Тилшунослик ва география
1. Лингвистик география
Тилшунослик география билан ҳам узвий алоқададир. Чунки даврлар ўтиши билан маълум бир тилда сўзлашувчи этник гуруҳлар турли жойларга тарқалиб, ўтроқлашадилар. Демак, тилларнинг ҳам тарқалиш ўринлари мавжуд. Уларнинг тарқалиш жойларини карталаштириш имкони бор. Шундай экан, тилшунослик билан география ўртасида қандайдир муносабат бўлиши табиий. Бундай муносабат, айниқса, муайян лингвистик ҳодисаларнинг тарқалиш зоналарини белгилашда, лингвистик ва диалектик атласлар тузишда ёрқин намоён бўлади.
Тилшунослик билан географиянинг ана шундай муносабатига эътибор қаратилиши натижасида лингвистик география ёки лингвогеография ва ареал лингвистика майдонга келди.
Лингвистик география лингвистик ҳодисаларнинг тарқалиш зоналарини ўрганувчи тилшуносликнинг алоҳида бўлими сифатида XIX аср охирларида диалектологиядан ўсиб чиқди.
Турли тилларда диалектал фарқланишлар ҳақидаги материалларнинг йиғилиши бу фарқланишларнинг муайян тил ҳудудида мос келиш ёки мос келмаслик чегараларини аниқлаш муаммосини юзага чиқаради.
Демак, лингвистик география диалектология материалларига таянади.
Лингвогеография билан диалектология макон ва замон факторларига турлича муносабатда бўлса-да, макон фактори лингвогеографияда ҳам, диалектологияда ҳам бир хил аҳамият касб этади. Айниқса, территория фактори лингвогеографиянинг асосини ташкил қилади.
Чунки лингвогеография кенг территорияга эга бўлиши ва бир вақтда кўплаб фактларни қамраб олиши, умумлаштириш ҳажмининг беқиёслиги билан тасвирий ва таҳлилий хусусиятга эга бўлган диалектологиядан ажралиб туради.
Диалектологияда маълум бир тилнинг диалектал хусусиятларини аниқлаш, мазкур хусусиятларни акс эттирадиган диалектал атласлар тузиш каби муаммолар ўрганилади. Диалектал атласлар тузилиши диалектологиядан лингвистик географияга ўтиш даври ҳисобланади. Демак, лингвистик атлас тузиш диалектология материалларига асосланади.
Буни тилнинг барча сатҳлари бўйича кузатиш мумкин. Масалан, «ж» ва «й» лашиш хусусиятларига кўра шеваларнинг фарқланиши ва уларнинг тарқалиш географиясини картада белгилаш; ҳурмат маъносини ифодалашда -ларнинг қўлланилиш доирасини аниқлаш ва уни картага тушириш; I шахс кўплик кўшимчаси -вуз нинг тарқалиш ўринларини аниқлаш ва уларни картада кўрсатиш; дўппи, такя, каллапўш лексемаларининг қўлланилиш ҳудудларини аниқлаш, уларни картада белгилаш ва ҳ.к.
Юқоридагилардан кўринадики, диалектал хусусиятларни карталаштириш масаласи географиянинг топография бўлими билан узвий боғланади ва унинг ютуқларига асосланади. Лингвистик географияда изоглосса ва тил ландшафти тушунчалари марказий ўрин эгаллайди.
Мос ҳодисаларнинг у ёки бу аъзоси тарқалган энг чет нуқталарни туташтирувчи атлас картасидаги чизиқ изоглосса дейилади. Муайян бир тил учун маълум бўлган изоглоссалар йиғиндиси ва уларнинг шу тил ҳудудида жойлашиш характери тил ландшафти саналади.
Маълум бир тилнинг муайян ҳудудида тарқалган изоглоссалар йиғиндиси ёки «тил ландшафти» лингвогеографияни ўрганиш объекти саналади.
Лингвистик географиянинг пайдо бўлиши ва ривожланиши тилдаги диалектал фарқланишларни карталаштириш ва диалектологик атласлар яратиш билан боғлиқдир. Бундай атласлар хилма-хил бўлиши мумкин; айрим ҳудудни акс эттирувчи атласлар, турли системага мансуб тилларнинг тарқалишини акс эттирувчи атласлар ва ҳ.к.
Лингвистик география XIX асрнинг 70 – 80-йилларида дунёга келди. Айрим тил ҳодисаларининг ҳудудий бир-бирига мос келмаслик ҳолатларининг кузатилиши лингвистик географиянинг майдонга келишига асос бўлди. Бу билан боғлиқ равишда диалектал чегараларнинг мавжуд эмаслиги ҳақидаги тасаввур вужудга келди. Ана шунинг натижасида П.Мейер, Г.Парис каби олимлар умуман диалектлар мавжуд эмас, деган хулоса чиқардилар. Бу хулоса эса мутахассисларда эътироз туғдирди. Мунозара фақат лингвистик ҳодисаларни системалаштириш ва карталаштириш орқалигина ҳал қилиниши лозим бўлиб қолди. 1876 йили Германияда Г.Венкер немис тилининг лингвистик атласини тузиш учун материаллар тўплай бошлади.
Унинг ишини Ф.Вреде давом эттирди. 1926 йили картанинг бир қисми нашр этилди. 1902 – 1910 йиллари Францияда Ж.Жильерон ва Э.Эдмон томонидан «Франция лингвистик картаси» яратилди. Бу карта роман ва герман тиллари лингвистик географиясининг ривожи учун катта таъсир қилди. Орадан кўп ўтмай Швейцария, Испания, Италия сингари мамлакатларда лингвистик атласлар пайдо бўлди. Кейинчалик алоҳида мамлакатнинг маълум вилоятлари, шаҳарлари, лингвистик атласлар вужудга келди. Масалан, Шимолий Италия шаҳарлари лингвистик атласи.
Шўролар даврида ҳам лингвистик географияга маълум даражада эътибор қаратилди. Р.И.Аванесов, В.М.Жирмунский, Б.А.Ларин, Ф.П.Филин, М.А.Бородина, Н.3.Гаджиева сингари олимлар лингвистик географиянинг шаклланиши ва ривожланишига катта хизмат қилдилар.
60-йиллардан бошлаб туркийшунослар ҳам лингвистик географияга, лингвистик атлас тузиш муаммоларига диққатини жалб этдилар. Бу муаммога бағишланган В.М.Жирмунский, М.Ш.Ширалиев, Н.Б.Бурганов ва Л.3.Заляй, Г.Б.Бакинова, Н.А.Баскаков, Л.А.Покровская, Э.В.Севертян, В.Решетов, Ш.Шоабдураҳмонов, А.Шерматов сингари олимларнинг қатор асарлари майдонга келди.
Афсуски, ўзбек тилшунослигида мазкур муаммо ҳанузгача поёнига етгани йўқ.
Do'stlaringiz bilan baham: |