www.ziyouz.com кутубхонаси
155
— Бу моторни «ХВС» терим машинасидан олиб қўйилган экан. Жойига қўямиз. Сиз ўз
моторингизни топиб оларсиз.
Раис қип-қизариб кетди. Мўйловининг бир учи силкинди. Уришай деса одамлар бор. Икки
раис чиқишмаяпти, деган гап бўлади.
— Яхши қилмаяпсан, қизим, — деди секин.
— Терим машинасида товуқлар жўжа очиб ётибди. Сиз моторни чиқариб олибсиз. Шунча
пуллик нарса, увол эмасми!
Раис индамади. Жаҳл билан дўқ-дўқ юриб чиқиб кетди.
Тракторчилар раис билан бетма-бет олишган бу қизга ҳанг-манг бўлиб қараб туришарди.
Бу раис билан биринчи тўқнашув эди. Иккинчи тўқнашув раиснинг уйида бўлди.
Облисполкомдан вакил келган эди, раис уйига ош буюрди. Шаҳлони ҳам таклиф қилди. Шаҳло
меҳмон олдида раис бува билан хотинини роса тузлади.
— Бу қанақаси, холодильникни ётадиган уйга қўйипсиз?
— Шунча пуллик буюм, нархига қараб жой танлайди-да.
— Манови, умивальник ўлгур ҳам уйнинг тўрида. Бу даҳлизда туриши керак.
Раис меҳмон олдида ёмон изза тортди. Иккинчи уни уйига таклиф қилмайдиган бўлди.
Лекин меҳмон кетгач, холодильник ва умивальникни Шаҳло айтганидек килиб қўйди.
Колхозда механизмлар ремонти анча тартибга тушиб қолди. Устахонадагилар айтганини
қилмасак, балога қоламиз, деб муддатида бешта тракторни ювиб ялтиратиб, ҳовлига қатор
қилиб кўйишди. Шаҳло келиб ўз кўзи билан кўрмагунча ҳар кун артаверишди.
Шаҳло ремонтдан қутулгандан кейин машинасини ҳайдаб қизлар ишлаётган далага чиқди.
Ҳар хил рангдаги тугунчаклар илинган тол тагида машинасини қолдириб шудгорга кирди.
Баланд пошна туфли билан қийналиб-қийналиб қизлар олдига борди.
Қизлар ишларини тўхтатиб, унга қараб туришарди. Шаҳлонинг сочи баланд турмакланган,
устидан капрон дурра танғиган. Қошлари ипдек ингичка. Бели қўл соатнинг тасмаси билан
бойласа бўладиган даражада хипча. Ҳаво ранг нейлон кўйлак остидан ичидаги пушти
тасмачалар бемалол кўриниб турипти. Қизларнинг бир хили ҳавас билан қараса, келинчаклар
совуқ назар ташлашарди.
— Ҳорманглар! — деди Шаҳло.
Биров жавоб берди, биров индамай тураверди. Шаҳло кетмон дастасига тирсагини қўйиб
тикилиб турган қизнинг бармоғига қаради.
— Бу нима, қўлларингга қарасанг бўлмайдими? Қиз бола ҳам шунақа бўладими? Бунақада
остонангга совчи қадам босмайди.
Қиз ҳам шаддодгина экан, боплаб жавоб берди:
— Манови кетмонда икки кун ишланг, қанақа бўлишини биласиз.
— Икки кунинг нимаси, ярим соатгина ишлаб кўрсин, билади.
Шаҳло қизга дадил қаради:
— Этикни еч!
Қиз этикни ечди. Шаҳло уни кийиб, қўлидаги кетмонни олди.
— Қанақа ишлашни кўрсатиб қўяйми? Мана кўрасан! Шаҳлонинг болалиги далада ўтган.
Кетмон ҳам чопган, трактор ҳам минган, пилла ҳам тутган, канал ҳам қазиган эди. Бу ишлар
унга болалигидан ошна.
У кафтларига туфлаб кетмонни кўтарди.
Ҳамма ундан кўз узмасди. Шаҳло бир маромда, белини букмай, қаддини ғоз тутиб кетмонни
ерга урар, кўчган тупроқни аста ёнбошига ташларди. Ҳеч ким бас, бўлди, демади. Шу алфозда
бир соатча кетмон чопди. Пайкал бошига етиб, ер чопиб орқасига қайтиб келганда қизлар тол
тагида тик туриб кузатишарди.
— Бўлдими, энди. Ё, яна чопайми?
Саид Аҳмад. Танланган асарлар. I жилд. Ҳикоялар
Do'stlaringiz bilan baham: |