«Кухулиннинг Фердиад билан жанги». «Кухулиннинг Фердиад билан жанги» қиссаси Кухулиннинг қаҳрамонлигига бағишланган.
Қиролича Медб ва унинг эри Айлиль элчилар юбориб, Фердиадни Кухулин билан жанг қилишга ундайдилар. Агар Фердиад душманни енгса, унга катта тортиқ ва қизларини беражакларини айтадилар. Фердиад эса ўз дўсти билан курашмаслигини маълум қилади. Бу жавобдан ғазабланган Медб сеҳргар ва ёвуз қўшиқчиларни ишга солиб иғво ва фириб билан Фердиад ҳаётини хавф остида қолдиради. Фердиад ҳақоратдан кўра жанг қилиб ўлишни маъқул кўради. Иккала қаҳрамон учрашганида, Кухулин афсусланиб, бекорга келибсан, ахир биз бирга ўсган, дўстлашган, жанговар маҳоратимизни бирга оширган эдик. Аслида мен ғазаб ўти билан сенинг олдингга боришим керак эди, чунки сен кўп марта бостириб келиб, хотин-қизларимизни ҳақорат қилган, молларимизни босиб олиб кетган эдинг, дейди. Ҳар икки қаҳрамон бир-бирини аччиқ-аччиқ гаплар билан айблайди, ҳар иккаласи ҳам ўзини юқори қўйиб, жангда бир-бирининг ҳоли танг бўлишини айтади. (Фердиад билан Кухулин ўртасидаги бу суҳбат Алпомиш билан Кўкалдош ўртасидаги диалогни эслатади.) Кухулин билан Фердиад ўртасидаги жанг жиддий тус олади. Ҳужумчи қандай маҳорат билан ҳаракат этса, ҳимоячи ҳам шундай усталик билан унинг ҳамласини қайтаради. Улар турли қуроллар билан синашиб кўрадилар, лекин бир-бирларини енга олмайдилар. Учинчи куни оғир найзаларни ишга соладилар. Тўртинчи куни жанг яна ҳам авж олади. Кухулин юқоридан отилиб, душманнинг калласини узиб ташлашга уринади, бироқ ҳар сафар ҳам Фердиад уни қалқони билан уриб улоқтириб ташлайди. Кухулиннинг ғазаби ортиб, даҳшатли тусга киради. Энди улар яқиндаи туриб жанг қиладилар. Жанг шу қадар мудҳиш бўладики, ҳатто уларнинг отлари ҳам арқонларини узиб қочади. Фердиад найза учи билан Кухулинни кўкрагидан ярадор қилади, Кухулин ҳам охирги кучини йиғиб айрили найзасини отганида, қалқонни тешиб ўтган найза Фердиаднинг баданини жароҳатлаб, қонга белайди ва унинг тақдирини ҳал этади.
Ҳаёт ё ўлим учун курашган Кухулин зўр паҳлавонгина эмас, инакам инсон ҳам эди. Кухулин Фердиад менинг қўл ва оёқларимни қирқиб ташлаганда ҳам, унинг тирик қолишини истар эдим, дейиши унинг дўстига бўлган вафодорлигига ажойиб далилдир. Кухулин Фердиаднинг қиролича Медб найранглари қурбони бўлганидан қаттиқ изтироб чекади.
Антик эпослардаги Одиссей, Эней сингари номаълум ўлка – «нариги дунё»га саёҳат қилган Кухулин ўша ерда «илоҳий куч»ларга салбий қарайди.
Бу саргузаштларда («Кухулиннинг хасталиги» қиссаси) Кухулиннинг севгиси ҳақида ҳикоя қилинади. «Шодлик ўлкасига» борган Кухулин оғир синовдан ўтади, душман аскарларини мағлубиятга учратиб, малика Фанднинг диққатини ўзига тортади ва унинг истаги билан бир ойча яшаб, яна Ирландияга қайтади.
Кухулиннинг бир ўзи бутун бир душман қўшинининг ҳамласини қайтаради. Душман уни фақат маккорлик ва найранг билан ҳалокатга маҳкум этади. Қаттиқ жароҳатланган Кухулин йиқилиб ўлишни истамайди, баланд қояга суянади ва ўзини қайиш билан тошга боғлаб, қаҳрамонларча тик туриб ҳалок бўлади. («Кухулиннинг ўлими» қиссаси.)
Улад цикли қиссаларидаги шахсларнинг ҳеч бирини Кухулин билан таққослаш мумкин эмас. У афсонавий қаҳрамонлик хусусиятларини ўзида мужассамлаштирган, Ирландияни душман ҳужумидан сақлаш учун курашган зўр паҳлавон сифатида кўрсатилади.
Кельт қиссаларида қахрамонларнинг куч-қудратини ифодалашда муболағадан кенг фойдаланилган. Масалан, Кухулинда «жанговар ғазаб» туғилганда бутунлай ўзгариб, даҳшатли тусга киради, бўғинларини титроқ босади, товон ва тиззалари буралиб, суяклари ўз ўрнидан қўзғалади, мускуллари муштумдай бўртиб чиқади. Бир кўзи ичкарига ботиб, иккинчиси эса ташқарига чақчайиб чиқиб кетар эди... Оғзи қулоқлари томон кенгайиб бориб, тишларининг ғижирлашидан учқун чақнарди. Юрагининг тепиши йўлбарснинг бўкиришига ўхшар эди. Унинг даҳшатли ғазабидан булутларда чақмоқ пайдо бўлар эди. Бошидаги сочлари тоғолча дарахтининг новдалари сингари чалкашиб кетар эди. «Кухулиннинг Фердиад билан жанги» қиссасидаги мазкур тасвир ўзбек халқ қаҳрамонлик эпоси «Алпомиш»даги қалмоқ паҳлавонларининг тасвиридаги муболағани эслатади.
Кухулиндаги заифларга ва эзилганларга ёрдам бериш, ваъдага вафо қилиш, кўпчилик манфаатини ҳимоя қилиш каби хусусиятлар унинг олижаноблигидан дарак беради. У, вақти келганда, бир ўзи ҳам ватанини ёвуз душмандан ҳимоя қилади. Кухулин куч-қудрати, ақл-заковати, жасур ва чаққонлиги, душманга шафқатсиз ва дўстларига садоқатли ҳамда адолатли бўлиши билан ўзбек эпосининг қаҳрамони Алпомишни эслатади.
Кельт қиссаларидаги ҳар бир қаҳрамоннинг ўзига хос хусусиятлари бор: Фергус соддадиллиги, Кет дағал ва раҳмсизлиги, Найси жасур ва олижаноблиги, Эмер эрига вафодорлиги билан ажралиб туради. Ирланд қаҳрамонлик эпоси билан бир қаторда, фантастик туркумдаги қиссалар хам ўрта асрлар халқ поэзиясининг яхши намуналари сифатида диққатга сазовордир. Улар орасида севги темасидаги «Бейли ҳақида қисса», «Этайнга муҳаббат», денгиз саргузаштлари билан боғлиқ «Фебелнинг ўғли Браннинг сузиши» қиссалари анча машҳурдир.
Қадимги кельт эпоси Ғарбий Европа адабитига сезиларли таъсир кўрсатди. Кўп ёзувчилар ирланд афсоналарининг сюжетларига мурожаат этдилар. Масалан, улуғ инглиз драматурги Шекспир «Ёз кечасидаги туш» асарида «Этайнга муҳаббат» қиссасида ифодаланган инсон ва сид (пари) ўртасидаги севги муносабатларидан ижодий фойдаланди.
Do'stlaringiz bilan baham: |