Синапсларнинг тузилиши
Марказий ва периферик нерв системасининг нейронлараро тузилма – синапслари ҳар хил бўлади: улар жойлашишига қараб аксосоматик ва аксодендритик синапсларга ажратилади. Ҳар бир нерв ҳужайрасининг танаси ва дендритларига бошқа ҳужайраларнинг аксонлари турли тугмачалар шаклида ёпишиб туради. Буларга синаптик контакт дейилади. Синаптик контактларнинг сони марказий нерв системаси ҳужайраларининг турига қараб ҳар хил бўлади. Масалан, мия устунининг тўр формациясидаги катта нейронларнинг сатҳида 4000 дан ортиқ, мия пўстлоғидаги пирамида ҳужайрасида эса 10000 дан ортиқ синаптик контакт топилган. Ҳар бир синаптик контакт қуйидагича тузилишга эга. Электрон микроскопик текширувлар синаптик контактларни уч қисмдан иборат эканлигини кўрсатади.
1. Пресинаптик (синапс олдидаги) мембрана.
2. Синаптик оралиқ.
3. Постсинаптик мембрана.
Марказий нерв системасидаги синаптик контактларнинг пресинаптик ва постсинаптик мембраналарининг қалинлиги 50 ангстрем, синаптик оралиғи эса 200 ангстремга тенг. Нерв-мускул синаптик контактида пресинаптик ва постсинаптик мембрананинг қалинлиги 100 синаптик оралиқ эса 500 ангстремга тенг. Пресинаптиктугмачалар ичида синаптик пуфакчалар жойлашган бўлиб, булар синаптик оралиққа ёрилади ва ичидаги медиатор синаптик оралиққа тушиб, постсинаптик мембрана орқали ионларнинг ўтишига таъсир кўрсатади. Невроннинг функционал ҳолати ошганда синаптик пуфакчалар камаяди ёки бутунлай йўқолади, неврон дам олганда эса яна пайдо бўлади. Пресинаптик мембранада митохондрийлар ҳам жойлашган. Синаптик пуфакчаларда ацетилхолин ва холинэстераза, митохондрийда эса гидрокситриптамин ва адреналин жойлашган бўлса керак, деб тахмин қилинади. Постсинаптик мембрана синапснинг рецептор, яъни қабул қилувчи қисми бўлиб, пресинаптик мембранадан медиатор модда ажралгандан сўнг, Na+, K+ ва Сl- ионларининг ўтишини ўзгартиради, натижада қўзғалиш ёки тормозланиш жараёнлари рўй беради. Ҳаётнинг нормал боришида айрим ҳужайраларнинг постсинаптик мембраналарида қўзғалувчи ва тормозланувчи нерв импульсларининг тўхтовсиз оқими вужудга келиб туради, бунга синаптик бомбардимон дейилади. Иккинчи неврон дендритлари синапс ёрдамида импульсларни қабул қилганидан сўнг, бу импульслар динамик поляризация қонунига мувофиқ дендритдан аксонга ўтади. Ниҳоят, улар аксон орқали ишчи органга етиб келади. Аксонлар ишчи органларда ҳам синапслар ҳосил қилиб тугалланади. Масалан, импульс мускулга ўтаётган вақтда бу тузилмаларнинг атрофда холинсимон моддалар, симпатин деб аталувчи медиаторлар вужудга келади. Ана шу медиаторлар ёрдамида импульс аксондан мускулга ўтади. Қўзғалишлар натижасида ҳосил бўлувчи импульсларнинг невронлар занжири ва улар орасидаги синапслар орқали ўтказилишига неврон назарияси дейилади. Агар аксон бирор сабаб билан зарарланиши натижасида ўз ҳужайрасидаи ажралиб қолса, у нобуд бўлади. Бунга нерв толасининг Валлер дегенерацияси дейилади. Бунда аксоннинг ҳужайра билан боғланган (зарарланмаган) қисми нобуд бўлмайди, аксинча у ўса бошлайди ва муайян бир муддат ўтгандан кейин ишчи органга етиб боради. Бу ҳодиса нервланиш регенерацияси деб аталади. Регенерацияланаётган нерв бир суткада 1 мм ўсади. Периферик нервлар ана шу хусусиятлари туфайли зарарлангандан кейин маълум вақт ўтгач, ўз функцияларини тиклай бошлайди. Башарти, нерв ҳужайрасининг ўзи нобуд бўлса, у ҳолда унинг ҳамма ўсиқчалари (дендрит ва аксонлари) ҳам нобуд бўлади. Нобуд бўлган нерв ҳужайрасинииг ўрнига янги ҳужайралар пайдо бўлади, чунки нерв ҳужайралари организмнинг бошқа ҳужайралари каби бўлиниш йўли билан кўпаймайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |