www.ziyouz.com кутубхонаси
145
Озода ёшли кўзларини юмиб жавоб берди:
— Ҳомиладорман.
Мурод маст кишидек довдираб қолди.
— Ростми?! — Мурод уни бағрига босиб, даст кўтариб олди-да, уйни икки марта
айлантириб чиқди. Унинг кўзлари порлар, юраги севинчдан гупиллаб урарди. — Нега хафа
бўласан?
Бу унинг биринчи бор хотинини сен деб аташи эди. Бўлажак фарзанд Озодани унга
шунчалик яқинлаштириб қўйган эдики, гўё у Озода, Озода эса Мурод бўлиб бир-бирига
аралашиб кетгандек эди.
— Нега йиғлайсан? Ахир...
Мурод севинчи ичига сиғмай, телбалардек гапи гапига қовушмай қолди.
— Йўқ! — деди Озода, — истамайман. Ҳали ёшман, ҳалитдан болани бошимга ураманми?
— У йиғи аралаш секин гапирди: — Кунингиз тоғу тошда ўтса, уйда бола боқиб ўтираманми?
— Истасанг, қишлоқдан аямни олдириб келай, истасанг, синглим келиб турсин,
диссертациямни битказиб олай...
Озода эрига шундай ўқрайиб қарадики, унинг бу қарашида Муродга нисбатан нафрат ва
ғазаб ифодаси бор эди.
Зебу зийнат, ўйин-кулгига ўрганган хотин учун бола оёқнинг кишани бўлиб туюларди.
Озода чинакам гўзал эди. У модани, танцани, театр ва сайилларни севарди. Бўлажак бола
ҳали дунёга келмай туриб уни ана шу роҳатлардан бегона қилиб қўяётгандек эди.
Мурод бўшашиб стулга ўтириб қолди. У бошини панжалари орасига олиб узоқ ўйлади.
Охири ўрнидан туриб папирос чекди-да, қўлини орқасига қилиб, уйнинг у бошидан-бу бошига
юра бошлади. Диваннинг бир чеккаси-да ўтириб пиқ-пиқ йиғлаётган хотинининг тепасига
келиб узоқ ўйлаб турди Кейин унинг ёнига чўққайди-да, бошини силаб, ички дард билан гапира
бошлади:
— Озода, дурустроқ ўйлаб кўр.
— Ўйлаб қарадим, олдириб ташлайман.
— Нима?!
— Ҳа.
— Биринчи бола. Мумкин эмас, умрбод майиб бўлиб қоласан-а!
— Майли... Нима бўлса бўлсин.
— Шундайми?!
Мурод ғазабдан сапчиб ўрнидан турди. Мушт билан стол қирғоғига урган эди, стаканлар
жиринглаб сакраб кетди. Билагидаги секундомерли олтин соатнинг ойнаси чил-чил бўлди.
Уй ичи сув қуйгандек жимжит бўлиб қолди. Очиқ форточкадан кирган шамол тўр пардани
силкитди, ҳалқа-ҳалқа бўлиб муаллак сузиб юрган папирос тутунларини тўзғитиб юборди.
Мурод хотинининг қаршисига келиб тиз чўкди:
— Озода, ундай қилма. Нима килсанг қил, фақат бу ишни қилма. Умрбод оёғинг остида
судралиб юришга розиман, бундай қила кўрма.
— Гап битта. Ёш умримни бола боқиш билан ўтказмайман.
— Ҳали шундайми?! — Муроднинг кўзларида ўт чақнаб кетди. — Ҳали шундайми?! Ундай
бўлса... — У гапини тугатолмади.
Озода унинг кўзларига дадил қаради:
— Гап шу. Хоҳласангиз шу. Бўлмаса кетаман.
— Кейин пушаймон бўласан, Озода.
Озода бош чайқади.
— Ундай бўлса сен билан...
— Яшай олмайман, демоқчисиз, шундайми?
Саид Аҳмад. Танланган асарлар. I жилд. Ҳикоялар
Do'stlaringiz bilan baham: |