Асосий образлар. «Қўшиқ»да Франция ягона бир давлат сифатида қадрланади, унинг императори Карл, «азиз Франция» учун жон фидо қилган қаҳрамон Роланд улуғланади.
Феодал тарқоқлик ҳамда ўзбошимчалик ҳукм сурган бир вақтда мамлакатнинг бирлигини тиклаш учун жафокаш омманинг марказлашган ҳукумат атрофига уюштирилиши ижобий ҳодиса эди, шунинг учун ҳам Ф.Энгельс таъкидлаганидек, қироллик ҳокимияти «тартибсизлик ичида тартиб вакили эди».
Қўшиқда воқеалар халқ эпосига хос тарзда муболаға билан берилади, қаҳрамонлар (Роланд, Оливер, Карл) фавқулодда қудратли, забардаст қилиб кўрсатилади.
Роланд ўз сюзернига содиқ вассал, ҳар қандай оғир вазиятда ҳам ватанини ҳимоя қилишдан қайтмайдиган, қаҳратон совуққа ҳам, жазирама иссиққа ҳам бардош берадиган мард ва жасур жангчидир. Роланднинг жўшқин ватанпарварлиги сотқин феодал Ганелоннинг мунофиқлигига қарама-қарши қўйилади.
«Қўшиқ»да муҳим ўрин тутган Ганелон образида замоннинг сиёсий зиддиятлари ва феодал ўзбошимчаликлари қораланади. У қандайдир тасодифий ёки ўз шахсий манфаати йўлида ҳаракат қилувчи мунофиққина эмас, балки инсоний фазилатлардан маҳрум ёвуз феодал сифатида гавдаланган бир типдир. «Қўшиқ»да Ганелон образи катта бадиий умумлашма даражасига кўтарилган. У қўрқоқ жангчи эмас, балки жасур ва салобатли кишидир. Роланд уни Сарагос султони Марсилий ҳузурига Карл томонидан вакил бўлиб борсин, деб таклиф қилганида, у бундай топшириқнинг хавфли эканини билса ҳам, бўйин товламайди. Лекин Роланднинг бу таклифини ўзини ҳалокат ёқасига судровчи зимдан қилинган адоват белгиси, деб тушунади, бинобарин, ундан ўч олмоқчи бўлганини яширмайди. Карл ҳузурига келган Марсилийнинг вакили Бланкандрин билан йўлда кета туриб, у билан ўзининг қора нияти ҳақида келишиб олади. Бироқ султон билан учрашганида ўз мақсадини билдирмайди, балки Сарагос ҳокимига дўқ уради. Карлнинг христиан динини қабул қилиш ҳақидаги талабини айтиб, уни ғазаблантиради ва ўз ҳаётини хавф остида қолдиради. Марсилий билан тил бириктираётган вақтда ҳам саросимага тушмайди. Карл ҳузурига қайтган Ганелон душман билан сулҳ шартномаси тузилганини билдиради. Арьергардда кимнинг отрядини қолдириш масаласи қўйилганда, у Роланд дружинасини қолдириш тўғрисида таклиф киритади.
Шундай қилиб, Роланд аскарлари қўшин кетидан боради. Сарацинлар бу вазиятдан фойдаланиб, арьергардга ҳужум бошлайдилар. Ронсеваль дарасида юз берган бу даҳшатли жангда душман ташлаган катта куч билан мардонавор олишган Роланд ва Карлнинг бошқа баҳодирлари ҳалок бўладилар. Бу фожианинг сабабчиси Ганелон хоин сифатида судга берилганида ҳам, у ўзини йўқотиб қўймайди, Карлга хиёнат қилмагани ва фақат ҳақорат этган Роланддан ўч олганини эътироф этади.
Ганелон қариндош-уруғларидан ўзини ўлимдан сақлаб қолиш учун чора кўришларини сўрайди. Даҳшатли Пинабель унга ёрдам беришга тайёр эканини билдиради. Роландни энди тирилтириш мумкин эмас, шу сабабли баронлар қиролдан Ганелоннинг гуноҳини кечиришини сўрайдилар. Лекин бундай ноўрин илтимосга рицарь Тьерри қарши чиқади, хоин ва сотқин Ганелон ўлимга маҳкум этилиши керак деб, унинг ҳомийлари билан жанг қилишга тайёр туради. Тьерри якка жанг («худо суди»)да Пинабелни ўлдиради. Бу Ганелоннинг нохақ эканига яна бир далил бўлади.
Шунингдек, асарда Роланд билан унинг дўсти Оливьенинг образлари ҳам бир-бирига қарама-қарши қўйилади, икки ижобий қаҳрамоннинг хусусиятлари қиёс қилинади. Роланднинг ўз кучига ортиқча ишониши, мардлигини Оливьенинг донолиги билан таққослаш фонида поэма қаҳрамонларининг индивидуал хусусиятлари ва ватанпарварлиги янада бўрттирилади.
Ронсеваль дарасида юз берган даҳшатли воқеа, Роланд дружинасининг фожиали ҳалокати, граф Ганелоннинг хоинлиги Карл қўшинига катта талафот етказади. Шунинг учун ҳам воқеа Роланднинг ўлими билан тугамайди, балки Карлнинг ўз душманларидан ўч олишини баён этиш билан якунланади. Фожиа хабарини эшитган Карл аскарлари билан орқага қайтиб Роланд ва бошқа ҳалок бўлган жаигчилари учун ўч олиб, «мажусий» душманларни тор-мор этади, сўнгра мунофиқ Ганелонни қаттиқ жазолаб ўлдиради. Ганелон ўз манфаатини мамлакат манфаатидан устун қўйган ва ўша жамиятнинг ярамасликларини мужассамлантирган худбин, эгоист бир шахсдир. Ганелон образи орқали халқ оммаси бошига сон-саноқсиз кулфатлар келтирган, мамлакат қудратига путур етказган феодал фитначилиги қораланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |