10.3-расм. Турли босимларда
темир пентакарбонили ҳосил
бўлиш тезлигининг ҳароратга
боғлиқлик графиги
Карбонил коррозияси 5 мм чуқурликкача металл сирт қатламининг юмшашига ва бузилишига сабаб бўлади. Сиртдан кўп узоқ бўлмаган чуқурликларда металл структурасининг ўзгаришлари кузатилмайди.
700оС гача бўлган ҳарорат ва 35 МПа гача бўлган босимларда карбонил коррозиясидан ҳимояланиш мақсадида таркибида 30 % Сr бўлган хромли пўлат, 23 % Сr ва 20 % Ni бўлган хромникелли пўлат ва марганец қўшилган бронзадан фойдаланилади. Пастроқ параметрли жараёнларда камроқ легирланган Х18Н9 турдаги пўлатлардан ҳам фойдаланиш мумкин.
10.4. Олтингугурт коррозияси
Олтингугурт ва унинг бирикмалари – олтингугурт ангидри (SO2), водород олтингугурти (H2S), меркаптанлар, тиоспиртлар ва бошқалар етарлича агрессив, коррозион фаол моддалар ҳисобланади. Юқори ҳароратли газ коррозиясида водород олтингугурти энг фаол компонентдир. У ҳаттоки олтингугурт диоксидидан ҳам хавфли моддадир.
Олтингугурт гази (SO2) сулфат кислотаси ишлаб чиқаришда дастлабки маҳсулот ҳисобланади. Уни олтингугурт колчеданини пишитиш, олтингугуртни ёқиш, металлургия ишлаб чиқариш корхоналари чиқинди газларини утилизациялаш жараёнларида олиш мумкин. Эритиш цехларининг чўян жиҳозлари, колчедан печларининг кураклари, қозон-утилизаторлар, қуруқ электрофилтрлар, сулфат кислотаси ишлаб чиқаришида куйинди газ мўрилари олтингугуртли газ коррозиясидан тез-тез ишдан чиқади.
Қора металларнинг 300°С дан юқори ҳароратлардаги олтингугуртли газ коррозияси натижасида FeS, FeO ва Fe3O4 дан иборат металл заки қатлами ҳосил бўлади.
Муҳит ҳарорати 400оС дан ошганда чўяндан тайёрланган буюмлар ҳажмининг дастлабки ҳажмига нисбатан 10 % гача ортиши кузатилади. Бунда буюм материалининг мустаҳкамлиги кескин пасаяди. Бу ҳодиса чўяннинг “ўсиши” дейилади ва у металлнинг ички оксидланиши билан тушунтирилади. Чўяннинг максимал ўсиши 700оС ҳароратда кузатилади. Юқори легирланган хромли чўянлар, “пироферал”, “чугал” деб номланадиган карбидли чўянлар ўсишга чидамли ҳисобланади.
Олтингугуртли газ юқори ҳароратларда никелни оксидлайди. Бунда тобланган зак қатлами ҳосил бўлиб, унинг таркибига NiS ва NiO киради:
3Ni + SO2 = NiS + 2NiO.
Плёнканинг ўсиши параболик қонуният бўйича боради. Олтингугуртли никел водород олтингугуртининг металл билан таъсирлашиши туфайли ҳосил бўлади
Ni + H2S = NiS + H2
Олтингугурт диоксиди бўлган газ муҳитларида 400°С гача бўлган ҳароратларда углеродли пўлатлар, янада юқори ҳароратларда – хромли пўлатлар ишлатилади.
Олтингугуртли бирикмаларнинг бошқа коррозион актив компонентлар билан бир вақтда бўлиши жиҳоз ва қурилмалар учун жуда катта хавф туғдиради. Олтингугуртли нефтларни термик қайта ишлашда водород олтингугурти (H2S) ва водород аралашмасининг айниқса катта босимларда бўлиши нефт саноатида жуда хавфли ҳол ҳисобланади.
10.4-расмдан кўринадики, нефт буғларида водород олтингугурти концентрациясининг ортиши биланхромли пўлатларнинг коррозияланиш тезлиги ортади. Бунда H2S концентрациясининг 10 мартага ошиши коррозия тезлигининг 12–15 мартага ортишига олиб келади.
Do'stlaringiz bilan baham: |