«Роланд ҳақида қўшиқ». Қўшиқнинг яратилиш тарихи. Халқ бадиий ижодининг ажойиб намунаси сифатида маълум ва машҳур бўлган «Роланд ҳақида қўшиқ» 4002 мисрадан иборатдир. Поэманинг дастлабки нусхаси Оксфорд тексти ҳисобланади. У Англияда 1170 йилларда ёзиб олинган. Поэманинг ўзи XИ аср охири ва XИИ аср бошларида яратилиб, асрлар давомида оғиздан-оғизга ўтиб келган, у сўнгги даврларда бадиий томондан мукаммаллаштирилиб ихчам шаклга келтирилган.
«Қўшиқ»да франклар қироли Карлнинг мавр-сарацинлар билан олиб борган жанги, душман томонидан ўлдирилган қаҳрамон Роланд учун қасос олиши ҳикоя қилинади. Поэманинг ғоявий мазмуни унинг негизида ётган тарихий воқеалар тавсифида равшанлашади. Бағдод халифаси тарафдорлари Карлга мурожаат қилиб, Испанияда мустақил мусулмон давлати ўрнатган Абдураҳмонга қарши курашда ундан мадад сўрайдилар. Испания маврларининг ўзаро жанжалига аралашган Карл 778 йилда Пиреней тоғларидан ўтиб, кўп ерларни эгаллайди, Сарагос шаҳрини бир неча ҳафта қамал қилиб туради, лекин у орқага чекинишга мажбур бўлади. Пиренейдан ўтиб кетаётган вақтида ўз ерларининг топталганидан ғазабланган басклар кечаси Ронсеваль дарасида қўшиннинг орқа қисмига қўққисдан ҳужум қиладилар. Карлнинг замондоши тарихчи Эгинхард бу воқеа ҳақида шундай деб ёзган эди: «...басклар тоғнинг энг чўққисида пистирма ўрнатиб... юқоридан ҳужум қилиб, юк ортилган аравалар ва олдиндаги қисмларни ҳимоя қилнб бораётган арьергарддагиларни пастликка улоқтириб ташладилар. Сўнгра жангга киришиб, уларнинг бирортасини ҳам қолдирмай қириб юбордилар, ўзлари эса юк араваларни талаб, кеч қоронғилигидан фойдаланиб, тезлик билан турли томонга қочиб кетдилар. Бу жангда бошқа кўп кишилар билан бир қаторда қирол хизматчиси Эггихард, пфальцграф Ансельм, Бретон маркасининг бошлиғи Хруодланд ҳам ўлдирилган эди». Хруодланд чегара маркаси (жамоаси)нинг бошлиғи - поэманинг қаҳрамони Роланднинг ўзидир.
Карлнинг шимолий Испанияга муваффақиятсиз юриши диний кураш билан сира алоқадор бўлмаганлигига қарамай, қўшиқчи-ҳикоячилар бу воқеани ғайри диндаги араблар билан бўлган етти йиллик урушга боғлайдилар. Карл қўшинининг Ронсеваль дарасидаги ҳалокатини ҳам баск-христианларнинг хиёнати эмас, балки испан арабларининг ёвуз душманлиги, деб кўрсатадилар.
Поэмадаги воқеа ВИИИ асрга оид бўлса ҳам, лекин унинг мазкур асарда бадиий ифодаланиши, оғиздан-оғизга ўтиб мукаммаллашиши икки-уч аср юзини кўради, бу даврларда эса Европа феодалларининг испан маврларига қарши кураши, француз монахларининг «ғайридин»ларга қарши салиб юриши давом этаётган эди. Поэмадаги ватанпарварлик ғоясининг диний қобиққа кириб қолиши ҳам шу билан изоҳланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |