами?, деган саволга: У «Она ватан» ҳақида гапирган, дея жавоб берамиз.
Мен дунёни нима қилдим?
Ўзинг ёруғ жаҳоним.
Ўзим ҳоқон,
Ўзим султон,
Сен тахти сулаймоним.
Ёлғизим-ягонам дейми,
Топинган кошонам дейми,
Ўзинг менинг улуғлардан
Улуғимсан, ватаним!
Шодон куним гул отган сен,
Чечак отган изимга.
Нолон куним юпатган сен,
Юзинг босиб юзимга.
Синглим дейми,
Онам дейми,
Ҳамдард- у ҳамхонам дейми?
Офтобдан ҳам ўзинг меҳри
Илиғимсан, ватаним!
Шоир ватанини ана шундай яхши кўради:
-Менинг ватаним – менинг онам. Дунёда ундан гўзал йўқ. Дунёда ундан ҳалол йўқ, ундан кечирувчан йўқ, ундан меҳрибон йўқ. У нима қилсанг ҳам кечиради. Сен ҳам худди шундай меҳрибонсан, ватаним! Тинч ва осойишта кунларинг қадринида билмаганлар – бир сиқим тупроғингга зор бўлмайдими, ахир? Ватан деб бағри-дили қон бўлган, жонини сенинг сарҳадларинг ҳимояси учун қурбон қилганлар руҳи ҳурмати, сен инъом этган ўша бебаҳо бойликни асраш учун азиз жонидан кечган аждодларимиз розилиги учун тинчлигингга раҳна солмоқчи бўлганларни, оппоқ тонгдек ҳаётингга тун чўктирмоқни ўйлаган нокасларни, хоинларни яқинингга йўлатма!
Фарзанд бўлса ўз бағрингни юлиб чиққан,
Сен уларни фарзандим ҳам дема, ватаним!.
Do'stlaringiz bilan baham: |