Буюртмани бериш тартибини ишлаб чиқиш. Буюртмада товарнинг техник кўрсаткичлари, миқдори, етказиш вақти, кафолатлари, қайтариш шартлари ва бошқа шу кабилар қайд этилган бўлиши керак. Ялпи (комплекс) буюртмалар анча қулай ҳисобланади, зеро уларда узоққа мўлжалланган ҳамкорлик йўлга қўйилади. Бундай ҳамкорликда мол етказувчи харидорнинг эҳтиёжига қараб ва келишиб олинган давр мобайнида муайян нархда товарларни қайта етказиб бериш мажбуриятини олади. Буюртмаларни ишлаб чиқишнинг бундай шакли “буюртмаларни йиғмасдан молларни етказиб бериш режаси” деб номланади. Буюртманинг бундай тури товарнинг заҳираси мол етказувчида сақланишини назарда тутади.
Мол етказувчи ишини баҳолаш у етказган товар истеъмолчилари томонидан амалга оширилади. Ижобий баҳо берилса, харидлар бўйича агент мол етказувчи билан ҳамкорликни давом эттиради, жоиз бўлса бу ҳамкорликка тегишли ўзгартиришлар киритиб боради.
Йирик корхоналарда харид қилиш одатда ташкилот (корхона) раҳбарияти томонидан қабул қилинади. Бу соҳада ихтисослашган мутахассислар эса уни амалда бажаришади. Майда корхоналарда эса товарларни танлаш ва харид қилиш билан уларнинг эгалари шуғулланишади.
6.4. Қурилиш ташкилотлари маркетингини бошқариш
Қурилиш ташкилотлари маркетинги кенг мақсадли фойдаланишга мўлжалланган истеъмол ва саноат моллари маркетингига нисбатан кенгроқ ва мураккаброқ ҳисобланади. Унинг хилма-хиллиги шунга боғлиқки, қурилиш молларининг ишлаб чиқарилишида ва сотилишидаги бозор фаолиятининг даври бошқа товарларникига нисбатан узоқроқ бўлади. Истеъмол ва саноат молларининг ишлаб чиқарилиш ва сотилиш даври ишлаб чиқариш-бозор-маҳсулот, яъни уч босқичдан иборат бўлса, қурилиш молларининг ҳаётийлик даврида бундай босқичлар бешта бўлиши мумкин: буюртмачи – лойиҳа – ишлаб чиқарувчи – маҳсулот – сотувчи. Таъкидлаш жоиз, қурилиш маҳсулотининг харидори буюртмачининг ўзи, бошқа ташкилотлар ёки хусусий шахслар бўлиши мумкин.
Қурилиш моллари маркетингининг мураккаблиги шундаки, қурилиш лойиҳасининг узоқ инвестицион даврида қуйидагиларга катта эҳтиёж туғилади: материалларга, ярим тайёр маҳсулотларга, конструцияларга ва қурилиш ускуналарига; қурилиш маҳсулотини ишлаб чиқаришда инвестицион қурилиш лойиҳаларининг кўп миқдордаги иштирокчилари билан ҳамкорликка; турли (пул) курсларга қараб нарх-навонинг ўзгаришига; инвестицион қурилиш лойиҳаларининг амалга оширилишига нисбатан салбий омилларнинг ножўя таъсирига.
Агарда лойиҳанинг барча иштирокчилари - буюртмачи, лойиҳачи ва пудратчи ташкилотлар инвестицион қурилиш лойиҳалар (ИҚЛ) таркибидаги фаолиятига воситачиларни (кредиторлар, консальтинг муассасалари, брокерлик ташкилотлари ва бошқ.) жалб қилиши, ИҚЛнинг бош пудратчи томонидан амалга оширилиши эса лойиҳанинг бутун ижро этилиши давомида ўзига хос бозор хусусиятларининг қоришмаси эканлиги инобатга олинса, ИҚЛ концепцияси, лойиҳа-смета ҳужжатларининг ишлаб чиқилиши, маҳсулот нархининг аниқланиши ҳамда ИҚЛнинг бажарилиши равшан бўлади.
Қурилиш ташкилотларида маркетингни бошқариш вазифаларига қуйидагилар киради:
- қурилиш бозорини (қурилиш моллари харидорларининг истакларини), шунингдек саноат моллари бозорини комплекс ва тизимли ўрганиш;
- буюртмачиларни танлаш ва контрактларни тузиш шартларини ишлаб чиқиш;
- эҳтимоли буюртмачиларини доимий излаш ва бозорни сегментларга ажратиш;
- рақобатчи ташкилотлар фаолияти, уларнинг имкониятлари, бозор стратегияси ва тактикасини ўрганиш;
- конракт фаолиятини амалга ошириш;
- зарурат топилганда инвестицион фаолиятдаги пайчилар ва воситачи ташкилотлар билан битимлар тузиш;
- қурилиш дастурини ва бевосита лойиҳаларнинг амалга оширилиш жараёнида буюртмачи томонидан илгари суриладиган талабларни бажариш;
- объектни буюртмачига топширишда ёки уни қурилиш бозорига олиб чиқишда сотув операцияларини амалга ошириш.
Кўрсатиб ўтилган вазифларнинг барчаси қурилиш уюшмалари (ташкилотлари)да маркетингни бошқариш асосини ташкил этади.
Маркетингни бошқариш уни амалга ошириш тўғрисидаги тадбирларни режалаштиришдан бошланади. Маркетинг режасини ишлаб чиқишдан олдин қурилиш ташкилоти(уюшмаси)нинг имкониятлари ўрганилади, яъни: унинг ишлаб чиқариш қуввати, буюртмачининг иши барқарор ва самарали бўлган тақдирда унинг талабига қараб иш тутиш; маркетингнинг мақсад ва вазифалари аниқлаб олинади; мақсадли бозорнинг жавоб реакциясини ташкилотлар учун билиб олиш имкониятини берадиган омиллар белгиланади; қурилиш маҳсулотига таъсир кўрсатиш услублари ўрганилади.
Қурилиш ташкилоти (уюшмаси) маркетингининг асосий мақсади саноат моллари бозорида қулай битимларни тузишга эришиш ҳамда ишлаб чиқариш фаолиятидаги юқори кўрсаткичлар билан ўз маҳсулотларини сотишдан иборат. Бу ерда асосий масалалар қуйидагилар ҳисобланади: нархни шакллантириш, талабни рағбатлантириш; алоқа қилиш сиёсати, сотув бўйича агентларнинг буюртмачилар билан ишлаш тактикаси, маҳсулотни сотиш, рақобатчиларни маҳаллийлаштириш; эҳтимол даражасини аниқлаш, сотувга чиқиш учун керакли ҳужжатларни тайёрлаш.
Режалаштириш икки босқичда амалга оширилади. Биринчи босқичда маркетинг стратегияси ишлаб чиқилади, иккинчисида эса – ҳар бир тадбирга масъул тайинланган ҳолда маркетинг тадбирларини бажариш режаси ишлаб чиқилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |