“Мендан қоладиган музей”, дейди. Қолдириб бўпти! Ҳозироқ
Ленинградига отправка қилаётгандир...
– Мумкин, – деди Ултон.
– Шунақа...
– Ундай бўлса, анави мачитни...
– Бир гап бўлар-да.
– Xўп. Бизга жавоб энди, – деди Ултон.
...Кўппак супа четида отга тикилиб ётган экан. Туриб ўтирди ва
калта думини ликиллатди. Ултон беихтиёр Олапарни эслади: униям
кўриш керак...
Гижингтойга минди-да:
517
– Xyш қолинг, – деди.
Дунёнинг кўзлари милтиллар (ёшга тўла) эди.
– Хуш боринг, – деди. – Лекин бир кор-ҳол юз берса, ёмон тўполон
бўлади...
Ултон яна ўз қадрини туйди. “Қизиқ...” дея отни ҳайдади.
Ёнғоқ барглари кўрпа бўлиб ётган (ёнғоқни қоқишган экан)
лойхонадан ўтиб, арчаларга оралади. Улар аксари паст бўйли. Лекин
ҳар биридан зағизғонлар худди ини бордек патир-путир учишади.
Осмон булутли, ҳамон тонг отаётгандай, айни чоғда куз нафаси
келар эди.
Ёнбағирда уч-тўртта қари тутлар кўринди-ю, Ултон бу ерларда
қачонлардир...
...одамлар яшаганини тахмин қилди.
У “Олатоғим бор!” деб, бу ёқдаги – ушбу Қоратоққа қизиқмаган,
бу тизмалар анави юксак чўққилар қошида тепаликка ўхшар ва назари
илмас эди.
Ултон икки ёнида тош қалама девор чўзилган ва хазонга тўлиб
кетган йўлга тушиб энарнан, тубанда сой кўринди: афтидан шунинг
давоми эди у ёқда сойлик.
Сўнгра шу – камсувли тошлоқ ёқалаб бораверса, карантин постига
чиқишни тахминлади: демак, бирон чақирим юқоридан йўл тортиб,
постни четлаб ўтади. Сўнг нари томондаги ёнбағирга ўрлаб,
Қизилмозорнинг устидан тушади.
Do'stlaringiz bilan baham: |