Назорат саволлари
Бир паллали ўсимликларнинг поя тузилишининг ўзига ҳос хусусиятлари нимада?
Нима сабабдан бир паллали ўсимликларнинг аксарият қисмининг пояси йўғонлашмайди?
Бир паллали ўтсимон ўсимликлар поясининг тузилиши икки паллали ўтсимон ўсимликлар поясининг тузилишидан қандай фарқ қилади?
Поянинг бирламчи тузилиши илдизнинг бирламчи тузилишидан нимаси билан фарқ қилади?
Машғулот 35
Икки паллали ўтсимон ўсимликнинг поясининг
микроскопик тузилиши
умумий маълумот
Икки паллали ўтсимон ўсимликларда камбий қатлами мавжуд бўлиб, унинг шаклланиши турлича бўлади. Айрим ўсимликларда у бирламчи ксилема ва флоэманинг эрта пайдо бўлиши билан ёппасига қопланган прокамбий ҳалқасидан вужудга келади. Бошқа ўсимликларда камбий қатламлари орасида ёки шаклланиб бўлган ўтказувчи най боғламлари орасида вужудга келади ва улар орасида ўзак паренхимаси жойлашган бўлади. Бундай ўсимликларнинг (масалан, Айиқтовондошлар–Ranunculaceaeda) пояси жуда йўғонлашмайди.
Зарур материаллар:
Зиғир (Linum sp,), кунгабоқар (Helianthus annus), айиқтовоннинг (Ranunchulus repens) фиксация қилинган аояси ёки шу ўсимликлар поясининг кўндаланг кесимидан тайёрланган доимий препарат.
флороглюцин, HCI, хлор–цинк–йод, йоднинг калийли эритмаси, глицерин.
Топшириқ
Зиғир поясининг кўндаланг кесимидан препарат тайёрланг.
Кунгабоқар поясининг ички тузилиши билан танишинг ва зиғир поясининг ички тузилиши билан таққосланг.
Айиқтовон поясининг най боғламлари орасида камбий қатламининг жойлашиши билан танишинг.
Барча кузатилган ўсимликларнинг ички тузилишини шакллари суратини чизинг ва тавсифини ёзинг.
Ишнинг бориши
1. Зиғир поясининг ички тузилиши.
Зиғир пояси бўғин оралиғидан бир бўлак олиб, бузина орасида қўйилади ва устарада кўндаланг кесимидан бир нечта препарат тайёрланади. Улар орасидан энг юпқасини танлаб олиб, хлор–цинк–йод таъсир эттирилади. Эритма таъсир этганда препаратда сув бўлмаслиги, айниқса зарур. Бошқаларига флороглюцин ва HCI таъсир эттирилади. Шундан сўнг реактивни фильтр қоғозга шимилтириб, буюм столчасига қўйилади ва бир томчи сув томизилади.
Микроскопнинг кичик қилиб кўрсатадиган объективида зиғирнинг пояси кесмасида ксилеманинг тўғри радиал қаторлар шаклида жойлашганлиги эътиборни тортади (44–расм). Ксилемадан ички томонда ўзак жойлашган бўлиб, унинг ички қисмида поя марказида бўшлиқ мавжуд. Флоэма ва ксилема қатлами поянинг бутун бўйи бўйлаб жойлашган.
Поянинг ички тузилишининг умумий кўриниши билан танишгач, унинг юпқа жойини танлаб, микроскопнинг катталаштириб кўрсатадиган объективида кузатилади. Поянинг юза қисмида эпидермиснинг нисбатан катта ҳужайралари кўринади. Эпидермис кутикула билан қопланган. Эпидермиснинг остида пўстнинг майда ҳужайрали хлорофилл сақловчи паренхимаси жойлашган. Бирламчи пўст эндодерма ҳужайралари қатори билан тугайди. Бу қатор, одатда, крахмал сақловчи влагалища (нов) деб юритилади. Чунки нов ҳужайраларида иккиламчи крахмал тўпланади. Эндодерма йоднинг калийли эритмаси таъсир эттирилса, аниқ кўринади.
Эпидерма остида қалин пўстли катта ҳужайралардан шаклланган эритма таъсирида бинафшаранг оладиган луб толалари жойлашган. Микромер винтдан фойдаланиб, уларнинг қатлам–қатлам бўлиб жойлашганлигини кузатишимиз мумкин. Луб толаларининг ички томонида флоэманинг юпқа қатлами, унинг ички томонида эса камбий жойлашган.
Микроскопнинг катталаштириб кўрсатадиган объективида эътибор билан ксилема кўзатсак унинг катта рангсиз элементлари орасида протоплазма билан тўлиб турган майда, қорамтир, қалин пўстли ҳужайраларни кўриш мумкин. Булар ўзак нурлари бўлиб, тирик, қалин, ёғочланган пўстли ҳужайралардан иборат. Марказга яқин жойлашган ксилема ёғочлашмайди. Ксилема қандай элементлардан иборат эканлигини фақат поянинг узунасига кесимини текширилгандагина аниқлаш мумкин. Бирламчи ксилема миқсимон ва спираль ўтказувчи найлар, иккиламчи ксилема эса бўш, трахэид ва либриформдан иборат. Ксилема остида ўзакнинг катта ҳужайрали паренхимаси жойлашган. Зиғирнинг кўндаланг кесимини микроскопик анализи селекция ишларида тола сифатини аниқлаш учун олиб борилади.
Кўзатилганларнинг схиматик сурати чизилади ва эпидерма, бирламчи пўст паренхимаси, эндодерма, луб толалари, флоэма, камбиал зона, бирламчи ва иккиламчи ксилема, ўзак паренхимаси ва поя бўшлиғи белгиланади ҳамда тавсифи батафсил ёзилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |