Тилшуносликнинг математика билан муносабати
Ҳар қандай фан математика билан чамбарчас боғлиқ бўлгандагина юксак натижаларга эриша олади. Тилшунослик ҳам бундан мустасно эмас. Шунинг учун XX аср ўрталарига келиб тилшуносликда бир қатор лингвистик тушунчаларни аниқлаштиришга бўлган эҳтиёжни қондириш учун математик лингвистика номи билан юритилувчи алоҳида йўналиш майдонга келди.
Муайян математик аппаратлардан фойдаланиладиган лингвистик тадқиқот усули математик лингвистика деб юритилади.
Ҳозирги кунда мазкур атама остида икки хил фан соҳаси тушунилмоқда. Биринчиси математиканинг бўлими бўлган математик лингвистика. Унинг текшириш методлари кўп жиҳатдан математик мантиқ, айниқса, унинг алгоритм назарияси бўлимлари билан кўп жиҳатдан умумийликка эга.
Иккинчиси лингвистика йўналиши бўлган математик лингвистика. Математик усуллардан фойдаланган ҳолда олиб бориладиган ҳар қандай лингвистик тадқиқот методи тилшуносликда математик лингвистика деб юритилади.
Тилни математик йўл билан таснифлаш Ф.де Соссюрнинг тил ҳақидаги таълимотига, тилга шу тил эгаларининг нутқий фаолиятида вазифа бажарувчи механизм сифатида қарашига асосланади.
Нутқий фаолият натижасида «тўғри матн» деб юритилувчи нутқий бирликлар кетма-кетлиги майдонга келади. Бу нутқий бирликлар муайян қонуниятларга бўйсунади ва уларнинг кўпчилиги математик тавсифга берилади.
Гапларни математик тавсифлаш усулларини ишлаб чиқиш ва ўрганиш математик лингвистиканинг асосий вазифаларидан биридир. Бундай вазифа математик лингвистиканинг синтактик структурани тавсифлаш усуллари назарияси бўлими зиммасига тушади.
Гапнинг синтактик структурасини тавсифлаш учун икки хил усулдан фойдаланилади:
1) гап таркибидан унинг алоҳида синтактик бирлик сифатида амал қиладиган иштирокчиларини ажратиш;
2) гап таркибидаги сўзларнинг тобеланиш муносабатини тавсифлаш. Масалан, Ўқувчилар мактабимиз боғида ҳар хил меваларни ўстирадилар жумласи биринчи усулга кўра, аввало, яхлит ҳолда муайян ишора билан белгиланади ва у тадрижий равишда иштирокчиларга бўлинади.
Уни қуйидагича кўрсатиш мумкин:
мактабимиз боғида ҳар хил меваларни
(стрелка бевосита иштирокчиларни кўрсатади)
Иккинчи усул билан юқоридаги гап қуйидагича тавсифга эга бўлади:
(Бунда стрелка тобеликни кўрсатувчи символ бўлиб хизмат қилади).
Мазкур усуллар Америка структур тилшунослигида кенг қўлланилди ва биринчиси «Бевосита иштирокчилар грамматикаси», иккинчиси эса «Тобелилик грамматикаси» номи билан юритилди. Уларнинг ҳаммаси трансформацион грамматиканинг турли кўринишлари саналади.
Математик лингвистиканинг яна бир тармоғи формал грамматика назариясидир. Бу грамматика ҳам машҳур Америка тилшуноси, трансформацион грамматика асосчиси Наум Хомский номи билан боғлиқдир. Формал грамматика алоҳида матнларни эмас, балки бир қанча тўғри матнларни ва қонуниятларни тавсифлаш усулларини ўрганади. Мазкур қонуниятлар формал грамматиканинг абстракт символлари орқали белгиланади. Шу асосда «Туғдириш грамматикаси» ёки «генератив лингвистика» майдонга келди.
Бундан ташқари, тилшуносликда инвариантлик назарияси ҳам математика таъсирида вужудга келган. Математикада инвариант атамаси орқали ўзгарувчан сонлар остидаги ўзгармас, барқарор миқдор тушунчаси англашилади.
Шунингдек, тилшуносликда кенг қўлланилаётган статистик методлар ҳам математика фанининг таъсири орқали майдонга келган.
Do'stlaringiz bilan baham: |