1. Калта, сершох ўсиқчалар (дендиритлар)
2. Узун ўсиқча (аксон ёки неврит)
Аксонларнинг тузилишига қараб нерв ҳужайралари икки турга бўлинади.
Биринчи турдаги ҳужайра – катта ва аксонлари узун бўлиб (масалан, пирамида йўли, спиноталамик ва ганглиобульбар йўллар), узун нерв йўлларини ташкил этади. Бу аксонлар бошқа кўп нейронлар билан алоқада бўлади. Айрим ҳужайралар аксонининг узунлиги бир метрдан ошади, шунинг учун унинг ҳажми ҳужайра ҳажмидан бир неча марта катта бўлади. Одам орқа миясидаги олдинги шох ҳужайранинг ҳажми 864000 куб микрон бўлса, аксоннинг ҳажми 108000000 куб микронга тенг. Демак, аксоннинг ҳажми ҳужайра ҳажмидан 125 марта катта.
Иккинчи турдаги ҳужайраларнинг аксонлари калта бўлиб, ҳужайрадан узоқлашмасданоқ тугалланувчи толаларга бўлинади. Буларга оралиқ невронлар дейилади. Уларнинг функцияси импульсларни бир ҳужайрадан иккинчисига ўтказишдир.
Нерв тўқимасини кумуш билан импергнация қилинганда дендритларнинг атрофида жуда кўп ўсимталар борлиги кўрилади. Бу ўсимталарнинг диаметри 0,5 микронга тенг. Маймун миячасининг Пуркинье ҳужайрасида 61000 дан ортиқ ўсимта борлиги ҳисоблаб чиқилган. Ўсимталар ҳар хил зарарли ташқи таъсирларга нисбатан сезгирдир. Турли патологик жараёнларда эса уларда катта ўзгаришлар рўй беради.
Ҳар бир нерв ҳужайраси қандай шаклда бўлишидан қатъи назар, қуйидаги таркибий қисмлардан, яъни ядро, протоплазма, нейрофибрилл аппарат, хроматин модда, яъни Ниссл субстанцияси ва бошқалардан ташкил топган.
Ядро. Ҳамма нерв ҳужайраларининг ядроси аксари думалоқ шаклга эга. Ядронинг катталиги ўрта ҳисобда ҳужайранинг тўртдан бир қисмига тенг бўлиб, кўпинча ҳужайранинг марказида жойлашган бўлади. Орқа мия Кларк устуни ҳужайраларининг ядролари, шунингдек вегетатив нерв системасидаги баъзи бир ҳужайраларнинг ядролари ҳужайра марказида эмас, балки унинг четида жойлашгандир.
Нерв ҳужайрасининг ядроси суюқ модда бўлиб, юмалок ёки овал шаклга эга. Ядро 600 – 1000 А°га тенг бўлган икки қават липопротеид пардадан иборат. Ядро билан протоплазма ўртасида фаол модда бу пардаларда тешиклар пайдо бўлиб, улар орқали ядрога турли моддаларнинг молекулалари киради.
Нерв ҳужайраси протоплазманинг хроматин моддаси каби ядро суюқлиги ҳам нуклеопротеидлардан тузилган. Ядронинг 10 фоизини мой ташкил этади. Ферментлардан ишқорий фосфатаза кўп миқдорда учрайди ва организм қанча ёш бўлса, бу фермент шунчалик фаол бўлади. Нерв ҳужайрасининг ядросида ҳолинестраза, карбонгидратаза каби ферментлар ҳам учраб туради.
Ядро ичида бир ёки икки дона ядроча жойлашган. Унинг ҳажми киши умрининг биринчи ярмига қадар катталашиб боради. Ядроча асосан рибонуклеопротеидлардан тузилган.
Ҳужайра ядроси невроннинг трофик маркази бўлганлиги туфайли у ҳужайра ва унинг ўсиқчалари трофикасини бошқариб туради.
Жинсий хроматин ёки сателлит. Сателлит – ядро ичида жойлашган, диаметри 1 микрон бўлган юмалоқ шаклдаги аёллар ҳужайрасига хосдир. Эркакларнинг нерв ҳужайраларида атиги 5 % учрайди. Сателлит кўпинча ядро ёнида жойлашган бўлади. Унинг ўзи нуклеин кислоталардан тузилган. Сателлит аёл ҳужайрасининг ядроларига хос тузилма бўлгани учун, унинг бор ёки йўқлиги жинсни аниқлашда катта аҳамиятга эга. Шу сабабли «жинс хроматини» деб аталади.
Патологик шароитда ядро ҳужайранинг марказидан чет қисмига сурила бошлайди. Бунга ядро эктопияси дейилади. Айрим ҳолларда ядро эриб ёки парчаланиб кетади. Бу ҳодиса кариолиз ёки кариорексис деб аталади. Ядронинг зарарланиши бутун ҳужайра толаларининг нобуд бўлишига олиб келади.
Do'stlaringiz bilan baham: |