www.ziyouz.com кутубхонаси
50
Ойшахон оташин бўлиб айттан бу сўзлар унинг Сатторни астойдил севишини кўрсатиб
турар эди. Аммо ўзи суймаган хотинининг севгиси бу гал ҳам Сатторга малол келди.
— Гап бировларнинг ёмонлашида эмас!
Саттор «мен сенга кўнгилсизман» деган фикрни ётиқроқ қилиб тушунтириш учун сўз
қидирди:
— Мен ўзим... жуда қийналиб юрибман. Кўр-кўрона турмуш қуришнинг жабрини мен
тортяпман!
Ойшахон бу гапларни яна бошқача тушунди:
— Беш йилдан бери шаҳарда бир ўзингизга қийин бўлаётибди, биламан, ўтган гал айтдим-
ку, бизни олиб боринг, ижара бўлса ҳам майли...
— Гап уйда эмас, ахир, Ойша, наҳотки ҳеч нарсага фаросатинг етмайди! Гап меҳрда! Гап
кўнгилда! Менда меҳр йўқ, тушундингми?!
Ойшахон каравотни шиқирлатиб, ўтирган жойида бир қимирлаб олди. У «эрим менга
содиқми, йўқми» деб кўп ҳам бош қотирмас эди. У Сатторни яхши кўриши ва унга садоқат
сақлаши гўё икковлари учун ҳам етарли эди. Сатторнинг ўтган галгига ўхшаш совуқ
муомаласини эса Ойшахон кечириш мумкин, деб ўйлар эди. «Одамларнинг эри уради, оғизга
олиб бўлмайдиган сўзлар билан сўкади. Сатторжон акам мени ҳали чертган ҳам эмас!» деб
ўзича фахрланиб юрар эди. Мана энди эри ўзининг бемеҳрлигини айтяпти.
— Меҳр кўзда, дейишар эди, сиз биздан узокларда юриб меҳрингизни йўқотгандирсиз.
— Бор бўлса йўқотар эдим, йўқни йўқотиб бўладими?
— Йўқ?! — ранги бўздай оқариб сўради Ойшахон.
У бирга ўтказган йилларидан ҳимоя истар, юзлаб одамлар уларга ок фотиҳа берган
тўйларидан мадад олмоқчи бўлар эди. Аммо Саттор у таянмоқчи бўлган ҳамма устунларни бир-
бир қулатиб бораётганга ўхшарди:
— Мен ўшанда ўқимоқчи эдим, Ойша, тўй бўлишига қарши эдим. Мен ўзим ҳам айбдорман!
Ёмон хато қилганман! Қочиб кетмаганимга кейин минг пушаймон бўлдим! Орият деб мени
мажбур қилишган эди...
— Энди буни менга нега айтасиз?
— Ахир сен ҳам ҳақиқатни билишинг керакми, йўқми? Ёки умрбод бу совуқ турмушга
кўникиб ўтиб кетмоқчимисан?
— Совуқ бўлса сиз учун совуқдир, мен учун эмас!..
Саттор бу жавобдан танг қолиб, ўрнидан туриб кетди. Ойшахон ҳам беихтиёр ўрнидан
туриб, каравотнинг ялтироқ дастасидан ушлаган ҳодда Сатторга бақрайиб қаради. Унинг ранги
қонсиз, кўзлари алланечук тўхтаб қолган. У Сатторнинг қаршисида худди муаллимидан қаттиқ
дашном эшитаётган талабага ўхшаб турарди.
— Сен ўзингни менинг ўрнимга ҳам қўйиб кўргин, Ойша. Кўзингни каттароқ очиб
аҳволимга бир қарагин! Агар менинг сенга астойдил кўнглим бўлганда беш йилдан бери
кўчиртириб олиб кетмасмидим? Ёки ўзим ёнингга келмасмидим! Одамлар севган хотинлари
учун нималар қилмайди. Мен эса... бу ерга бўйнидан бойлангандай мажбур бўлиб келаман. Сал
нарсадан энса қотган, асаб бузилган... Бу ҳали уч-тўрт ойда бир келиб кетганим учун бўлаётган
ҳолваси. Агар доим бирга турадиган бўлсак, турмушимиз жаҳаннамга айланиб кетади. Ҳар куни
уриш-жанжал қилиб, шарманда бўлиб юриб, охири бир кун ажрашишга мажбур бўламиз. Ундан
кўра ҳозир яхшиликча бир битимга келайлик!
Ойшахон сим каравотнинг дастасига суянганича индамай ерга қараб турар, фақат аъзойи
бадани зир титрар эди. Унинг титроғи суяниб турган каравотига ҳам ўтиб, темирларни ҳам
шиқирлатарди. Саттор унинг юзи ўзгариб аллақандай жонсиз бўлиб қолганини кўрди-ю «Нима
қилиб қўйдим?» деб калимага келиб:
— Ахир... ажрашмоқчимисиз? — деди.
Пиримқул Қодиров. Эрк (қисса)
Do'stlaringiz bilan baham: |