www.ziyouz.com кутубхонаси
127
очила қолса-ю бир кўрсам. Ҳарбий формада қанақа экансиз.
— Кўзингиз очилади, — дедим унга руҳ берувчи оҳангда.
— Профессор ҳам шундай деди, балки кўнглимни кўтариш учун айтгандир.
Мен унга профессор билан гаплашганимни, у менга ҳам худди шундай деганини айтдим.
— Жуда кутилмаган ҳодиса бўлди-да, шундай уста пайвандчи, наҳотки бепарволик қилиб,
кўзга учқун сачратиб олсангиз.
Иқбол қўлимни яна маҳкамроқ қисди. У чўлда, ойдин кечада бирга яшашни таклиф
қилганимда жавоб ўрнига қўлимни худди шундай қисган эди.
— Биласизми, ўша куни қўлим ва кўзим ишда эди-ю...
У гапиролмай энтикди.
Жуда ғалати бўлиб кетдим. Айни замонда кўнгилни ҳам шодлантирувчи, ҳам эзувчи бу
гапдан гангиб қолдим.
— Иқбол!.. — гапимни тугатолмай сапчиб ўрнимдан туриб кетдим. Нима қилишимни
билмай турган еримда серрайиб қолдим.
— Кўзим очилади, — деди Иқбол ишонч билан. — Яна кўришамиз. Фақат тезроқ кўзим
очилса-ю, боғларни, майсаларни, одамларни кўрсам. Ҳаётнинг, табиатнинг қанчалар чиройли
эканини энди яхшироқ сездим. Чунки ҳозир уларни кўз билан эмас, юрагим билан кўриб
турибман. Чўлларда чақнаган чироқларни кўряпман. Тезроқ, тезроқ кўзим очилса. Кўзларимга
танғилган докаларни йиртиб ташлаб, ҳаётга қарасам дейман.
— Кўзингиз очилади. Албатта очилади, яна учрашамиз, бирга турмуш қиламиз. Ана ўшанда
сиз чўлларда комбинезон кийиб юрмайсиз. Менинг уйимда, худди маликалардек ясаниб,
шоҳона ҳаёт...
Иқбол қўлини шарт тортиб олди. Назаримда, кўнгилсиз бир воқеа эсига тушиб қолгандек
сесканиб кетди. Ё менга шундай туюлдимикин? Ҳали-ҳали билолмайман.
Шу куни Иқбол билан қош қорайгунча гаплашиб ўтирдим. У менга оқ йўл тилади.
«Кутаман, Самад ака» деди-ю, муомаласи сал совуқроқ кўринди, бу гап юракдан эмас, шунчаки
айтилганга ўхшади. Кетдим. Кўз олдимда Иқболнинг оқ докага чулғанган қиёфаси қолди...
Орадан беш йил ўтди. Шу орада унга ёзган ўнлаб хатларимга жавоб ололмадим. Охири
Иқболнинг изини йўқотдим. Мана, дарё суви шовиллаган ойдин кечада, паромчининг будкасида
унинг суратига термилиб ўтирибман. Олисда Иқболни эслатувчи яшил нур чақнаб турибди.
Унинг ўткир нури дераза ойнасидан ўтиб уй деворидаги суратларни ҳам гоҳо лип-лип ёритиб
қўяди. Иқбол ҳаёт экан. Нима учун шунча хатларимга жавоб бермади? Ахир, мен унга бирон
ёмон гап айтмагандим-ку.
Унинг суратига термилиб бирга кечирган кунларимизни, бир-биримизга айтган илиқ-иссиқ
гапларимизни сўзма-сўз хотирладим. Бироқ айтилган гапларда биронта ҳам ножўяси йўқ эди.
Қани энди учрашсак. Ўша вақтда айтганимдек, маликалардек...
Эсладим! Иқболнинг иззат-нафсига, ғашига теккан нарса энди аён бўлди. Қизиқ, киши
ўзининг хатосини сезиши шунчалар қийинми? Нечун шу пайтгача бу нарса ёдимга тушмади?
Нега? Гугурт чақиб Иқболнинг суратига қарадим. Унинг ҳозирги ҳолати мен тасаввур қилган
маликадан минг марта афзал эди. Ўз бахтини ўзи ярата оладиган киши ўзгадан бахт кутмайди.
Иқболни мендан совутган нарса ҳам менинг шу бир оғиз ножўя гапим эди. Гугурт чўпи
охиригача ёниб қўлимни куйдирди.
Демак, Иқбол ҳаёт, унинг кўзлари аввалгидек равшан. Бироқ у ҳозир қаерда! Эр
қилганмикин? Ким экан у бахтли йигит? Мумкин эмас! Ишонмайман.
Қани энди, уни ҳозир шу топда кўрсам, ўша кўкимтир нур ичида бир кўрсам. Ҳу ўша
чўлларда чақнаган кўкимтир чақин шуъласида у ҳақда хаёл сурсам... Ёшликни, биз ишлаган
ўша азамат қурилишларни эсласам, бирга орзу қилганимизча яшасак...
Қайдасан, қайдасан, Иқбол?!
Саид Аҳмад. Танланган асарлар. I жилд. Ҳикоялар
Do'stlaringiz bilan baham: |