манфаатидан бошқа нарса қизиқтирмайдиган кимса”, деб ҳисоблар ва
ўзи икки ойгина дарс беришга улгурган шогирди Набибой ҳарбийдан
қайтгач, нақ шу “кимса”га шофёр бўлиб келгани учун уни-да хушламай
қўйган эди.
Ултоннинг Бўтабой Сўпига “ғайир”лик билан қарашининг тағин
бир сабаби – унинг мактаб таъмирига жилла эътибор этмаслиги, мактаб
эса тўкилишга келиб қолгани эди.
Муаллим тошқалама айвонга етдим деганда, “Газик” ғизиллаб
келиб, унга ёндош тўхтади.
– Ассалом алайкум, домилла!
Ултон эшикни очиб турган Набига ижирғаниб боқди.
– Алайкум.
– Ўтиринг.
– Бизнинг йўлимиз бошқа...
– Ҳе, ажойибсиз-да! Ўтиринг-е, домиллажон! Арши аълога десангиз
ҳам обориб қўяман!
– Ў! Кун қаёқдан чиқди?
Наби рўпарасига – йўл адоғида қорайиб турган дарага ишора
қилди. Сўнг:
– Киринг-да, энди!— деди.
– Бу мошинага ўтиргандан кўра...
– Оббо! Темирда нима айб? Эн-насини... – кейин у бирдан
жилмайди. – Хўп денг.
Ултон уф тортди, унинг ёнига ўтириши ҳамон Наби мошинани
тезлаб жўнади.
– Домилла дейман, сиз ҳеч бир курорт-пурортга бормайсиз-а?
– Курорт ана! – дея шимол ёқда осмонни тўсиб-чўкиб ётган
Олатоққа ишора қилди Ултон. – Курорт эмиш-а... Курортни сени
хўжайинингга чиқарган!
4
– Ундай деманг, домиллажон, – Наби лабининг икки четидан
осилган жичча муртини силаб қўйди. – Курорт – меҳнаткашлар ҳордиқ
чиқарадиган жой... – Сўнг авж қилди. – Улар маданий ҳордиқ чиқариб
келиб, ўзларини меҳнат қучоғига урадилар! – Кейин гапи ўзига наша
қилиб кетдими, бошини хам қилиб қийқиллаб кулди. – Ҳе, энағарлар...
Do'stlaringiz bilan baham: |