Дала харитасига даладаги барча геологик кузатиш натижалари: геологик чегаралар, интрузив массивларнинг контури ва уларнинг ички ва ташқи контакт зоналари, стратиграфик комплекслар орасидаги чегаралар, ер ёриқлари, томирлар ва дайкалар, таянч горизонлари, маъданли нуқталар ва маъданли ётқизиқлар ҳамда кузатиш нуқталари ва хариталаш маршрутлари туширилади. Ажратилган ҳажмли объектлар қаламда кучсиз бўялади.
Харита миқёси бўйича ўлчами 2 мм дан катта изометрик ва, 1 мм дан катта бўлган чўзинчоқ геологик объектлар харитага туширилади. Ўлчами ундан кичик бўлган муҳим объектлар эса, йўналиши ва шакли сақланган ҳолда, миқёссиз кўрсатилиши мумкин.
Шуни эсда тутиш лозимки, қатламлар, ер ёриқлари, томирлар ва бошқа объектларнинг ётиш элементлари тоғ компасида ўлчанган бўлса, ўлчаш натижалари бевосита кузатиш нуқтасининг ўзида харитага туширилиши керак.
Маршурутдан қайтгандан кейин дала харитасига қаламда туширилган барча маълумотлар тушда қайта чизилади ва улар партия базасида сақланадиган хаританинг асосий нусхасига кўчирилади.
Тоғ лаҳимларини ҳужжатлаш.
Геологик хариталаш ва қидирув ишлари жараёнида канавалар, шурфлар, шахталар, штольнялар ва бурғи қудуқлари каби турли хил тоғ лаҳимлари қазилиши мумкин. Лекин шахталар, штольнялар ва бурғи қудуқлари жуда кўп вақт ва маблағ талаб қилгани учун энг зарур ҳоллардагина қазилиши керак.
Тоғ лаҳимлари ҳужжатлаштирилиб бўлгандан кейин уларнинг барчаси кўмилиши ёки оғзи ёпилиши лозим. Ҳар бир тоғ лаҳимининг ўрни харитада ёки аэрофотосуратда махсус шартли белги ёрдамида кўрсатилади.
Канавалар элювиал ва пролювиал-делювиал жинслар билан қопланиб қолган туб тоғ жинсларини очиш мақсадида қазилган ариқсимон тоғ лаҳими ҳисобланади. Канаваларнинг эни 0,8-1 м, узунлиги қоплама жинсларнинг кенглиги, чуқурлиги эса уларнинг қалинлигига боғлиқ. Одатда уларнинг чуқурлиги 2-3 м га боради. Канавалар геологик хариталаш ва қидириш ишларида кенг қўлланилади.
Канаваларни ҳужжатлаш учун махсус журналлар қўлланилади. Улар қалин муқовали, ўлчами 25х40 см, ҳажми 80-100 варақли китобча шаклида бўлиб, варақлари миллиметровкали қоғоздан иборатдир.
Бу журналларда, дала дафтарчасидан фарқли ўлароқ, канаванинг чизмаси ўнг бетида, тушинтириш ёзуви эса чап бетида берилади. Канаваларнинг деворларидан бири ва асоси ҳужжатлаштирилади (1-расм). Бунда тоғ жансларининг таркиби, геологик чегаралари, контактлари, структура ва текстуралари, қатламлар, ер ёриқлари ва уларнинг ётиш элементлари ҳамда бошқалар шартли белгилар ёрдамида чизмада кўрсатилади.
Шурфлар кўндаланг кесими квадрат ёки тўртбурчак шаклида, тик қазилган тоғ лаҳими бўлиб ҳисобланади. Шурфларнинг эни ва бўйи 1,5-2 м, чуқурлиги одатда 10-40 м бўлади. Шурфлар қалинлиги юқори бўлган аллювиал-пролювиал жинсларда геологик хариталаш ва қидирув мақсадида қазилади. Шурфлар орасидаги масофа 20-40 м ни ташкил этиши мумкин.
Шурфларни ҳужжатлашда ҳам қаттиқ муқовали миллиметровкали журналлардан фойдаланилади. Шурфларнинг икки қўшни девори ҳужжатланади (2-расм). Шурфларда аллювиал-пролювиал жинсларнинг таркиби, структура, текстураси ва бошқа хусусиятлари, агар улар туб тоғ жинсларида қазилган бўлса, қатламларнинг ёки бошқа геологик объектларнинг ётиш элементлари ҳам ўлчанади.
1-расм. Канавани ҳужжатлаш намунаси. 1-делювиал қоплама жинслар, 2-туб жинслар, 3-томирлар, 4-ётиш элементлари, 5-намуна олинган нуқталар, 6-йўналиш азимути
2-расм. Шурфни ҳужжатлаш намунаси. 1-делювиал қоплама жинслар, 2-элювий жинслари, 3-магматик жинслар, 4-ўзгарган зоналар, 5-контакт ўзгариши, 6- намуна олинган жойлар.
Шахталар-шурфлар каби тик қазилган тоғ лаҳими ҳисобланиб, одатда уларнинг
чуқурлиги 50-400 м бўлади. Улар туб тоғ жинсларида қидирув ва разведка ишларини ўтказиш ҳамда фойдали қазилмаларни қазиб чиқариш мақсадида қазилади.
Шахталарни ҳужжатлаш ҳам шурфларникига ўхшаш бўлади. Шахталар ёрдамида жойнинг ички геологик тузилиши, тоғ жинсларининг таркибий ўзгаришлари, фойдали қазилма ётқизиқлари хусусиятларини ўрганиш мумкин.
Штольнялар-тоғ ёнбағирларида горизонтал ёки паст қияликдаги ертўла шаклидаги тоғ лаҳими бўлиб, туб тоғ жинсларида қидирув ва разведка мақсадларида ўтказилади. Штольнялар кўндаланг кесими 3х4 м, узунлиги 200-300 м ва ундан ҳам ортиқ бўлиши мумкин.
Штольняларнинг ҳар тўрт девори махсус журналларда ҳужжатлаштирилади. Штольнялар ёрдамида тоғнинг ички қисмидаги тоғ жинсларнинг таркиби, геологик структуралар ва фойдали қазилмалар ўрганилади.
Бурғи қудуқлари - бурғилаш ёрдамида тик ёки қия қазиладиган тоғ лаҳими бўлиб, геологик хариталаш, қидирув ва разведка мақсадларида қазилади. Бурғи қудуқларининг кўндаланг кесими доира шаклда, диаметри 3- 30 см бўлиши мумкин. Бурғи қудуқлари ҳам туб тоғ жинсларида қазилади. Тоғ жинслари юмшоқ бўлса, бурғи қудуғининг деворлари металл қувур (обсадка) туширилиб, мустаҳкамланади. Бурғи қудуқларидан цилиндр шаклидаги тоғ жинслари-кернлар чиқариб олинади.
Бурғи қудуқлари махсус журналларда ҳужжатлаштирилади. Бундай журналлар ҳам қаттиқ муқовали, миллиметровкали варақли бўлиб, унда тоғ жинсларининг стратиграфик устуни кўрсатилади ва оралиқлар бўйича тоғ жинсларининг таърифи берилади.
Хариталаш ва қидирув мақсадида қазилган барча тоғ лаҳимларидан махсус йўриқномалар талабига асосан турли лаборатория таҳлиллари учун тоғ жинсларидан намуналар олинади.
Do'stlaringiz bilan baham: |