САЙЛАНМА. Шукур Холмирзаев. 2-жилд
www.ziyouz.com кутубхонаси
141
— О, албатта! — дедим.
— Раҳмат... Мен жуда маза қилдим, — давом этди у. — Худо урсин агар, сизни... шунақа бўлсалар
керак, деб ўйлаб эдим. Рост чиқди.
Мен фикрини тушунган эдим. Конякдан яна отдим-да, дадилланиб:
—
Яхши тушунмадим, — дедим.
У башарамга боқиб турди-да, бу ёмғирли тунни тўлдириб кулиб юборди.
Тасаввур этинг, мен ҳам унга қўшилиб кула бошладим. Табиий, қандайдир айбимними-гуноҳимни
яшириб кулар эдим. У бўлса... балки у ҳам ўшандай айбиними-гуноҳиними бекитиб кулар эди.
... Болтабой келгач, яна бироз ўтирдик. Сўнгра Зумрадни Қўштегирмонга оптушиб қўйдик.
У хўшлашаётиб:
— Ёзиб туринг. Ёзмай қўйдингиз, — деди.
— Албатта ёзаман! — дедим.
Аммо ҳали нимани қандай ёзишни билмас эдим.
Билмас эдим-у, тезроқ тоққа-қишлоққа кетгим келар, поли остида
каламушлар гудур-гудур этиб
чопадиган ҳужрамга киришни, курсига ўтириб, деразани очиш ва чироғим ёнгани туфайли... сойнинг у
бетларидан ҳура бошлаган итлар томонга тикилишни истар эдим!
... Тонг ёришавериб, қишлоққа етдик!
Меҳмонхона олдида Мисир айланиб, афтидан, хавотирланиб турган экан.
— Хўш кўрдик-е! — деб бақирди.
— Хўшвақт бўлинг, — дедим.
— Булбул роса сайраяпти-да! — Ҳа..
— Ҳиди келяпти. Отибсиз-да? — Ҳа..
— Дам оласизми, ё шу ерда беш-ўн минут ўтирамизми? Булутлар ҳам тарқаб кетди.
Болтабой меҳмонхонадан Мисирга курси чиқарди. Гужумча остига қўйди. Ўтирдик.
Мен ҳолдан тойган эдим: уйқусизлик, йўл азоби... Лекин руҳим тетик,
кайфият юксак, тағин бир
кунлар ухламасам ва йўл боссам мумкиндек эди.
Энди хулоса қилайми?
Хулоса шулки, азизим, дунё ўтар экан! Тузумлар ўтар экан! Шайхзода домла айтганларидек, эл-улус
қолар экан. Анави содда қиз-жувон айтганидек — табиат, тун, тоғлар, ўрмонлар, борлиқ қолар экан!
Биз ҳар қанча мавҳум-мунгли хаёлларга чўмиб, руҳий тушкунликларга тушмайлик, яшашга маҳкум
эканмиз ва борлиқни севиб яшашимиз лозим экан!
Эртага нима бўлади? Аҳволимиз қандай кечади?
Бу саволлар ўз-ўзидан ечилаверар экан. Чунки инсон минг-минг
йиллардан бери яшаб ва сон-
саноқсиз салтанатларнинг инқирозини кўриб, демак...
Ўшанда ҳам кўп ғамлар чекиб, кўп саволларга жавоб бера
олмасдан ва Мисир айтганидек, «бир
терининг ичида неча бор озиб, неча бор семириб» келаётган экан, демак, эртамас-бурускун яна янги ва
мислсиз бир салтанатда яшаши аниқ: инсоннинг табиати ўзи шуни тақозо этади.
Ва унинг табиати яшашдан завқланишни ҳам, руҳий тушкунлик яхшиликка олиб бормаслигини ҳам,
жуда нари борса — менга ўхшаш кишиларнинг ҳаётдан бир муддат совиб...
... қандайдир тўхтамга етиб келишини ҳам тақозо этар экан.
У тўхтам нималигини айтдим шекилли?
Раҳмат.
1992