Ўрта асрлар шаҳарсозлиги
XI асрдан бошлаб шаҳарлар ҳунармандчилик ва савдо – сотиқ қиёфасини олган. Шаҳарлар ҳунармандчиликнинг маълум бир тармоғи бўйича ихтисослашган. Арк шаҳар девори ичига қурилган, работларда кўплаб карвон саройлари бўлган. Улгуржи савдо бозорлари шаҳристондан ташқи савдо бозори работга кўчган. Лекин шаҳарларнинг қурилиш режаси аввалгидек сақланиб қолган, яъни шаҳарлар тўғри тўртбурчак шаклида бўлиб, шаҳар марказида кесишиб ўтган икки кўча бўлган.
Бу даврда шаҳарларда янги бино турлари вужудга келган. Жумладан, масжидлар, миноралар, мақбара, карвон сарой, сардоба, хонақоҳ ва бошқалар.
IX аср бошларида биноларни қуришда хом ғишт ва пахса ишлатилган. IX охирларидан бинолар қурилишида пишиқ ғиштдан фойдаланила бошланган. Турар жой биноларини қуриш ишларида эса синч ва пахса асосий ўринни эгалланган. Пардоз ишларида эса, сомонли лойсувоқ, ганч, сирланмаган кошин ва сопол плиткалардан фойдаланганлар. XII асрдан сирланган кошин ва майолика ишлатиш усули кашф этилган.
IX–X асрларда хом ғишт ва пахсадан бунёд қилинган иморатлар турли ҳолатда сақланиб қолинган. Афросиёбда Сомонийлар қасрининг бир қисми сақланган. У нафис ўймакорлик усулида безатилган. Термиз яқинидаги Қирққиз қалъаси хом ғишт ва пахсадан қурилган бўлсада, ниҳоятда ҳашаматли бўлиб, асосий деворлари бугунги кунгача сақланиб қолган. Бундай хол ниҳоятда кам учрайди. Археологлар бу қальанинг яхши сақланишини лой қориш ва уни ишлатиш технологиясининг мукаммаллигида деб, бу услуб вақт ўтиши билан унитилиб кетган деб ҳисоблашади. Қадимий Хоразм ҳудудидаги Қават қальа ҳам яхши сақланган.
Бу даврда пишиқ ғиштдан дастлабки иморатлар бунёд қилина бошланган. Бунга Бухородаги Исмоил Сомоний мақбараси мисол бўлади. Бу иншоот Исмоил Сомоний даврида (873–907 йй.) қурилган. Бу мақбара нафақат Ўзбекистон, балки бутун Ўрта Осиё меъморчилиги дурдонаси ҳисобланади. Иморат кубсимон шаклда бўлиб, ташқи томонларининг узунлиги 10 метрга яқин, усти гумбаз тарзида ёпилган. Мақбаранинг қурилиш услуби илк ўрта асрлардаги оташпарастлар ибодатхонасининг оловхонаси шаклида қурилган.
Темурийлар даври шаҳарсозлигида кўп асрлик меъморий анъаналарни давом эттирганлар. Ҳар бир шаҳарда арк–шаҳри дарун ва шаҳристон–ҳисор бўлган. Унинг марказий қисмида ёпиқ савдо гумбазлари бўлган. Жума масжидлари шаҳар бозорига яқин жойлаштирилган. Мадрасаларнинг олдида ҳам кенг майдон ташкил қилинган. Ҳунармандларнинг ўз соҳалари бўйича ихтисослаши ва аҳолининг табақаларга бўлиниб яшаши шаҳарнинг даҳа ва маҳаллаларга бўлинишига олиб келган. Бош кўчаларда ҳунармандчилик ва савдо расталари бўлган. Аҳолининг турар жойлари ҳовлили болахонали ва дарвозали қилиб қурилган. Бу даврлардаги турар жойларнинг тузулиши кўпинча ўша даврда яратилган мўъжаз тасвирий санъат асарларидан олинган.
Do'stlaringiz bilan baham: |