самолёт ўрнига тайёра, институт ўрнига олийгоҳ каби. Форс-тожик тилида гоҳ «ўрин», «жой» маъноси билдириши, шунинг учун у олий сифатини ололмаслиги, яъни «олий жой (ўрин)» маъноси «илм оладиган жой» маъносини бермаслиги, шунинг учун институт ўрнига тавсия этилган олийгоҳ атамаси нотўғри экани тилшунослар томонидан тўғри кўрсатиб берилди.
Айрим лотинча илмий-техник атамалар асримиз бошларида ўзбек тилига рус тили орқали қабул қилинди. Шунинг учун рус тилига лотин ва юнон тилларидаги атамалар қайси фонетик қиёфада ўзлаштирилган бўлса, шундайлигича қабул қилинди. Масалан, география, алгебра каби. Шуни таъкидлаш керакки, лотин ва юнон тилларидан илмий терминлар асримиз бошларигача ҳам ўзбек тилига ўзлашган эди. Лекин бундай терминларнинг кўпчилиги араб тили орқали ўтгани учун араб тилининг фонетик хусусиятига мослаштирилган вариантда қабул қилинган эди. Масалан, жуғрофия, алжабр. Чунки араб тилида г фонемаси бўлмагани учун мазкур фонемани ж фонемасига алмаштиради. Араб тилининг бундай хусусиятини Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳам «Бобурнома» асарида таъкидлаган эди. Аллома бу ҳақда қуйидагиларни ёзади: «Араблар норгилни муарраб (араб тилига мослаштириб) қилиб норжил дерлар».
Айрим табиатшунос олимлар рус тили орқали кириб келган атамаларни ўтмишда араб тили орқали кириб келган атамалар билан алмаштиришни таклиф этдилар. Жумладан, географияни жуғрофияга алмаштирсак, тарихийлик тикланган бўлади деган ғояни олға сурдилар.
Лекин ҳозирги кунда гео билан ҳосил бўлган бир қатор атамалар тизими борки, уларда г фонемасини ж фонемасига алмаштириб бўлмайди. Масалан, геологияни жулогия, геодезияни жудезия, геометрияни жуметрия деб бўлмайди. Гео қисми бугунги ўзбек тилида бир қанча атамалар таркибида келиб, бир уя (парадигма)ни ташкил этаркан, демак, географиянинг ҳам ўзи қолгани лингвистик асосга эга.
Кўринадики, илмий-техник атамаларни тартибга солишда ана шундай лингвистик қонуниятлар асос ролини ўйнайди.
Бошқа тиллардан бирикмали атамалар ҳам олиниши мумкин. Бундай атамаларнинг кўпчилиги асримиз бошларида рус тили орқали кириб келди.
Бирикмали атамаларнинг катта қисми таркибига кўра аниқловчили бирикмалар саналади. Аниқловчили бирикмаларнинг тобе қисми ҳоким қисмга рус тилида хилма-хил шакллар ёрдамида боғланади: 1) -(и) ческий (-ое, ая-, -ский (-ре, -ая): боровской радиус, математический анализ; 2) -ный (-ое, -ая): контурная карта; 3) -ый (-ое, -ая): кольцевое соединение каби.
Бу тушунчаларнинг ўзбек тилида ифодаланиши турлича: 1) ҳар икки қисмни таржима қилиш: кольцевое соединение – доирасимон уланиш; 2) биринчи қисмнинг грамматик шаклини ўзбек тилига мослаштириш. Грамматик шаклни мослаштириш бўиича ўзбек тилшунослигида 70-йиллар бошларида икки хил оқим майдонга келди. Уларнинг биринчиси (Аюб Ғулом бошчилигидаги тилшунослар) русча грамматик шаклни олиб ташлаш ёки қисқартириш йўли билан ўзбекчалаштириш ғоясини олға ташладилар. Масалан:
Боровский радиус – Бор радиуси
Контурная карта – Контур карта
Корреляционный интеграл – Корреляцион интеграл
Аккумуляторный сосуд – Аккумулятор идиши
Контактное гнездо – Контакт жойи
Рентгеновские лучи – Рентген нурлари
Асциллографический интегратор – Асциллографик интегратор
Бошқа бир гуруҳ тилшунослар эса (Олим Усмон) аниқловчи қисмига изчиллик билан -ий, -вий қўшимчаларини қўшишни таклиф қилдилар. Масалан:
Технические науки – Техникавий фанлар (техник фанлар эмас)
Рентгеновские лучи – Рентгений нурлар
Тилшуносликдаги мазкур икки оқимнинг таъсири табиий фанлар бўйича тузилган луғатларда ҳам ўз ифодасини топди. Масалан, С.З.Зайнобидинов ва Е.Г.Заугольникованинг «Инглизча-русча-ўзбекча луғат»ида ана шундай таъсирни кузатиш мумкин. Масалан, корреляционный интеграл корреляцион интеграл деб берилгани ҳолда (175-бет), температурный скачок, магнитное соединение каби атамалар температуравий сакраш, магнитовий уланиш деб берилади.
Кўринадики, тилшуносликнинг атамашунослик бўлими бўйича назарий хулосалар барча фан атамаларининг изга солинишида асос бўлиб хизмат қилади. Шунинг учун барча фан соҳалари бўйича атамалар луғатини тузишда мазкур фан соҳаси вакиллари билан тилшуносларнинг ҳамкорлик қилишлари катта самара беради.
Бизни қуршаб турган олам узвлари ўзаро узвий алоқада, ўзаро шартланган муносабатда бўлганидек, уларни ўрганувчи фанлар ҳам бир-бири билан чамбарчас алоқададир.
Фанлар системасида бирон-бир фан йўқки, бошқа фанлар билан муносабатда бўлмаган, унинг эришган ютуқларидан озиқланмаган бўлсин. Маълум бир фанда муваффақият қозонган тадқиқот усули албатта бошқасига таъсир этмай қолмайди.
Бир неча фанда бир-бирига яқин тушунчаларнинг келиб чиқиш илдизларини очишда бу фанларнинг ўзаро муносабатини, бир-бирига таъсирини ўрганиш катта аҳамиятга эга.
Фанни система сифатида эътироф этарканмиз, ҳар бир фанга фанлар системасининг бир узви сифатида қараш ва уни бошқа фан узвлари билан муносабатда ўрганиш фандаги системавийлик табиатини очишга қулай имконият яратиб беради.
Тилшуносликнинг фанлар системасидаги ўрнини белгилаш, унинг бошқа фанлар билан муносабатини ёритиш мазкур фаннинг фанлар системасидаги қимматини белгилашда, тилшуносликнинг бир қатор тушунчалари келиб чиқиш илдизларини ёритишда, умуман, тилшуносликнинг кўпгина назарий муаммоларига ойдинлик киритишда муҳим аҳамиятга эга.
Тилшунослик фанлар системасидаги бошқа фанлар эришган ютуқлар билан озиқланибгина қолмасдан, ўз навбатида, унинг ўзи ҳам бир қанча фанларда мавжуд муаммоларни ижобий ҳал қилиш учун ёрдам беради. Хусусан, мантиқ, психология, тарих, этнография тилшунослик ютуқларига таянади. Шунингдек, табиий фанларнинг атамалар тизимини шакллантириш ва тартибга солишда ҳам тилшунослик ёрдамга келади.
Тилшуносликнинг бошқа фанлар билан боғлиқлик даражаси турлича. Айрим фанлар билан тилшуносликнинг баъзи масалаларигина алоқадордир. Хусусан, география билан лисоний ҳодисаларнинг тарқалиш ҳудудларини белгилашда, бу ҳудудларни карталаштиришда; физиканинг акустика бўлими билан нутқ товушларининг физик хоссасини ўрганишда; тиббиёт билан нутқий афазия масалаларини ўрганишда алоқадорлик сезилади. Бошқа фанлар билан эса тилшунослик ўта зич муносабатдадир. Масалан, фалсафа тилшуносликнинг барча масалалари билан узвий алоқада.
Тилшунослик қўлга кириттан ютуқларни халқ хўжалигининг турли жабҳаларига қўллаш натижасида тилшуносликнинг амалий тармоқлари вужудга келди. Масалан, автоматик таржима, телекоммуникация, нутқий фаолият бузилишини даволаш, руҳий терапия, ёзуви бўлмаган халқларга алфавит яратиш ва ҳ.к.
Тилшуносликнинг бошқа фанлар билан муносабатини ўрганиш натижасида ҳозирги кунда фанлар системасида икки фан оралиғидаги йўналишлар майдонга келди, масалан, ментолингвистика (тилшунослик ва фалсафа муносабати), этнолингвистика (этнография ва тилшунослик муносабати), психолингвистика (психология ва тилшунослик муносабати), паралингвистика (семиотика билан тилшунослик муносабати), нейролингвистика (тиббиёт, физиология билан тилшунослик).
Бошқа фанлар билан қанчалик муносабатда бўлмасин, тилшунослик ўз тадқиқоти объекти ва тадқиқот чегарасига эга бўлган мустақил фан сифатида фанлар системасида қатъий ўрнига эга.
Do'stlaringiz bilan baham: |