Тошкент давлат иқтисодиёт
университети “Тармоқлар иқтисодиёти”
кафедраси доценти и.ф.н., доц. Исаков М.Ю.
Р.И.НУРИМБЕТОВ ТОМОНИДАН ТАЙЁРЛАНГАН «ЛОЙИҲАЛАР ТАҲЛИЛИ ВА УЛАРНИНГ БОШҚАРУВИ» НОМЛИ ЎҚУВ ҚЎЛЛАНМАГА ИҚТИСОД ФАНЛАРИ НОМЗОДИ, ДОЦЕНТ И.Х.ДАВЛЕТОВНИНГ ТАҚРИЗИ
Мустақиллик йилларида миллий иқтисодиёт тармоқларини ислоҳ қилиш, уни таркибий қайта ўзгаритириш ва ривожлантириш борасида олиб борилаган ислоҳотлар аввало, чуқур институционал ўзгаришлар билан боғлиқ. Замонавий иқтисодиёт ривожланиши кўп укладли мулк шаклларининг ривожланиши ва хусусийлаштириш жараёнига асосланади. Республикамиз иқтисодиётини таркибий қайта қуриш, иқтисодий ўсишнинг барқарор, юқори суръатларини таъминлаш вазифалари иқтисодиётимизга жалб этилаётган инвестициялар ҳажмини ўстиришни, ҳар бир сўмлик инвестициянинг энг зарур, энг кўп самара берадиган объектларга сарфланишини талаб этади.
Бу эса турли мулк шаклларини ривожлантириш борасида амалга ошириладиган лойиҳалар кўламига ва уларнинг иқтисодий самарадорлигига кўп жиҳатдан боғлиқ. Ҳозирги кунда илғор хорижий давлатлар иқтисодиётида ўзининг ижобий амалий тасдиғини топган “Project Management”, яъни лойиҳалар бошқаруви фани бизнинг республикамиз олий ўқув юртларида фан сифатида ўрганиладиган ва амалиётида ундан кенгроқ фойдаланилиш ҳолатлари кўзга ташланмоқда.
Иқтисодиёт тармоқларида маҳаллий инвестиция манбаларининг чекланганлиги хорижий инвестицияларни, хусусан тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш борасида ҳам мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланишни талаб этмоқда. Лекин, республикада яратилган қулай инвестиция муҳитининг мавжудлиги, давлат томонидан инвестиция фаолияти қонун йўли билан қўллаб-қувватланишига қарамасдан, инвестиция жараёнларида бир қатор муаммолар ўз ечими кутмоқда. Бундай ҳолатлар ўз навбатида лойиҳаларни амалиётга жорий этиш бўйича ваколатли идораларда техник-иқтисодий асосланган лойиҳаларни экспертизадан ўтказиш муддатларининг чўзилиши ҳамда инвестицион лойиҳалар билан шуғулланувчи малакали кадрлар билан таъминлашда сусткашликка йўл қўйилаётганлиги билан намоён бўлмоқда.
Шу ва бошқа ҳолатлар тақриз этишга тақдим этилган мазкур ўқув қўлланманинг ўз вақтида тайёрланганлигидан далолат беради. Муаллиф томонидан тақриз этишга тақдим этилаётган “Лойиҳалар таҳлили ва уларнинг бошқаруви” номли ўқув қўлланмасида хусусан, иқтисодиётнинг моддий ишлаб чиқариш тармоқларидан бўлган қурилиш тармоғига киритиладиган инвестицион-қурилиш лойиҳалари таҳлили ва уларни бошқариш борасидаги масалаларни ўрганишга асосий эътибор қаратилганлигини алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз.
Ушбу ўқув қўлланмада лойиҳаларни таҳлил этишнинг замонавий усуллари ва уларнинг турлари, лойиҳаларни бошқаришнинг ўзига хос жиҳатлари кенг акс эттирилган. Тақриз этилаётган ўқув қўлланма 5А230201 «Менежмент» (қурилиш) ва 5А 5340901 - "Кўчмас мулкни баҳолаш ва бошқариш" мутахассисликлари магистрантлари учун тайёрланган.
Ўқув қўлланмада инвестиция лойиҳаларини молиявий-иқтисодий баҳолашнинг услубий асослари ва усуллари, лойиҳаларнинг моҳияти ва уларни тайёрлаш, лойиҳа таҳлили концепцияси ва лойиҳаларни таҳлил қилишнинг турли жиҳатлари, қурилишда инвестицион лойиҳалар, уларнинг моҳияти ва асосий босқичлари, лойиҳалар таҳлили ва уларни тайёрлаш жараёнлари, инвестицион-қурилиш лойиҳаларни бошқаришнинг ташкилий асослари, инвестицион қурилиш лойиҳаларини амалга оширишда маркетингни бошқариш, инвестицион-қурилиш лойиҳаларини бошқаришнинг контракт босқичи, контрактларни бажариш ва лойиҳа иштирокчилари ишлаб чиқариш фаолиятининг таҳлили, инвестицион лойиҳалар сифатини бошқариш каби мавзулар ўрин олган.
Р.И.Нуримбетовнинг “Лойиҳалар таҳлили ва уларнинг бошқаруви” номли ўқув қўлланмаси республикамизда кенг қамровли амалга оширилаётган модернизациялаш жараёнида, ишлаб чиқариш тармоқларида хусусан қурилиш тармоғига киритилаётган лойиҳалар самарадорлиги ва уни бошқариш билан қизиқувчи илмий ходимларга, ўқитувчиларга, аспирантлар, магистрантлар ҳамда ушбу муаммо билан қизиқувчилар учун манба бўлиб хизмат қилади.
Юқорида билдирилган фикр ва мулоҳазаларга таянган ҳолда мазкур ўқув қўлланманинг ўқув-услубий, илмий ва амалий жиҳатдан талаб даражасида тайёрланганлиги таъкидланган ҳолда уни нашр қилишга тавсия қилиш мумкин деб ҳисоблайман.
ТАҚИ “Иқтисодиёт”
кафедраси доценти и.ф.н., доц. И.Х.Давлетов
Do'stlaringiz bilan baham: |