САЙЛАНМА. Шукур Холмирзаев. 2-жилд
www.ziyouz.com кутубхонаси
41
ЯШИЛ «НИВА»
Аввало, шуни айтишим керакки, биз томоннинг одамлари анча серандиша келади. Бунинг тарихий
илдизлари бор: биз катталарга — хусусан, ёши улуғлар-у лавозимли шахсларга таъзим қилиб
ўрганганмиз.
Йўғасам замонга қарамайсанми денг. Социализмдан путур кетгани аниқ: Прибалтикада
Мустақиллик учун намойишлар бўляпти. Тошкент ҳам тинчини йўқотган...
Бизда эса Бағдоддагидек осойишталик.
Тўғри, биздаям «диктатор арбоб»ларга қарши чиқишлар бўп турарди: шундаям азоб-у камситишлар
жонидан ўтиб суягига етганлар...
Курбақани боссанг ҳам, «вақ» дейди-ку?
Бироқ, онт ичиб айтаманки, гап бунда ҳам эмас.
Нимагаки, шахсан менга ўхшайдиган зиёли ҳамма ерда бор. Ва мен тилга олмоқчи бўлган (садқаи
тилга олиш кетсин!) «диктатор амалдор» ҳам бошқа областларимиздан топилади. Пироварди, яшил
«Нива»нинг ҳам уруғи сероб. Қолаверса, ўша баланд — Оқдовонга ўхшаш довонлар ҳам
республикамизда кўп.
Хуллас, ...га бораётиб эдик — юртга, шаҳримизга. Мана шу қизил «Жигули»дамиз: хотиним, ўғлим,
қизим.
Ўзим рулдаман.
Йўлимиз Оқдовондан ўтиши керак.
Довон эса, ҳалигидай бир «диктатор»нинг совхозига қарайди.
Илгарилари бу ёққа йўлим тушса ҳам, қайтишда ҳам
довонни четлаб, чўл орқали кетардим: у ёқ
тинч, йўли текис, энг муҳими — «диктатор» йўқ.
Бу гал жуда шошиб тургандик: соат 12 да инсти-тутда бўлишим керак: дарсим бор. Сўнгра не бир
хаёл билан: «Баҳор-ку? Болалар ҳам бир яйрасин, томоша қилсин», деб уларниям олволгандим.
Ҳа-ҳа, довоннинг йўли яқин-да!
Хуллас, шаҳардан чиқдик.
Тоғ этагида кабоб пиширадиган битта кафе бор. Ўша ерда тўхтаб, икки сихдан кабоб едик. Бир
пиёладан чой ичдик. Кейин яна йўлга тушдик.
Йўл денг, тоғ бағирлаб кетади.
Ҳамма ёқ яшнаган. Дўланалар оппоқ гуллаган. Наъматаклар ҳам роса очилган. Бутун дунёнинг бул-
були шу ерларга йиғилиб келгандай: ҳар шохда чағ-чағлайди.
Этакда сой бор, нари бетларда — қор.
Шундай қилиб,
атрофни томошалаб, жуда хушнуд кайфиятда кетаётиб эдик.
Машинанинг тезлиги
ўрта-ча— соатига эллик-олтмиш километр.
Кетаяпмиз-у, кўнглимнинг остида бир тахлика пайдо бўлди. «Диктатор» учраб қолмасин-да».
Тўғри, у бизни еб қўймасди. Аммо унинг қилмишлари — даҳшат! Анчайин салом бермай ўтган
ўсмирни оёғидан остирган...
Хуллас, бурилишдан ўтаётиб эдик, шундай қийғос гуллаган олмалар ичидан битта яшил «Нива» лоп
этиб чиқди-ю, олдимизга тушиб, секин кета бошлади. Не кўз билан кўрайки, худди ўшанинг машинаси!
Машҳур машина!.. «Диктатор директор» деяпман-у, илтимос, уни жиндак эслашиб олайлик. Хўш, у
кимса — ўша райком секретарларини алмаштириб юрганлардан бири... Ўз
билганингизни тасаввур
қилаверинг. Уларнинг бари бир-бирига ўхшайди. Пул билан мансабга чиқиб олган.
Кейин давлат
планларини халқни қулдай ишлатиб, тағин припис-мрипис билан ошириб бажариб, герой бўлган. Кейин
Марказқўмдан ҳимоячи — «ака» топган. Балки ўша «ака» туфайли «герой» бўлган. Хуллас,
аканинг
«очил дастурхон»ига айланган, бу ёкда ўзларига хон — ўзларига бек бўлган киши...
Бизга ўхшаган одам — институтнинг оддий ўқитувчилари ҳам у кишим учун бир чигиртка: чертса,
учиб кетамиз.
Дарвоқе, бу одамнинг зулми институтни ҳам забт этган, ректоримиз, — бечора бир яхши одам, —
унинг номини эшитса зириллар эди: унинг қишлоғидан ёки қариндошларидан биронта бола ўқиётган
бўлса, аввало ўшанинг кўнглини олиш пайида, ўргулиб-ўртаниб юрарди.
Лекин унинг устидан ёза-ёз ҳам кўпайган, қаерлардадир ғалаёнлар бўлгани ҳақидаям эшитардик.