www.ziyouz.com кутубхонаси
150
— Энди мен гапирай. Кулмайсанми, масхара қилмайсанми. Жим ўтирсанг айтаман.
— Гапир!
У изтироб билан ўтган болалигини эслаб кетди. Гўдак дилига озор берган, мурғак хотирада
бир умр ўчмас из қолдирган ота қилмишини, ўз боласининг кўкрагидан итарган она қилмишини
алам билан эсига олди. О, у кунлар унутилиб кетса бўлмасмиди?
Исмоилжон папирос чекди. Толнинг шовуллашига бир муддат қулоқ солиб тургандан кейин
титраб гап бошлади.
— Кимлигимни билиб ол. Кимман, қанақа одамман, билиб қўйганинг яхши. Саккиз
яшаримда дадам билан аям ажралиб кетишди. Ўшанда аям билан қолганман. Ярим йил ўтмай
аямнинг кўзига шумшук бўлиб қолдим. Икки гапининг бирида, бахтимни қора қиляпсан,
орқамда эргашган болам билан мени ким оларди, дейдиган бўлиб қолди. Бу гапларга бола
эканман-да, тушунмаганман. Кейин аям эрга тегди, ўгай дадам у ёқда қолиб аямнинг ўзи
чиқиштирмади. Дадамнинг олдига бордим. Уйланган экан. У ерга ҳам сиғмадим. Кўчада
қолдим. Ота-онам тирик бўла туриб детдомга киришга журъат қилолмадим. Мактабда ётиб
қолиб ўқидим. Бировларнинг нонини еб, бировларнинг кийимини кийиб катта бўлдим.
Институтда ўқиб одам бўлишни астойдил ният қилган эдим. Ниятимга етдим. Ётоқда ётиб
ўқидим. Ўқиган мактабимнинг директори жуда яхши одам эди. Мактабдан дарс олиб берди.
Ҳам ўқидим, ҳам ўқитдим. Ёзги каникул пайтларда ҳам конструкторлар бюросидан чертёж
кўчириш ишини олдим. Диплом қўлга тегдию ишга тушиб кетдим. Севги ишларига, ўйин-
кулгига вақтим бўлмаган. Ўз тенгларимдек яйраб яшнамаганман.
Башорат беихтиёр унинг қўлларидан ушлади. Исмоилжон гапиролмай энтикди. Салдан
кейин ўзини ўнглаб яна гапира бошлади.
— Ўтган йилнинг ўзида икки марта судга тушдим. Дадам судга берибди. Хотини ўлиб икки
ёш бола билан қолибди. Ёрдам сўраб келишга юзи чидамай нафақа ундириш учун судга берган
экан. Суд ҳукм қилиб берди. Сал ўтмай аям судга берди. Эри қамалиб кетган экан, ўгай
болалари чиқиштирмай уйдан ҳайдашибди. Энди керак бўлибман. Нафақа ундирди. Негадир ўз
онамга ўхшамайди. Кўриб юрагим жиз этмади ҳам. Шаҳардан жой топиб кўчириб олиб бориб
қўйдим. Бориб тураман, бораману бегона одамнинг олдига боргандек бўламан. Уйланиб рўзғор
қиладиган пайтимда яна ташвиш. Ўгай укалар, дадам, онам... Ўзим қолиб уларнинг ташвиши
билан бандман. Болалигимни жувонмарг қилишган эди. Энди катта бўлганимда ҳам шулар ғов.
Қани айтчи, қачон севаман, кимни севаман? Қайси бир бечорани ташвишларимга шерик
қиламан?
Уларнинг иккови ҳам жим қолишди. Исмоилжон уст-устига чекар, ҳар чекканида
папироснинг қип-қизил чўғи юзини ожизгина ёритарди.
Башорат ўйларди. У ҳалигача Исмоилжоннинг тўнглигидан, ўзига бепарволигидан
койинарди. У бечорани нималар демади? Кесак, деди, тош деди. Башорат яримта ой атрофни
аранг ёритиб турган ним қоронғи сокин дала четида ўтириб шу пайтгача дилига ҳам озор, ҳам
қувонч берган йигитнинг кўрган кунларига ич-ичидан ачиниб кетди. Энг яқин кишилари
ўғирлаб кетган шодлигини, болалик қувончларини қайтариб келгиси, муҳаббатга жой бермаган
кўксини пармалаб оташ солгиси, қўлидан етаклаб қўшиққа ўхшаган, нурга ўхшаган, аллақандай
ажойиб оҳангларга ўхшаган муҳаббат кўчаларига бошлаб кетгиси келди. Қизлик ғурурини четга
суриб қўйиб энтикиб-энтикиб гапирди:
— Мени ким севарди дединг. Мен севаман. Қайси бир бечорани ташвишимга шерик
қиламан, дединг. Мен шерик бўламан! Одам боласининг қалбида севгигаям, ғазабгаям, ғам-
ташвишгаям жой топилади. Қалбга кириб олган чинакам севги ташвишниям, ғамниям,
ғазабниям ҳайдаб чиқаради. Шунақа...
Юлдузлар ҳамон ўчиб, ёнади, қийшиқ ой терак учига жиға бўлиб, қўниб турибди.
Терак учидан ой думалаб тушиб кетди. Тонг отиб келарди.
Саид Аҳмад. Танланган асарлар. I жилд. Ҳикоялар
Do'stlaringiz bilan baham: |