кўпайиш учун» керакли нарсани олса бас, деган хулосага келади. Бу ҳолатни В.Петти
назарий жиҳатдан исботламоқчи бўлди. У ўйладики, агар ишчиларга кўрсатилган
минимумдан, масалан, икки ҳисса кўп ҳақ тўланса, улар икки марта камроқ ишлайдилар.
Тирикчилик учун зарур маблағлар назарияси хато бўлиб, аввало ишчи кучи
қийматига кирувчи тарихий ва аҳлоқий элементларни ўз ичига олади. Шу билан бирга бу
назариянинг ижобий томони ҳам мавжуд бўлиб, ишчилар ўзлари яратган қийматнинг
фақат бир қисмини (тирикчилик учун керакли минимум маблағни) олаѐтгани маълум
бўлиб қолди. Меҳнат туфайли юзага келган қийматнинг бошқа қисми эса қўшимча
меҳнат натижаси сифатида намоѐн бўлади, бу қўшимча қиймат унингча рентадир.
У ишлаб чиқармайдиган аҳолига - диндорлар, адвокат, амалдорларга салбий
муносабатда бўлди, худди шунингдек у сотувчилар сонини ҳам кескин камайтириш
тарафдори эди. Тадбиркорлар ва ер эгаларининг даромадларини белгилаш учун умумий
бўлган «рента» тушунчаси киритилади.
В.Петти рента назариясини ишлаб чиқди (сиз ҳам рентани бир эсланг). Унинг
фикрича, рента маҳсулот (натура) кўринишида иш ҳақи ва уруғликни ажратгандан кейин
қоладиган маҳсулот миқдорига тенг бўлиши керак. Демак, бу ҳолда рента қўшимча
маҳсулотга тенг. Пул ҳолидаги рента қўшимча маҳсулотнинг кумуш миқдорига тенг
қийматидир.
В.Петтида фойда тушунчаси алоҳида категория шаклида йўқ, рента барча қўшимча
қийматга тенг миқдор деб баҳоланади. Шу сабабли рента тўғрисидаги назарияда амалда
қўшимча қиймат ҳақида гап боради. Қийматни меҳнат сарфлари сифатида қараб, В.Петти
бирин-кетин рента (қўшимча қиймат)ни қўшимча меҳнат натижаси эканлигини
аниқлайди. Буни фермернинг фойдаси сифатида ҳам қарайди.
Иш ҳақи ва рентани меҳнат асосида юзага келган қийматнинг бир бўлаги сифатида
таҳлил этиб, Петти муҳим хулоса чиқарадики, унга кўра иш ҳақи ва рента бир-бирига
қарши. Масалан, дейди у, бир бушель (36.4 кг) буғдой 60 пенсдан сотилади, ундан 20
пенси ер рентасига, 40 пенси ер эгасининг иш ҳақи сифатида берилса ва иш ҳақи 1/8 га
ѐки кунига 8 дан 9 пенсга кўтарилса, ер эгасининг 1 бушель буғдойдаги ҳиссаси 40 дан 45
га кўтарилади, ер рентаси эса 20 дан 15 пенсга (яъни 5 пенсга) камаяди.
В.Петти рентанинг келиб чиқиши тўғрисида ҳам муҳим ва қизиқарли фикрларни
беради (умуман, рента абсолют ва дифференциал бўлади). Дифференциал рентанинг
келиб чиқишини у ернинг камлиги ва ер участкаларининг турлича жойлашганлиги билан
тушунтиради (биринчи сабаб, яъни бозорга узоқ-яқинлиги, табий унимдорлиги масофа,
транспорт сарфлари). У рентанинг иккинчи сабабини ҳам аниқлаб, ер табиий
унумдорлигининг турлича эканлигини кўрсатган (ўзбек халқида ҳам «Ердан ернинг
фарқи бор, етмиш икки хил нархи бор», деган яхши мақол бор). Олимларнинг фикрича,
В.Петти дифференциал рентани Адам Смитдан ҳам яхши баѐн этган.
Абсолют рента ҳақида гап борганда шуни айтиш керакки, бу рента ерга хусусий
мулкчилик бўлганда намоѐн бўлади. В.Петти ер баҳоси масаласини жуда қизиқ ва ноѐб
равишда ҳал этишга ўринган. Унинг фикрича, ерни сотиб олувчи ҳар йили рента олиш
47
хуқуқини кулга киритган шахсдир. Шу сабабли ернинг баҳоси бир йиллик рентани
маълум бир сонга кўпайтириш орқали аниқланади. Ҳамма масала шунда бўлиб, уни
танлаш талаб этилади. Хўш, у нима бўлиши мумкин?
В.Петти бу саволга жавобан шундай дейди: ер сотиб олувчи ўзи ва ўзига яқин
авлод-аждодларининг манфаатларини эътиборга олиб иш юритади. Унингча, одатда уч
авлод вакиллари бир вақтда ҳамкорликда яшайдилар: бува (50 ѐш), уғил (28 ѐш) ва набира
(7 ѐш). У шу уч авлоднинг ҳамкорлик даврида яшаган йиллар рентаси йиғиндисини ер
баҳоси деб қабул қилади. У Англия учун бундай сон 21 йилга тенг эканлигини аниқлайди.
Демак, ернинг баҳоси шунча бир йиллик ренталар йиғиндисига тенг, деган хулоса
чиқарилади.
В.Петти ерни сотиб олувчи учун ер йиллик даромад манбаи эканлигини тушунган.
Шунга мувофиқ у ернинг баҳоси шундай суммага тенг бўлиши керакки, бу сумма ҳар
йили олинадиган рента ҳуқуқини берадиган бўлиши керак, деб тўғри ҳисоблаган. Амалда
ернинг баҳосини капиталлашган рентадек ҳисоблаш орқали В.Петти масаланинг
моҳиятини тўла ва тўғри тушунган.
Аммо ернинг баҳоси масаласи ҳали тўла ҳал этилмади, чунки ернинг баҳоси икки
омилга боғлиқ: 1) ер рентасининг миқдори, 2) процент (фоиз) даражаси. В.Петти эса
юқорида қайд этилганидек, ссуда процентини ер баҳосидан чиқарган. Бу қийин аҳволдан
чиқиш учун у ер баҳоси рентанинг 21 га кўпайтирилганига тенг деб ҳисоблаган (уч авлод
- бува, ота ва невара биргаликда 21 йил яшайдилар ва ердан бирга фойдаланадилар, деган
хулоса). Ернинг асл баҳоси масаласини бошқа олимлар тўғри хал этдилар.
В.Петтининг «Сиѐсий арифметика» асари тўла равишда унинг вафотидан кейин
босилиб чиқди (китоб унинг уғли лорд Шелберн томонидан нашр этилган). Бунинг сабаби
шуки, унда Англия ва Францияни чогиштирувчи маълумотлар бор эди. Бу асар янги фан -
статистикага асос солди. Бу даврда ҳали бу тушунчанинг ўзи йўқ эди («статистика»
сўзи XVIII аср охирида пайдо бўлди).
В.Петти биринчилардан бўлиб давлат статистика хизмати тузиш зарурлиги
масаласини кўтарди ва маълумот тўплашнинг айрим йўналишларини белгилаб берди.
Унингча, мамлакатдаги аҳолининг умумий сони, жойлашуви, ѐши ва касби ҳамда бошқа
маълумотлар муҳимдир. Иқтисодий кўрсаткичлардан асосий товарларнинг ишлаб
чиқилиши ва истеъмоли, аҳоли даромади, бойлик тақсимоти хақидаги маълумотлар
керакли ҳисобланган. Петтининг кузатишларича, мамлакатда фақат солиқ ва ташқи савдо
бўйича айрим маълумотлар бор эди, холос. Бирор масала хақида гап очилар экан, Петти
«аввал ҳисоблаб қуриш керак» деган фикрни айтишни яхши кўрар эди. Статистика билан
шуғулланганлиги туфайли маълум маънода «режалаштириш» масалалари ҳам
кўтарилган. Масалан, у «ишчилар кучи баланси» билан шуғулланиб, мамлакатга шунча
врач ва адвокат керак, демак, олий ўқув юртларига йилига шунча талаба қабул қилиш
керак, деган ҳисоб-китобларни келтирар эди. Одатда у Англия ва Франциянинг
иқтисодий аҳволини солиштириб, қайси давлат бойроқ эканлигини аниқ фактлар билан
кўрсатишга интилган.
«Сиѐсий арифметика» китобининг мукаддимасида у ўз услубининг янги
эканлигини таъкидлаб, қиѐсий (озрок, кўпроқ, яхширок, ѐмонрок) кўрсаткичлардан аниқ
статистик рақамлар - сон, оғирлик билан бошқа ўлчовлар тилига ўтиш кераклигини
айтади. У миллий даромад, миллий бойлик хақида гапиради ва Англиянинг миллий
бойлигини ҳисоблаб чиқади (маълумки, бу кўрсаткичлар ҳозирги кунда жуда муҳим
кўрсаткич ҳисобланади). Масалан, у Англиянинг моддий бойлигини 250 миллион фунт
стерлинг деб баҳолайди, аммо аҳолининг 417 миллион фунт стерлинг пулини ҳам шунга
қўшиш керак, дейди.
В.Петтининг иқтисодий таълимоти аҳолининг сони ва таркибидан бошланиши
ниҳоятда муҳимдир. Унинг ғояси ўзидан кейинги Мальтусдан кескин фарқ қилади, агар
Петтининг фикри буйича «аҳоли - бойликнинг асоси» бўлса, Мальтусда аҳолининг тез
ўсиши камбағалликнинг асосидир. В.Петти Англиянинг миллий даромадини ҳам
48
ҳисоблаб чиқди. Унинг ҳисобига кўра, Англиянинг пул шаклидаги бойлиги барча
бойликнинг фақат 3% тенг экан. Худди шундан ҳозирги даврнинг миллий ҳисоб счетлари
юзага келди, унга қараб ишлаб чиқариш ҳажмини, бу бойликнинг аҳоли ўртасида
тақсимотини (истеъмол, жамғарма, экспорт, аҳоли, асосий синфлар, гуруҳлар даромади)
ва бошқаларни билиб олиш мумкин. Албатта, ҳозирги давр билан солиштирганда бу
ҳисоб-китобларда жиддий услубий хатоликлар бор эди. Масалан, у миллий даромадни
аҳолининг истеъмол сарфлари йиғиндиси деб билган, яъни жамғарма, бино, қурилиш,
асбоб-ускуна, ерни яхшилашга кетган капитал қўйилмалар ҳисобга олинмаса ҳам
бўлаверади, деб нотўғри ўйлаган. Аммо XVII асрдаги Англия учун бундай йўл анча
реалистик эди, чунки жамғарма нормаси паст бўлган, Англиянинг моддий бойлиги
нисбатан секин ўсаѐтган эди. Сал кейинроқ В.Петтининг бу хатолари унинг издоши
Грегори Кинг томонидан тўғриланди ва XVII аср охиридаги Англия миллий даромади
ниҳоятда тўғри ҳисоблаб чиқилди.
Эътибор бериб қарайдиган бўлсак, В.Петтининг сўнгги асарлари кўпроқ аҳоли,
унинг ўсиши, жойлашуви ва иш билан бандлиги масалаларига бағишланган. В.Петти
замондоши ва дўсти, майда савдогар Жон Граунд билан биргаликда демографик
статистика фанига асос солди. 1662 йилдан бошлаб Англия аҳоли сонининг умумий сони,
туғилиш, ўлим ва табиий ўсиш масалалари бўйича китоблар юзага кела бошлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |