Маркетинг мақсади – бозорларни харидорларнинг конкрет буюртмаларини ўрганиш ва ишлаб чиқариш фаолиятини шунга қараб йўналтириш масалалаларини ўрганишдан иборат. Ишлаб чиқариш (қуриш)дан олдин корхона, аниқ харидорларнинг товарларга бўлган эҳтиёжларини ўрганиши керак.
Маркетингни бошқаришда бирламчи ҳолат бўлиб қуйидагилар хизмат қилади: бозор ва унинг сегментларини илмий-амалий тадқиқ қилиш; товарлар сотувини ташкил этиш тизими, шу жумладан, рекламани рағбатлантириш бўйича чора-тадбирлар; ишлаб чиқариш фаолиятининг талаб ва инновацияга бўлган тез мослашуви.
Илмий-амалий тадқиқотлар бозор эҳтиёжларини чуқур ва ҳар томонлама ўрганишни назарда тутади. Бозор кўлами, нархни шакллантириш тизими ва нарх динамикаси, товарларнинг истеъмол хусусиятлари, сотиш каналлари, сотувни рағбатлантириш, тижорат ишининг хусусияти ва бошқа шу каби масалалар таҳлил қилинади. Бу тадқиқотлардан мақсад – рақобатчилик борасида муваффақиятга эришиш учун ўрганилаётган бозорда корхонанинг амалий ҳаракатларини аниқлашдан иборат.
Бозорни сегментларга ажратиш – бу харидорларни уларнинг муҳтожлиги борасидаги тафовути, ҳатти-ҳаракати ва иштиёқларига қараб гуруҳларга ажратиш жараёнидир. Фақатгина харидорларнинг эҳтиёжини жиддий ўрганиш орқалигина бошқа корхоналар билан рақобатлашиш имконини беради.
Ишлаб чиқариш ва сотувнинг талабга тез мослашуви корхонага бозордаги ўзгараётган шароитга мослашиш имконини беради. Бу корхона фаолиятини инновация сари йўналтиради, яъни технологик ускуналарни фаол равишда такомиллаштиришга ва мослашувчан ишлаб чиқариш усулларига ўтишга ундайди.
Инновациялар корхонанинг ишлаб чиқариш ва сотиш фаолиятларини қамраб олади. Уларнинг мақсади – товарларни, уларнинг шаклларини доимий равишда такомиллаштириш ва янгилаш, янги товар турини яратиш, шунингдек янги технологияларни ишлаб чиқариш. Инновациялар бозорларга чиқишнинг янги шакллари ва услубларини, сотувни рағбатлантиришнинг янги усулларини жорий қилиш, реклама фаолиятини такомиллаштириш, товарни сотишнинг янги каналларини излаш каби жиҳатларга боғлиқ.
Таъкидлаш жоиз, маркетинг, ишлаб чиқариш-сотув ва илмий-техникавий фаолиятни бошқариш концепцияси сифатида ХХ асрнинг 60-70 йилларида шаклланган. Ваҳоланки, унинг илк кўринишлари ХХ асрнинг 20-йиллари охиридаёқ кўзга ташлана бошланган. Маркетингнинг концептуал ривожланишига, биринчи навбатда, ахборот инфратузилмаси соҳасидаги илмий-техникавий тараққиёт ва бошқарувнинг компьютерлаштирилиши сабаб бўлган.
Do'stlaringiz bilan baham: |