ПРОВАНС ПОЭЗИЯСИ. ТРУБАДУРЛАР ЛИРИКАСИ
Феодаллашиш жараёнининг тугалланиши каролинглар империясининг сиёсий томондан мустақил бир қанча майда давлатларга ажралиб кетишига сабаб бўлди. Карл империяси ўз иқтисодий базасига эга бўлмаган вақтли ва заиф ҳарбий-маъмурий бирлашмалардан иборат эди. Унинг составига кирган халқлар ва қабилаларнинг тиллари хилма-хил бўлиб, ижтимоий тараққиётнинг турли босқичларига тааллуқли бўлганлар ва франклар исканжасидан қутулиш учун узоқ вақт курашиб келганлар. Бу вазият империянинг емирилишини муқаррар қилиб қўйган эди.
X аср бошларида Жанубий Франциянинг Прованс вилояти алоҳида давлат бўлиб ажралиб чиқади. Провансда деҳқончилик ва ипакчилик ривожланган эди. Ғарб ва Шарқ мамлакатлари билан денгиз савдосининг кучайиши Прованс иқтисодий кучининг яна ҳам мустаҳкамланишига таъсир этади. Бу ўлка маданий соҳада ҳам намуна бўлиб қолади.
Провансда аристократия гуруҳларига нисбатан шаҳар савдо-сотиқ табақаларига яқин бўлган, маълумотли ва янгиликка мойил рицарлик юзага келади. Ф.Энгельс кўрсатиб ўтганидек, «прованс миллати» ўрта асрда Европа тараққиётининг бошида турар эди: «У янги даврнинг ҳамма миллатларидан биринчи бўлиб адабий тилни яратди. Унинг поэзияси барча роман халқлари, ҳатто немис ва инглизлар учун ҳам, ўша вақтда эришиб бўлмас намуна бўлиб хизмат этди...».
Дастлаб Прованс феодал синьорлари дунёвий рицарь маданиятининг нфодаси бўлган куртуаз поэзияси юзага келади. Бу адабиёт саройга хос «куртуазча» нафислик, одоб-тавозе, хонимларга нисбатан хушмуомалаликни талаб қилади. Аёллар культи – аёлларни улуғлаш Прованс шоирлари – трубадурлар ижодида асосий ўрин эгаллайди
Трубадур сўзи провансча – тробар (французча – трувер) – топмоқ, ижод этмоқ деган маънони билдиради. Бадиий стиль устида изланиш ҳам шу маънодан келиб чиққан. Прованс қўшиқчилари – трубадурлар ўртасида рицарлар ва феодал зодагонларининг вакиллари кўпчиликни ташкил этар эди. Шунинг учун ҳам Прованс қўшиқчиларининг севги лирикасида рицарнинг феодалга садоқат билан хизмат этиши, сюзерн – вассал муносабатлари ҳақидаги қоида сақланади. Трубадур ўзини хонимнинг вассали деб ҳисоблаб, унинг гўзаллиги, олижаноблигини куйлар ва уни идеаллаштирар эди. Унинг ишқи «қайғули» бўлса ҳам, лекин «лаззатли» эди. Трубадурлар лирикасидаги муҳаббатда шартли нарсалар, хонимга куртуазча хизмат қилиш сарой расм-одатининг бир кўриниши сифатида акс этишига қарамай, унда рицарь қоидалари ниқоби остида инсоний ҳис-туйғулар ҳам ўз ифодасини топади. Феодал жамияти шароитида никоҳнинг моддий ва табақа манфаатларига асосланганини назарга олганда, бу туйғунинг никоҳдан ташқарида ўз ифодасини топгани характерлидир. «...ўрта асрлардаги рицарь муҳаббати – асло эр-хотинлик муҳаббати эмас эди». Масалан, провансликлар ўртасида классик шакл олган рицарь мухаббати эр-хотинлик садоқатига зид эди, лекин шоирлар уни мадҳ қилар эдилар.
Трубадур қўшиқчиларн поэзияси интим лирика «янги услуб» ва Уйғониш даври лирикаси ривожи учун замин ҳозирлади. Трубадурлар поэзиясида севги темаси прованс халқ хори қўшиқларидан келиб чиққанини кўрсатадиган аломатлар мавжуд. Лекин уларда халқ қўшиқларидаги соддалик ва табиийлик сақланмаган. Трубадурлар шеърнинг шаклига, қофияланишига ортиқча эътибор берар эднлар.
Лирикада серҳашамлик, шеърий форманинг ҳаддан ташқари оғирлиги бадиийлик ва мазмунга путур етказади. А.С.Пушкин «Классик ва романтик поэзия ҳақида» деган мақоласида трубадурлар «қофия билан ўйнадилар, қофия учун шеърларни турлича ўзгартиришни ихтиро қилдилар, энг оғир шаклларини ўйлаб чиқардилар», деб кўрсатган эди.
Прованс адабиёти юқори босқичга кўтарилган XВИ асрнинг иккинчи ярмида трубадур поэзиясидаги икки услуб, «ёрқин услуб» билан «туманли услуб» ўртасидаги мунозаралар моҳият эътибори билан прованс адабиётидаги демократик ва аристократик йўналишлар ўртасидаги курашни кўрсатар эди. «Туманли услуб» тарафдорларининг шеърлари кинояли сўзлар, мураккаб ва мавҳум иборалар билан тўла бўлиб, улар ўз мақсадларининг авом халқ тушуниб етмаслигини истар эдилар.
Do'stlaringiz bilan baham: |