www.ziyouz.com кутубхонаси
39
— Қўрқмайсан, а?
— Ҳақ гапни айтишгами?
— Бунинг маккорлигини кўринг, Козим!
— Қўлдош ака, Усаржон ёш... Ёшлик қиляпти энди. Ўсар, сиз ҳам бир гапдан қолинг, ука... Нима
фойдаси бор. Қаранглар, ҳаво қандай яхши!
— Анави қарасин! — деди Қўлдош Ботир. — Буларни биламан... Мана шу ҳаводанам айб топишади.
Сенларними...
— Қўлдош ака, етар, — деди Ўсар. — У даврлар ўтиб кетди. Мен ишонаман, ҳозирги даврлар ҳам
ўтади.
— Бу нима деганинг?
— Сиз мақтаб юрган қаҳрамонларнинг давриям ўтади, деяпман.
— Вой-вой. Козимжон?
Козим Пухтаев хўрсинди.
— Энди ҳаётда ҳар нарса бўлиши мумкин, Ўсарнинг гапидаям жон бўлиши мумкин.
— Нега мумкин дейсиз? — Ўсар Пухтаевга тик қаради.
— Э, энди менга ёпишасизми? — деди Козим Пухтаев. — Ғалати экансиз. Сизларни муросага
чақирмоқчи бўлсам...
— Керак эмас.
— Керак бўлмаса... ана, катта йўл!
— Эсиз, Козим ака. Яхши талантингиз бор. Лекин қўрқоқсиз. Бугунги кун ҳақида ёзишдан қўрқасиз,
кейин бир гап бўлиб қолмасмикан деб...
— Э! — Козим Пухтаев турган ерида гир айланиб кетди. — Қўлдош ака, бу йигит бўлганича бўлган
экан-ку!
— Мен нима деяпман, ука!
— Сиз ўзи адабиёт нималигини биласизми? Билмас экансиз. Биров тарихий мавзуда ёзади...
— Сизам илгари замонавий мавзуда машқ қилгансиз.
— Сиз ўзи нимани қотириб қўйдингиз-а? Нимага мунча кариллайсиз? Сизга ким ҳуқуқ берди?
— Ҳуқуқни... касбим берди. Бир нарсани қотириб қўйган бўлмасам, бунга биринчидан сизлар
айбдор... Сизларнинг изингиздан юриб ёзолмаганмиз.
— Ана холос!
— Лекин келажакда ёзаман.
— Олдин ёзиб кўрсатинг. Кейин гапирасиз.
— Ничево... Энди ёзаман.
— Ёзиб бў-ўпти! — деди Қўлдош Ботир. — Ҳозирги ёшларнинг ҳаммаси шундай.
— Кўрамиз-да.
— Бўлмасам... бизгаям кўрсат! Йўл кўрсат!
Улар иттифоқо сергак тортишди. Совуқ Козим Пух-таевнинг ҳам жонидан ўтди. Қўлдош Ботир эса,
тизза бўйи қор ичида турарди.
— Нега тўхтаб қолдик? — деди Ўсар Усмон.
— Сени ўтишингни кутиб!
— Йўқ. Юролмай қолдингиз.
— Бўлмаса, сен юр!
— Дарвоқе, сиз ёшсиз-ку? Бир йўл очиб беринг-чи. Қор қалин экан, — деди Козим Пухтаев. — Шу
ергача бизнинг изимиздан келдингиз. Сира қийналмай...
Ўсар Усмон бир сония сукут қилди-да, шахд билан қайтиб кетди. Иморат ертўласидан куракни олиб
келиб, булардан олдинга ўтди ва йўлканинг қорини курай бошлади.
Қор қалин. Куралган қор олдинда куртук бўлиб қолар, Ўсар уни гоҳ ўнгга, гоҳ сўлга отар ва тағин
олдинга сурар эди. Ниҳоят, сўқмоқ охирига етди. У терга ботган, бўйин-бошидан буғ кўтарилар эди.
Куракни елкага қўйиб қайтди.
Козим Пухтаев билан Қўлдош Ботир қори илк бор сурилган ерда депсиниб туришарди.
— Марҳамат! — деди Усар. — Йўл очиқ! — Икки қадам ўтгач, бурилди. — Йўл очиш мана бундай
бўлади... Нима деманглар, бари-бир, катта йўлни ёшлар очар экан.
САЙЛАНМА. Шукур Холмирзаев. 2-жилд
Do'stlaringiz bilan baham: |