Мавзуни мустаҳкамловчи саволлар:
Ривожланган ўрта асрлар қандай босқичларга бўлинган?
Қандай янги тур бинолар вужудга келган?
Пишиқ ғиштдан қачондан фойдалана бошланган?
Сардоба нима?
Темурийлар даври шаҳарсозлигининг ўзига хос томонларини кўрсатинг?
Ўрта асрларда Россияда қандай маданий ёдгорликлар сақланиб қолган?
Ёдда тутинг! Ривожланган ўрта асрларда
Х асрдан пишиқ ғишт қурилишда ишлатила бошланган.
Пишиқ ғиштдан ишланган дастлабки иморат Исмоил Сомоний мақбарасидир.
XII асрдан сирланган кошин ва майолика ишлатиш усули кашф этилган.
Араб ота мақбарасида илк марта пешоқ қурилган.
Мақбаралардаги чодирсимон гумбазлар “гумбази туркистони” номини олган.
Масжидлар турар жойлар тарзида қурилган.
Миноралар масжидлар ёнида қурилиб, уларда азон айтилган.
Сардобалар сув йиғадиган иншоотдир.
Амир Темур даврида арк-шаҳри дарун, шахристон-ҳисор дейилган.
Самарқанд худудида 73 та меъморий ёдгорлик сақланиб қолган.
5&.Ўрта асрларда Европа ва Россия
Илк ўрта асрларда Россия ҳудудида славянлар истеъқомат қилишган. Уларнинг келиб чиқиш тарихи ҳақида Геродот асарида баъзи бир маълумотлар сақланиб қолган. Археологлар уларнинг турмуш тарзини қабрлари асосида тиклаганлар. Археологик тадқиқотлар натижасида славянлар Шарқий Европанинг ўрмон худудларида, Смоленск областида, Волга, Днепр, Десна ва Сейм дарёларининг юқори оқимларида яшаганликлари аниқланган. У ерлардан топилган қабрлардаги мурдалар қуйдирилган ва куйдирилмаган холда бўлган. Ёнларидан турли буюмлар –сопол идишлар, Рим буюмлар, зеб–зийнатлар, тангалар топилган. Бундай қабрлар топилган ҳудудлар “қабристон даҳаси” деб номланган. Уларнинг хронологик доираси мил авв.II асрдан бошланиб, баъзи ҳудудларда мил. YIII асргача давом этган. Улар лалми деҳқончилик билан шуғулланувчи славян қабилалари бўлган. Византия тарихчилари уларни склавин ва антлар тарзида тилга олади.
Мил. III–Y асрларга оид Волга бўйида Березняки шаҳари топилган. Унинг атрофи жарлик билан ўралиб, ёғоч девор билан мутаҳкамланган. Шаҳардаги барча уйлар ёғочдан қурилган. Шаҳар марказида энг катта жамоат биноси бўлган. Уйлардан темир буюмлар сопол идишлар, урчуқ, бигиз, тош дазмоллар топилган. Шахардан даҳма топилган. У ерда мурдалар куйдирилган. Ёзма манбаларга қараганда фақатгина славянларда мурдалар куйдирилган. Мил. Y асрда Рим империяси емирилгач, славянлар Рим империяси таъсирида бўлган ҳудудларни эгаллаб олганлар.
IX–XIII асрларда Россия ҳудудларида ибтидоий жамоа тузуми емирилиб, феодал тузуми шакллана бошлаган. Лекин бу жараён Россиянинг славянлар яшаб турган ҳудуднинг ҳамма жойида ҳам бир хил кечмаган. YII–IX асрларда жанубий–ғарбий ҳудудда яшаётган славян қабилаларида деҳқончилик маданияти ривожланган бўлиб, улар ерни плуг билан ҳайдаб деҳқончилик қилишса, ўрмон ҳудудларида яшайдиган шарқий славянларда эса, қирқма деҳқончилик билан шуғулланиб, улар ерни темир болта, катта аспичоқ ва кетмонча (мотига) билан ишлов берганлар. Қирқма деҳқончиликда, деҳқонлар дастлаб дарахтларни қирқиб, қуритиб олгач, уларни куйдирганлар ва экин майдонларига айлантирганлар. Айни пайтда Россиянинг марказий ҳудудларида YII–IX асрларда рус шаҳарлари ҳам вужудга кела бошлаган. Бунга сабаб ҳунармандчилик ва товар айирбошлашнинг ривожланиши бўлган. Бу даврда ҳунармандчиликнинг дегрезлик, темирчилик, заргарлик, тўқимачилик, суяккка ишлов бериш, ёғочсозлик каби соҳалари мавжуд бўлганлиги археологик тадқиқотлар натижасида аниқланди.
Россия худудларида олиб борилган археологик тадқиқотлар натижасида YII–YIII асрларга оид Ладога шаҳридан патриархал жамоага хос катта уй, Ромна шаҳрида эса шу даврга оид лой девори бўлган ертўла излари топилган. IX–X асрларга келиб ахолининг яшаш тарзи ўзгарган, Ладога ахолиси омборхонаси, донхона ва молхонаси бўлган алоҳида уйларда яшай бошлаганлар, катта шаҳарлар шакллана бошлаган. Жумладан Киев, Смоленск, Чернигов, Новгород каби шаҳарлар вужудга келиб, ўша даврлардаги ижтимий иқтисодий тараққиёт тўғрисида маълумотлар берди. Лекин Х асрдан бошлаб Рус маданияти тўғрисида маълумотни кўпроқ ёзма манбалардан олинади.
Шарқий Европанинг жанубий даштларида мил. II асрдан олонлар истеъқомат қилганлар. Уларнинг кўпчилиги кўчманчи чорвадор қабилалар бўлган. Скиф, сармат ва олонлар бир-бирига яқин бўлиб, илмий адабиётларда уларни эроний тилда сўзлашганлар дейилади. Аслида улар туркий тилнинг турли лахчаларида сўзлашганлар. Олонлардан бизгача мозор қурғонлар сақланиб қолган. Лекин уларнинг мозор–қўрғонларида жиҳозлар нисбатан кам, баъзиларида эса, умуман учрамайди. Лекин олонларнинг қадимги Пантикапейнинг Керчь шаҳрида дахмалари топилган. У ердан шиша идишлар, дидсиз, дағал ишланган қимматбаҳо тошлар, зеб-зийнатлар ва сармат қуроллари типидаги қуроллар топилган. Ўқлари уч парракли қилиб темирдан ишланган. Бир тиғли тўғри шамшир билан бирга сарматларнинг шамшири ҳам ишлатилган. Археологик тадқиқотлар натижасида уларнинг ижтимоий –иқтисодий ҳаёти тўғрисида маълумотлар кам тўпланган. Олонлар халқларнинг оммавий кўчиш жараёнида иштирок қилиб, Галлия, Испания ва Африкадан излари топилган. Олонлар I минг йилликнинг биринчи ярмида хазарлар таъсирига тушиб қолади. YIII асргача бўлган Харков шаҳрига яқин Салтов қабристони олонларнинг хазарлар даврига оид. Қабрлар сунъий ғор ичида жойлашган. Мурдалар ётқизилиб кўмилган. Бу ердан жанг болталари, якка тиғли шамширлар, зеб–зийнат буюмлари ва турли сопол буюмлар топилган. Қабрлардан топилган буюмлар олонларда мулкий табақаланиш бошланганлигини кўрсатади. Шунингдек, бу ердан топилган буюмлар Шимолий Осетиядаги қабрлардан топилган буюмларга ўхшаш бўлганлиги сабабли, уларни олон қабилаларига тегишли эканлиги исботланди. Хазарларга оид қабрлар Донда, Цимлянск қишлоғи яқинида, Саркелда олиб борилган тадқиқотлар натижасида аниқланди. Саркел шаҳри IX асрда хазарлар томонидан асос солинган. Қалъа девори ва бинолар пишиқ ғиштдан қурилган. Ғиштларда усталарнинг тамғалари бор. Кўп уйлар ёғочдан қурилиб устидан лой билан сувалган. Бу ердан пулуг тиши, дон ўралари, темирчилик ва кулолчилик устахоналари топиб ўрганилган. Сопол идишлар кулолчилик чархида ишланган. Х асрда хазарларни Святослав енггач, даштда олонлар ва хазарлар деярли йўқ бўлиб кетади. Х асрдан даштни печенеглар, кейинчалик турклар ва кипчоқлар эгаллайди. Бу кўчманчи қабилаларнинг излари бизга фақат, қуролли жангчилар кўмилган мозор-қўрғонлардан маълум. Бу қўрғонлардан топилган қиличлар – қайрилган якка тиғли бўлган. Уларнинг тиғи ташқарига, орқа томони ичкарига букилган. Якка тиғли қилични сидириб урганда қўш тиғли қиличга нисбатан чуқурроқ ботган. Бу қилич кўчманчи чорвадорлар орасида IX асрдан пайдо бўлган. Яқин ва Ўрта Шарқда, Россияда XIY асрдан, Ғарбий Европада XYI асрдан кенг тарқалган. Қиличдан кўпроқ енгил қуролланган суворийлар фойдаланишган.
Балтика бўйи ҳудудларида илк ўрта асрлар тарихи ҳам қабрлар асосида ўрганилган. Мил. II–Y асрларда Латвияда мозор–қўрғонларга кўп одамларни кўмиш одат бўлган. Шимолий Латвия ва Эстонияда эса, тош териб иҳота қилинган қабрлар расм бўлган. Қабрларнинг қайси қабилага мансублигини дафн услуби ва топилган буюмлардан аниқлаш мумкин. XIII асрдан Балтиқабўйи ахолиси немислар таъсирига тушиб қолади.
Х асрдан Шарқий Европанинг турли вилоятларида мурдалари куйдирилган мозор-қўрғонлар топилган. Уларда мулкий табақаланиш яққол кўриниб турибди. Чокарлар (дружинник) қабрлари алоҳида ажралиб турган. Улар ахолининг зодагон табақасидан бўлиб, қўшиннинг асосини ташкил этишган ва мажусийлар одати бўйича дафн қилинган. XI асрдан бошлаб христианлик дини қабул қилингач, мажусийлар одати ман қилинади.
Смоленск яқинидаги Гнездово қишлоғидан 3 мингга яқин мозор-қўрғон топилган. Ундаги марказий мозор-қўрғоннинг баланлиги 10 метр, айланаси 100 метр келади. Мозор-қўрғоннинг тагида бир қанча мурдалар куйдирилган гулханлар топилган. Гулханлардан ажойиб қуроллар, зеб зийнатлар, Ўрта Осиё тангалари (дирҳам), дубулға, найза, кўш тиғли шамшир, рус ўйма нақши билан безатилган темир пластинкалар ва кўмилган отлар топилган. Бу мозор- қўрғонда княз дафн этилган. Бу катта мозордан ташқари яна 700 дан ортиқ мозор-қўрғонлар ҳам текширилди. Лекин кўп мозор-қўрғонлар бўш турибди. Булар четда халок бўлган жангчиларнинг рамзий қабрлари бўлиши мумкин.
Озод хотин-қизларнинг қабрлари алоҳида бўлган. Улар орасида ҳам мулкий тенгизлик изларини кузатиш мумкин. Бой табақа вакилларига тегишли мозор-қўрғонларга чўрилари ва қуллари ўлдириб куйдирилиб кўмилган. Бу хақда ўша давр ёзма манбаларида ҳам маълумотлар сақланиб қолган. Бу ердаги мозор-қўрғонларида меҳнат қуроллари деярли учрамайди. Ҳарбий қуроллар бор. Шамширларнинг боши думалоқ, гулбанди тўғри бўлиб, боши ва гулбандига кумушдан нақш берилган. Унинг юзи энли бўлиб, узунлиги бир метргача бўлган. Гнёздовадан топилган ўқлар ромб шаклида бўлган. Дубулғалари кулохсимон бўлиб, уларни шишак деб аташган. Қалқонлари ёғочдан ясалиб, ўртасига темир қопланган. Темир совут парчалари топилган. Совутлар Ғарбий Европада антик давр охирларида йўқолиб кетган, фақатгина XII аср бошларида салб юришлари бошлангандан кейин яна пайдо бўлади. Яқин ва Ўрта Шарқда, Ўрта Осиёда доимо жангда совутда юришган.
Гнёздоводан славян ёзуви намунаси топилган. Шунингдек, олтиндан ишлаган турли буюмлар ва ҳозирги замон қайчисига ўхшаш қайчи ҳам топилган.
Шарқий Европадаги мозор-қўрғонлардан топилган буюмлар, асосан танга пуллар ахолининг ташқи алоқаларини аниқлашга имкон берди. Бу ердан Византия пулларидан кўра, Самарқанд, Бухоро ва Аббосий ҳалифалигининг дирҳамлари кўп топилган. Бу шаҳарлар Х асрдаёқ Русь билан иқтисодий ва маданий алоқада бўлганлигини кўрсатади. Бу пуллар ҳам асосан Россиянинг Киев, Смоленск ва Новгород шаҳарларида кўп тўпланган.
Ўрта асрларда Русда темирчилик ривожланган. Ҳарбий қуроллар билан биргаликда пичоқлар ҳам пўлатдан ишланган. Темир Русда руддадан олинган ва уларнинг таркибида никель бўлган.
Заргарликда XI асрдан мураккаб усулларда нақш бериш такомиллашган. Зархошия, қубба, қуйма нақш ва қора кумушга(қора кумуш –қалай, мис, кумуш ва жилосиз қорамтир олтингугурт қоришмасидан иборат бўлади. Унга дастлаб нақш ўйилган кейин кўзаларга қоришма қуйилган.) нақшлари ишланган. Сир ва хал бериш санъати кашф этилган. Киевда сирлаш устахонаси топилган. Унда сир эритадиган тигеллар, ҳар хил кўралар, эритилган турли рангдаги сир массалари топилган. Ҳошияли сир қуйма сир(сирлаш учун металлнинг устига ботирма чуқурчалар берилган)га нисбатан мураккаб бўлган.
Турли ранглардаги шишалардан ишлаган билакузуклар топилган. Олдинлари уларни Византия ёки Суриядан келтирилган деб ҳисоблашарди. Лекин кейинчалик унинг Киевда устахонаси топилган. Унда шиша эритадиган гилвата тигеллар, бузилган билакузук парчалари ва бузилган асбоблар топилган.
Рус шаҳарларида IX асрлардан кулолчилик буюмлари чархда ишлана бошлаган. Кулолчилик буюмларининг шакли ҳамма ерда бир хил бўлган. Бу славянлар яшаган ҳудуднинг маданий бирлигинидан дарак беради.
Do'stlaringiz bilan baham: |