www.ziyouz.com кутубхонаси
149
— Нега келдинг?— деди Башорат титроқ товушда. Бу биринчи бор уни сенлаши эди.—
Тушунтиргани келдингми?! Қурилишда обрўйинг ошади, шу ердан кўтарилиб кетасан, деб
айтгани келдингми?! Бу гапларни сендан кўп эшитганман. Сен фақат шу гапни биласан,
ёғочсан, тошсан, кесаксан. Дардинг йўқ сени!
Башорат ҳўнграб йиғлаб юборди. Исмоилжон нима қилишини билмай қотиб турарди.
Осмонда юлдуз учди. Унинг папирос тутунидек ингичка чизиғи қоп-қора осмонда анча
туриб қолди. Охири у ҳам сўниб кетди.
— Сизга нима бўлди, Башорат? Сен учун кетяпман деб хат берворибсиз?
— Сизлама мени. Билмадинг-а, сезмадинг-а! Юрагингда заррача дардинг бўлганда
билардинг, сезардинг!..
— Нимани биламан, нимани сезаман?
— Ахир тентак, бир йилдан бери дардингда куйиб ёнаман. Бир йилдан бери мени
ухлатмайсан. Бир йилдан бери сени деб яшаяпман. Билмайсан, сезмайсан. Аминман, сезасан,
назар-писанд қилмайсан. Мени эрмак қилиш учун атайин шундай қиласан.
— Вой, менга қара...
Исмоилжон шу гапдан кейин анча жимиб кетди. Папирос чекди. Гугурт чақаётганда қўли
титраётганини Башорат кўрмади.
Юлдузлар бирин-кетин кўз очаверди. Ушатилган нондек бўлиб ой ҳам чиқди. Аммо
Исмоилжондан ҳали ҳам садо чиқмасди. Юк машинаси келди. Йўлда кўндаланг турган
машинадан ўтолмай сигнал берди. Исмоилжоннинг ҳуши ўзига келиб машинасига югурди. У то
машинани четга олгунча шофёрдан роса сўкиш эшитди. У газигини четга оламан деб орқа
ғилдирагини ариққа тушириб юборди. У машинани ўнглагунча Башорат чамадончасини бағрига
босганича қимирламай тураверди. Охири Исмоилжон яна олдига келди.
— Кечир, мени Башорат. Билмабман. Билсам наҳотки сенга шунақа муомала қилардим.
Мен, ўлай агар, билмабман. Ахир ўзинг ўйла, мен ўзимни сенга муносибмасман деб юрардим.
Умримда бир қизни севмаганман, бунақа ишларни билмаганман. Севишни билмаганман. Тўғри
айтдинг, ёғочман, кесакман. Севишга, ишқ қўйишга вақтим бўлмаган. Ўқишни битирдиму
шунақа қурилишлардаман.
Башорат ҳам титраб, қақшаб гапирарди.
— Нима кийсам сен кўргин деб киярдим. Аммо сен табель тахтасидаги Башоратнинг норма
бажаришига қарардинг. Ишдан ҳориб, чарчаб келаману ухламай остонада юлдузларга тикилиб
ўтираман. Сени ўйлайман. Сўра, шу юлдузлардан сўра. Уларни ҳар куни кўраман. Ҳар куни
гаплашаман. Шу юлдузларнинг қайси бири меникилигини билолмайман холос. Бирон марта
мени ўйлаганмисан?
Исмоилжон гап тополмай ғудранди.
— Менга қара, Башорат, мени кўп қийнама. Бирпас ўзимга келиб олай. Оёғимнинг тагида ер
йўққа ўхшайди, Ке, ўтирайлик. Манави ерга ўтирайлик.
Исмоилжон Башоратнинг қўлидан ушлаб тол тагига олиб ўтди. Шундагина унинг қўли
титраётганини билди. Қиз кўксида нимадир ғалаён қиларди. Бу у чеккан изтиробларнинг
мукофотими, унга кечалари уйқу бермаган йигитнинг кўксида севги оташини ёқиб интиқом
олиш тантанасими, билмасди. Нима бўлса бўлсин, Башорат дилидагисини тўкиб солди. Агар
шундай қилмаганда бир кун ўкинарди. Қачонлардир бир кун илк муҳаббат эсга келади. Эсга
келганда ҳам галати ҳислар билан, ажиб хотиралар, энг маъсум, энг беғубор туйғулар билан
аралашиб келади. Ўшанда илк муҳаббат ўз бағрига чақиради. Бутун гўзаллиги, бутун жозибаси
билан, тиниқлиги, беғуборлиги билан чақиради. Ўшанда муҳаббат ўзининг ҳеч қачон
қаримаслигига иқрор қилади.
Бир чиройли, бир ёқимли шамол турди. Тол шохлари бир-бирига айқаш-уйқаш бўлиб ердаги
ой тангаларини учиради, ёндиради, супуради.
Саид Аҳмад. Танланган асарлар. I жилд. Ҳикоялар
Do'stlaringiz bilan baham: |