Хариталаш маршрутлари бўйлама, кўндаланг ва контурлаш каби турларга бўлинади.
Бўйлама маршрутлар ёрдамида узоққа чўзилган геологик объектлар (таянч горизонтлари, номувофиқлик юзалари, ер ёриқлари, дайкалар ва ҳ.к.) харитага туширилади. Бунда маршрутлар ушбу объектлар йўналиши бўйлаб ўтади. Бўйлама маршрутларда, агар улар таянч горизонтларини хариталаш мақсадида ўтилаётган бўлса, маршрут бўйлаб геологик вазият сезиларли даражада ўзгармайди. Агар бундай объектлар ёндош жинсларни ёрувчи бўлса (ер ёриқлари, дайкалар ва томирли жинслар), у ҳолда ёндош жинслардаги геологик вазият ўзгарувчан бўлади.
Бўйлама маршрутлар ҳудуднинг умумий структуравий планини белгилашда муҳим аҳамиятга эга. Шунинг учун ҳам улар бошқа маршрутларга нисбатан олдин бажарилиши керак.
Кўндаланг маршрутлар қатламлар, горизонтлар, структуралар йўналишига нисбатан перпендикуляр ҳолда ўтган бўлади. Кўндаланг маршрутлардаги ҳар бир кузатиш нуқтасида геологик вазият бошқача бўлиши мумкин. Бунда тоғ жинсларининг таркиби, ётиш элементлари, ёши ва бошқа хусусиятлари тез ўзгарувчан бўлади ва геологик чегаралар тез-тез учрайди.
Контурлаш маршрутлари изометрик шаклдаги геологик объектларни (шток, некк ва бошқалар) харитага туширишда фойдаланилади. Бунда геолог ушбу объект контакти бўйлаб юради ва кузатиш нуқталари галма-гал ички ва ташқи контакт зоналарида жойлаштирилади.
Изометрик шаклдаги интрузияларнинг контури харитага туширилгандан сўнг унинг ички қисмидаги фазаларини, дайка ва томирларни харитага тушириш учун параллел маршрутлардан фойдаланилади.
Ҳар уч турдаги хариталаш маршрутлари биргаликда қўлланилиб, хариталанаётган ҳудуднинг майдони пойма-пой кузатиш нуқталари билан қопланиб борилади.
Хариталаш жараёни жуда ҳам мураккаб бўлганлиги туфайли геологдан кўп билим, тажриба ва малака талаб қилади. Турлича геологик вазиятларда мунозарали масалалар вужудга келиши туфайли хариталаниб бўлган майдонлар бир неча бор такрор ўрганилиши мумкин. Баъзан параллел маршрутлар бўйича бир неча геологлар ўтишади. Бунда улар бир-бирининг хатосини тузатади ва ишини назорат қилади.
Хариталаш маршрутлари асосан пиёда бажарилиши керак. Юриш оғир бўлганда от-уловлардан ҳам фойдаланиш мумкин.
Геологик хариталаш жараёнида барча ажратилган геологик объектлар дала харитасига шартли белгилар ёрдамида туширилиб борилади. Бунда асосий эътибор геологик чегараларга, тоғ жинсларининг таркибига, органик қолдиқларга ва маъданли нуқталарга қаратилади.
Геологик хариталашда геоморфологик ва гидрогеологик кузатишлар ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Do'stlaringiz bilan baham: |