БМТнинг атроф-муҳит бўйича дастури(ЮНЕП) 1972 йил 15 декабрда ташкил топган. ЮНЕП нинг учта бўлими — бошқарувчилар Кенгаши, атроф-муҳит муҳофазасини мувофиқлаштирувчи Кенгаш ва атроф-муҳит Жамғармаси мавжуд. Ҳал қилувчи масалалар бошқарувчилар Кенгаши томонидан кўриб чиқилади ва амалга оширилади. Унинг кун тартибига саккиз йўналишдаги масалаларни ҳал қилиш қўйилган:
атроф-муҳит санитарияси, аҳоли пунктларида кишилар саломатлиги;
ер ва сув муҳофазаси, чўлланишнинг олдини олиш;
океанларни муҳофаза қилиш;
табиат, ёввойи ҳайвонлар ва генетик ресурслар муҳофазаси;
энергетик муаммолар;
экологик ўқув ва тегишли мутахассисларни тайёрлаш;
табиий ресурслар савдоси, иқтисоди ва технологиялари;
халқаро ва миллий қонунчиликни кодификациялаш ҳамда унификациялаш.
ЮНЕП ва айрим ривожланган мамлакатлар кўмагида ўзбекистон Республикасида Биологик хилма-хилликни сақлашнинг миллий стратегияси ва ҳаракатлар режаси ва 10 дан зиёд миллий экологик қонунлар ишлаб чиқилди. ўзбекистонда экологик ахборот тизими — ЮНЕП/ГРИД — АРЕНДАЛ (Норвегия) лойиҳаси тайёрланди.
Ўзининг экологик функциялари билан ЮНЕП га яқин бўлган БМТ ташкилотларидан бири — маданият, фан ва маориф масалалари бўйича халқаро ташкилот (ЮНЕСКО). ЮНЕСКО 1948 йил ташкил топган ва ўз Низомига мувофиқ, у атроф табиий муҳит муҳофазасига доир қуйидаги масалаларни ҳал қилишда фаолият юргизади:
- 100 дан ортиқ мамлакатлар иштирок этадиган халқаро экологик дастурларга раҳбарлик қилади. Шулар қаторида ўЎбекистон Республикасида фаолият юргизиб келаётган «Инсон ва биосфера» (МАБ), Табиат муҳофазасига доир халқаро маориф дастури, Халқаро гидрологик дастур (1995 йилдан буён ЮНЕСКО ва Германия фан ва технологиялар вазирлиги лойиҳасига биноан Орол денгизи атрофидаги ер усти ва ости сувларини баҳолаш ва моделлаштириш ишлари олиб борилмоқда) ва ҳоказо;
-табиий объектлар муҳофазасини ҳисобга олади ва ташкил этади. Шунга асосан, Ер куррасининг турли бурчакларида биосфера қўриқхоналари ташкил этилган. Биосфера қўриқхоналарини ташкил этиш, уларда атроф-муҳитга инсон фаолиятининг таъсир қилиш даражасининг мониторингини олиб бориш ЮНЕСКОнинг универсал дастури асосида амалга оширилади. ўзбекистон ҳудудида 1995 йилдан буён Чотқол тоҚ-ўрмон биосфера қўриқхонаси халқаро ягона биосфера қўриқхоналар тизимида иштирок этиб келмоқда. Аммо унинг фаолияти ЮНЕСКО дастурининг 3 табақали тегралаш бўйича қўриқхона ишини ташкил қилиш талабига ҳанузгача жавоб бермайди. Биосфера қўриқхонаси ҳудуди — қўриқхона, буфер (ҳимоя) ва ядро теграларига ажратилмаган. Қўриқхонадаги бундай ташкилий ишларни амалга ошириш маълум даражада молиявий қўллаб-қувватлашни тақозо қилади.