«Сид ҳақида қўшиқ». «Қўшиқ»нинг яратилиш тарихи ва темаси. Мамлакатда реконкиста ҳаракати авж олган бир даврда яратилган испан халқ қаҳрамонлик эпосининг ажойиб ёдгорлиги «Сид ҳақида қўшиқ» дир. Бу «Қўшиқ» 1140 йилларда бунёдга келган бўлиб, унинг XИX аср бошларида ёзиб олинган қўл ёзма нусхаси сақланган. «Қўшиқ» тадқиқотчилар томонидан уч қисмга бўлинган.
Биринчиси – «Қувилиш ҳақида қўшиқ», унда қирол Альфонс билан жанжаллашиб қолган Сиднинг қувилиши тасвирланади. Лекин бу воқеанинг сабаблари баён этилган асарнинг бир қисми сақланмаган.
Мамлакатни ташлаб кетишга мажбур этилган Сид ўзининг бир неча содиқ кишилари билан йўлга чиқади. Қиролнинг Сидга бошпана бермаслик ҳақидаги фармонидан хабардор бўлган халқ ажойиб баҳодир Сидга ачинади, лекин ёрдам беришга ботина олмайди. Сид ва унинг кишиларини ҳатто бозорларга ҳам қўймайдилар. Бироқ шундай оғир вазиятда Мартин Антолинес дўсти Сид ва унинг дружинасига жой беради. Сид қувлик билан бўлса ҳам, ўз аскарларини боқиш тадбирларини кўради: ичига қум тўлдирилган ва қаттиқ беркитилган сандиқларни, ичида қимматли зийнат асбоблари бор деб, икки яҳудий савдогарга омонатга қўяди, эвазига улардан зарур миқдорда пул олади ва ўзининг ҳарбий юришлари учун иқтисодий замин тайёрлайди. Сид 60 жангчидан иборат отряд тузиб, Сан-Педро де Карденья монастирига боради, у ерда яшаётган хотини ва икки қизи билан хайрлашгач, маврлар ерига қараб йўл олади. Турли тоифадаги оддий кишилар йўлда Сиднинг отрядига қўшиладилар. Маврлардан олган ўлжаларидан бир қисмини Сид Альфонсга тортиқ қилиб юбориб туради, қолганини эса жангчиларига улашиб беради.
«Тўй ҳақида қўшиқ» деб аталадиган иккинчи қисмда Сиднинг Валенсия вилоятини қўлга киритиши ва мустақил ҳоким сифатида иш кўриши баён этилади. Тортиқлардан хурсанд бўлган қирол Альфонс Сиднинг хотини ва қизларининг у билан учрашувига рухсат этади. Шундан кейин қирол билан Сид учрашиб, бир-бирлари билан ярашадилар. Сиднинг катта бойликларни қўлга киритаётгани ва қиролнинг унга яхши муносабатини билган граф де Каррионнинг ворислари қирол орқали Сиднинг қизларини сўратадилар. Қиролнинг сўзини рад эта олмаган Сид қизларини катта мол-мулк билан узатади, куёвларини ҳурматлаб, икки қилич ҳам тақдим этади.
Поэманинг «Корпес ҳақида қўшиқ» деган учинчи қисмида Каррион ворисларининг разиллиги тасвирланади. Шу ўртада кўнгилсиз бир воқеа юз беради. Қафасдан қочган йўлбарсга дуч келган куёвлардан бири стол тагига яширинади, иккинчиси дарахт тепасига чиқиб кетади. Душманга рўпара бўлганда ҳам уларнинг қўрқувга тушиб орқага чекинишлари турган гап эди. Сид ва унинг жангчилари куёвларни мазах қиладилар. Граф де Каррионнинг ворислари бунга чидаёлмай қасос олиш йўлини қидирадилар. Улар ўз юртларини кўрсатиш баҳонаси билан хотинларини Корпес ўрмонзорига олиб чиқадиларда, уларни уриб, қамчи билан савалаб, дарахтга боғлаб кетадилар. Куёвларининг мунофиқлигидан дарғазаб бўлган Сид қирол ҳузурига вакил юбориб, воқеани билдиради ва Кортес чақириб, гуноҳкорларни жазолашни талаб қилади. Кортесда граф де Каррион ворислари ва уларнинг ҳимоячилари ўзларининг насл-насабларини пеш қилиб, Сидга қарши хуруж қиладилар. Сид ҳам дадил ва бамайлихотир пухта режа тузиб, улар билан олишишга тайёргарлик кўради. Кортес ҳар икки томондан учтадан вакил олиб, шулар ўртасида жанг ўтказиш тўғрисида қарор қилади. Олишувда Сиднинг баҳодирлари граф де Каррион ворисларини мағлубиятга учратиб тантана қиладилар. Шу вақтда Наварра ва Арагон шаҳзодаларидан Сид қизларига совчилар келади.
«Қўшиқ» Сиднинг узил-кесил ғалабасини мадҳ қилиш билан тугайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |