Универсал халқаро экологик ташкилотлар — фаолият доирасига кўра турли тоифадаги,сиёсий-ижтимоий ва иқтисодий ривожланиш йўналишидаги ҳамда дунёнинг барча минтақалардаги давлатларнинг экологик муносабатларини тартибга солишга қаратилган халқаро ташкилотлари. Уларга БМТ ва унинг ихтисослашган муассасалари киради.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) — 1945 йилнинг 25 октябридан буён фаолият юргизиб келаётган энг нуфузли халқаро давлатлараро ташкилот бўлиб, у ўз олдига давлатлар ўртасида тинчлик ва хавфсизликни сақлаш, мустаҳкамлаш ва ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш мақсадини қўяди. Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масаласи БМТ Низомидан келиб чиққан ҳолда амалга оширилади.
Бош Ассамблея — БМТнинг энг олий тоифадаги органларидан бўлиб, у халқаро масалаларга доир ҳамма долзарб масалаларни кун тартибига киргизади. Кейинги 20—30 йил мобайнида Бош Ассамблеянинг кун тартибига кўпинча экологик масалалар ҳам киргизиладиган бўлиб қолди. Бош Ассамблея атроф-муҳит муҳофазасига доир муаммолар юзасидан унга аъзо давлатлар ва Хавфсизлик Кенгашига тегишли тавсиялар беришга ҳақлидир. Шунинг учун ҳам Бош Ассамблея сессияларида йирик жамоат, давлат ва сиёсий арбобларнинг маърузаси тингланади ҳамда унга мувофиқ хулосалар қилинади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти И. Каримов БМТ Бош Ассамблеясининг 48, 50, 55-сессияларида сўзлаган нутқларида жаҳон ҳамжамиятининг диққат-эътиборини Орол денгизининг қуриб бораётганлигига ва унинг оқибатида келиб чиқаётган экологик инқирозли ҳолатга қаратди. 1995 йил 18—20 сентябрда Тошкентда ушбу ташаббусга мувофиқ, БМТ раҳбарлигида Орол муаммоларига бағишланган халқаро конференция ўтказилди.
БМТнинг экологик тадбирлари унинг асосий органлари ёки ёрдамчи идоралари орқали амалга оширилади. Бош Ассамблея қошидаги БМТнинг Иқтисодий ва ижтимоий кенгаши (ЭКОСОС) муайян турдаги аниқ вазифаларни бажаради. Улар тоифасига экологик масалалар ҳам киради. Экологик масалалар унинг раҳбарлиги остидаги қўмита ва комиссиялар вазифасига юклатилган. Табиий бойликлар қўмитаси экологик вазифаларни бажаришда алоҳида ўрин тутади. ЭКОСОС ўзининг қўмита ва комиссиялар фаолияти натижаларини умумлаштириб, Бош Ассамблеяга тавсияномалар беради ва конвенциялар тайёрлайди, ўз ваколат доирасида халқаро экологик конференциялар чақиради, ихтисослаштирилган ташкилотлар билан биргаликда экологик битимлар тузади.
Аниқ бир турдаги экологик масалаларни БМТнинг ихтисослаштирилган ташкилотлари олиб боради. Ихтисослаштирилган ташкилотлар БМТ Низомининг 57-моддасига мувофиқ, давлатлар ўртасида тузилган битимлар орқали ташкил этилади ва ўзларининг таъсис ҳужжатларига биноан, бевосита ёки билвосита экологик масалалар билан 63-моддасида кўрсатилган қоидаларга асосланган ҳолда фаолият олиб боради. БМТ қошида фаолият кўрсатаётган 16 дан зиёд ихтисослашган ташкилотдан қуйидагилари атроф табиий муҳит муҳофазасига доир масалалар билан бевосита шуғулланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |