www.ziyouz.com кутубхонаси
139
Аммо, табиий, бунинг қизиқиши — истисно эди!
Бу, табиийки, менга яхшилик ниятида эмас, ўзининг қизиқишини қондириш учун чиққанди: энди, бу
ҳолга унинг қандайдир зерикиши ва ана шу ҳисни ҳам бир миқдор қондиришга эҳтиёжи сабаб
бўлгандир...
Мен тағин бир нарсани аниқ туя бошлаган эдим: ҳозир ўртамизда нимадир бўлиши керак.
Шу мени ҳаяжонга сола бошлаган ва ўша қандайдир иш содир бўлгандан кейин «нима бўлажаги»
қизиқтирар эди.
Тағин биттадан ичдик. Шунда йиғилган ўтин-чўп камайиб қолди. Ёмғир эса кучайди: демак, тезроқ
ўтин жамғармасам, бориям нам тортиб қолади.
Чопонни ечиб ташлаб, сапчиб ўрнимдан турдим-да, атрофда қолган тикан, каврак ва бодомчаларни
юла кетдим.
Зумрад эса туриб, тошга ўтириб олди: кўзларида шундай қизиқиш ва ёрқин кулги бор эдики, мени
томоша қилар, ҳамда, нима десам экан, бу ишларни...
...гўё фақат унинг учун қилаётгандек туюлардим шекилли!
Бу ҳолатни аниқ сезганимдан кейин тикан юлишга бот киришиб кетдим ва ҳадемай толиқиб қолдим:
мен Болтабой эмасдим... Лекин юлаяпман! Шу, баъзи бодомчаларни қисимлаб тортсам, лаънати жилла
суғурилмайди денг, қўлим сирғалиб чиқиб кетади. Кафтимга қарасам: қон...
Шунда фаҳмлаб қолдимки, унинг — ўн саккиз яшар жувоннинг олдида ўзимни ёш, бақувват
кўрсатмоқчи бўлаётган эканман!
Нега?
Билмайман.
16
Оқибат талайгина ўтин жамғариб ва Болтабойдек тепкилаб, қўлни ҳам чўнг қоя ёриғидан сизаётган
сувга чайиб олгач, жойимга ўтирдим. Чопонни эгнимга ёпдим.
Зумрад эса, бериги тош ёнига ўтириб ёнбошлади-да, оёқларини биқинимдан орқага узатиб юборди.
Унинг бутун вужуди-борлиғи қаршимда эди: мана мен, деб ётарди...
Тағин битта отганимдан кейин кўнглим бузилди: «Э, худо, — дедим. — Бутун болалигим давомида
шундай бир қизни... шундай тоғлар орасида, арчазорлар бағрида кўришни орзу қилдим! Мана бугун у
баайни қоя бағридан чиқиб келди. Лекин...
.. бугун!
Бу ёш, тажрибасиз...
Мен эсам, даққиюнусдан қолган... Яъни, ҳар қандай ишнинг оқибатига ақлим етадиган кишиман:
агар янада очиқроқ айтсам, мундай:
Дейлик,мен ҳозир унга қўл узатсам, шубҳасиз, қўлимни ушлайди. Кейин...
Ундан кейин бунинг менга қизиғи қоладими? Майли, бир неча минут ёки соатга бўлса-да?
Менинг асл мақсадим нима?
Сал-пал тирилиш... руҳни тиклаш, маънолироқ яшай бошлаш ва ижодга қайтиш-ку?
Мана келдим: руҳимда озми-кўпми ўзгаришлар бўла бошлади. Яъни, кимларнидир дафъатан
ёқтирмай қолган бўлсам, кимларнидир ёқтира бошладим. Ва яна муҳими...
«Энди нима бўлади? Ҳаёт қандай йўлдан кетади?
Эртанги кун қандай бўлади?» деган инжиқ саволлардан халос бўла бошладим». Мисирнинг
одамларни иш-латиши ва ўзининг ҳам тинмаслиги, боз устига, «парво қилманг, ҳаёт яхши бўлиб
кетади», деган гаплари ҳам менга таъсир этган эди.
17
Энди бўлса, ёшлигим билан бетма-бет ўтирардим: ҳа, қаршимда Зумрад...
...менинг орзуларим, ҳаяжонли хаёлларимнинг бугунги кундаги рўёби эди.
Мен ҳам кўнглимнинг аллақаерида ёшгина ўспирин эдим! Аммо моҳиятим, умрим, борлиғим билан
ўзга, ёши ўтинқираётган кимса эдим...
САЙЛАНМА. Шукур Холмирзаев. 2-жилд
Do'stlaringiz bilan baham: |