«Гудруна». Немис қаҳрамонлик эпосининг қадимги намуналаридан яна бири XИИ асрда яратилган «Гудруна» поэмасидир.
Бу асарнинг бошида Ирландия қиролининг ўғли Хаген билан боғлиқ воқеалар ҳикоя қилинади. Болалик чоғида уни йиртқич қуш гриф чангаллаб олиб қочади. Лекин Хаген тасодифан қалин ўт ичида яшириниб қутулиб қолади ва худди ўзи каби бахтсизликка учраган уч ёш маликага дуч келади. Улар Хагенга ёрдам қиладилар. Бола ўсиб вояга етади. У кема ҳалокати вақтида ўлган жангчининг ёнидаги қуролини олиб, йиртқич ҳайвонларни қириб ташлайди. Кўп воқеаларни бошидан кечириб ватанига қайтган Хаген ўзи билан келган уч маликадан бирига уйланиб, Хильда исмли қиз кўради.
Поэманинг иккинчи қисмида Хильда билан боғлиқ воқеалар акс этади.
Қирол Хаген қизи Хильдага келган совчиларни менсимай уларни ўлдиришга буюради. Хильданинг гўзаллигини эшитган хегелинглар қироли ёш Хетель ҳам Ирландияга киши юборади. Улар ўзларини Хетель томонидан қувилган исёнкор вассаллар, деб танитадилар. Келганлар орасида Хорант исмли киши бўлиб, у сеҳргар қўшиқлари билан барча тингловчиларни, жумладан, қиролича Хильдани ҳам мафтун этади. Хорант Хильдага қирол Хетелнинг истагини айтади. Қиролича улар билан хегелинглар юртига эргашиб кетади ва Хетель билан топишади.
Поэманинг учинчи – охирги қисмида Хетель ва Хильданинг қизи Гудрунага тегишли воқеалар тасвирланади. Норманн герцоги Хортмут хегелинглар юртига бостириб келиб, ҳуснда тенгсиз Гудрунани олиб қочади. Қирол Хетель қизининг севгилиси – Зеландия қироли Хервег билан душман изидан қувиб бориб жангда ҳалок бўлади. Катта талафотга учраган Хервег хегелинглар дружинаси билан орқага қайтади, ёш дружина ўсиб чиққунича душмандан ўч олишни кечиктиради. Гудруна ўз севгилисига содиқ қолиб, герцог Хортмутга турмушга чиқмай, асира сифатида яшайди. Ўн уч йил ўтгач, Хервег дружина тузиб, норманнлар мамлакатига боради. Гудрунани дугонаси билан денгиз бўйида кир ювиб ўтирган вақтида учратади ва душманни тор-мор этиб, уни асирликдан қутқаради.
Қиз олиб қочиш темаси Скандинавиянинг бошқа манбаларида ҳам учрайди. Бу эса Скандинавия эртакларида патриархал-қабила тузумининг энг эски анъаналари – «қиз ўғирлаш» ва уни пул тўлаб қутқариб олиш одатига боғлиқ бўлган никоҳ акс этади. Немисча поэмада эса кейинги вақтлардаги норманнларнинг даҳшатли урушлари кўрсатилган. Хетелнинг совчилиги XИИ асрга хос олди-қочди ҳаракатлар билан денгизнинг нарёғига қиз ахтариб бориш, унга эришиш йўлида учраган қийинчиликларни енгиш, жасорат кўрсатиш, шунингдек, салиб юришлари давридаги баъзи бир кайфиятлар билан боғланиб кетади.
Do'stlaringiz bilan baham: |