www.ziyouz.com кутубхонаси
125
ИҚБОЛ ЧИРОҚЛАРИ
Дарё шамолидан сесканган отнинг бадани дириллаб кетди. Жиловни бўш қўйиб юбордим.
Чакмонини елкасига ташлаб, қумғон тагига ўт қалаётган паромчи чол от дукурини эшитиб
ўрнидан турди:
— Келинг, меҳмон, йўл бўлсин?
— ГЭСга ўтмоқчи эдим.
Чол соқолини тутамлаб дарёга қаради:
— Сув қутириб келяпти, паромни чирпирак қилиб олиб кетади.
— Йўғ-э, ишим жадалроқ эди-ку, а!
— Эрталабгача сабр қилинг. Ҳозир чой қайнайди, чақчақлашиб тонг оттирамиз.
Ноилож отдан эгарни олиб, сувлиғини чиқардим-да, ёввойи жийдага боғладим.
Чол вақирлаб қайнаб турган қумғонга кўк чой солиб дамлади. Будкага кирдик. Будканинг
ичи анчагина кенг эди. Унинг бир томонида арқон каравот, иккинчи томонида эса тахтаси
рандаланмаган қўполгина скамейка. Деворга газета ва журналлардан йиртиб олинган турли
суратлар ёпиштирилган. Чол тошчироқнинг пилигини кўтарар экан, менга қарамай сўради:
— Қорин қалай, меҳмон?
— Қўшқўноқда овқатланарман деган умид билан йўлга чиқа берган эдим.
Чол менинг жавобимни кутмай дераза олдига қўйилган оёғи айри столча устига белбоғини
ёзиб, қозикдаги тугундан нон ва қанд олиб қўйди.
— Чойни майдалаб туринг, саватдан хабар олиб келай. Чол чиқиб кетди. Пиёлага чой қуйиб,
девордаги суратларни тамошо қила бошладим. Аллақайси бир журналдан йиртиб олинган бир
сурат менга жуда таниш туюлди, фонарни суратга яқинроқ олиб бордим. Эгнига комбинезон
кийиб, қўлига электросварка шчитини ушлаб турган пайвандчи қизнинг кулиб турган юзи менга
жуда таниш эди. Бу бир вақтлар мени, шоирона қилиб айтган-да, ўзига асир қилган Иқбол эди.
Чол кирди.
— Балиқ илинмабди. Сув нотинч-да. Балиқлар юзага чиқмайди.
Чол билан анчагача у ёқ-бу ёқдан гаплашиб ўтирдик. Соатга қарадим, бирдан ошибди.
— Уйқунгиз келди-ёв, жой қилиб бераман, дам олинг. Чол беланчакка ўхшаш арқон
каравотга кўрпача ёзиб, чопонини буклаб ёстиқ қилиб берди-да, фонарни кўтариб чиқиб кетди.
Ечиниб ёнбошладим. Фикру хаёлим Иқболда эди.
Хаёл мени Иқбол билан ўтказган кунларга етаклади. Кўз олдимга тоғ қоялари, дарё
тўлқинлари, азамат ГЭС биноси келди.
Чол қоронғида тимирскиланиб нимадир олиб чиқиб кетди. Дарёнинг нариги қирғоғида
чақин чақди. Унинг кўкимтир-пистоқи шуъласи осмонда сузиб юрган пастак булутларни ҳам
ёритди. Озроқ вақт ўтгач, бояги чақин тез-тез такрорланаверди. Туриб деразадан ўша томонга
қарадим. Гулхан ёнида тўр ямаб ўтирган чол менга ўгирилди.
— Ухламадингизми, меҳмон, шуълага қараяпсизми? Қўшкўноқда ГЭС қуришяпти. Бу
электрпайванднинг шуъласи.
Иқбол ҳам ўша вақтда ГЭСда пайвандчи эди. Дарё бўйидаги тош уйим деразасига ҳам худди
шунақа шуъла тушиб, менга уйқу бермасди. Туни билан тош қўпориб, тонг отгунча Иқбол
ҳақида ўйлардим.
Кечқурунлари икковимиз чўлга чиқиб кетиб, осмонда аста-секин кўз очаётган саҳро
юлдузларига тикилиб ўтирардик. Атрофимизда ўт-ўланлар силкинар, чигирткалар чириллар
эди. Шундай кечаларнинг бирида Иқболга юрагимдаги гапларни айтдим. У жим ўтириб
ҳаммасини тинглади. Ҳали ой кўтарилмагани учун унинг юзида, кўзида қандай ўзгаришлар
бўлаётганини билолмадим. У жавоб бермади. Ёнма-ён юриб тунги смена ишлаб турган
участкага қараб йўл олдик. Қизлар землянкаси олдига етганимизда, у қўлимни одатдагидан кўра
Саид Аҳмад. Танланган асарлар. I жилд. Ҳикоялар
Do'stlaringiz bilan baham: |