Невронларнинг асосий физиологик хусусиятлари
Нерв системасининг фаолияти ҳар бир невроннинг функционал ҳолатига боғлиқ. Нерв ҳужайрасининг функционал ҳолати эса ўз навбатида унинг протоплазмаси, ўзаги ва нерв толаларида рўй берувчи мураккаб кимёвий ва биофизик жараёнларга боғлиқ. Нерв системасининг ҳар қандай оддий (масалан, нерв импульсларини ўтказиш) ва мураккаб (руҳий ҳолат) функциялари асосида ўзига хос ўзгарувчан морфологик ва биохимик жараёнлар ётади.
Невронлар кўзғалувчанлик ва ўтказувчанлик хусусйятига эга. Нерв ҳужайрасининг дендритлари унинг рецептор (қабул қилувчи) қисми ҳисобланади. Рецепторлар ташқи ва ички таъсиротларни қабул қилиб, нерв импульсига айлантириб беради. Импульслар ўз навбатида ҳужайра томон йўналиб, уни қўзғатади. Қўзғалиш натижасида қайта ҳосил бўлган нерв импульслари шу ҳужайранинг аксонларига ўтади. Шундай қилиб, ҳужайранинг ичида ҳосил бўлувчи импульс доимо дендритдан аксон томон йўналиб туради. Бунга динамик поляризация қонуний дейилади. Аксон иккинчи неврон дендрити ва ҳужайра танаси атрофида жуда кўп тармоқчаларга бўлинади ва майда тугунчалар (синапслар) ҳосил қилиб тугалланади. Синапс деб аталувчи мураккаб тузилмалар ёрдамида импульс биринчи невроннинг аксони орқали иккинчи неврон дендритига ўтади.
Нерв импульсларининг нормал йўналиб туриши учун нерв толаларининг бутунлиги, яъни узилган бўлмаслиги асосий шартлардан бири ҳисобланади; синапсда эса (бир нейрон билан иккинчи нейрон боғланган жойда) толалар узилган бўлади. Бу ерда импульсни бошқа механизмлар – медиаторлар деб аталувчи кимёвий моддалар ўтказади. Қўзғалиш вақтида аксоннинг пресинаптик мембранасида ацетилхолин, катехоламинлар, 5-гидрок-ситриптамин, субстанция Р, гаммааминомой кислота (ГАМК), глютамат деган медиаторлар ҳосил бўлади, уларнинг постсинаптик мембранага таъсир этиши натижасида импульс кейинги нейрон дендритига ўтади.
Ацетилхолин. Ацетилхолин ёрдамида импульсни ўтказувчи синапслар холинергик ўтказгич деб аталади. Ацетилхолиндан таъсирланувчи рецепторларга холинорецепторлар дейилади. Холинорецепторлар икки хил: никотиндан таъсирланувчи, яъни никотинсезгич рецепторлар ва мускариндан таъсирланувчи, яъни мускаринсезгич рецептор бўлади. Кўндаланг тарғил мускул толаларида жойлашган хеморецепторлар никотин сезгич рецеп-торларга киради, вегетатив тугунлардаги нерв импульсини қабул қилувчи хеморецепторлар эса мускаринсезгич рецепторларга киради.
Катехоламинлар. Адреналин, норадреналин ва допамин каби медиаторлар катехоламинлар жумласига киради.
Катехоламинлар ёрдамида импульс ўтказувчи синапсларга адренергик синапслар дейилади.
Норадреналин асосан симпатик нерв толаларининг учида ҳосил бўлади. Марказий нерв системасидаги гипоталамусда ва мия устунининг тўр формациясида норадреналин ҳаммадан кўп тўпланади. Допамин эса пўстлоқ ости тугунларида жойлашган. Гипоталамусда 5-гидрокситриптамин юқори даражада концентрациялашгандир.
Do'stlaringiz bilan baham: |