Толстов манзилгоҳини А.В.Виноградов Жонбос–4 маконига яқин жойдан топган ва устози С.П.Толстов шарафига ”Толстов манзилгоҳи” номини берган. Тадқиқотлар натижасида маконнинг ривожланган неолит даврига тўғри келиши ва мил.авв. IVминг йилликларга оид эканлиги аниқланди.
Макондан иккита хона қолдиғи топилган бўлиб, улардан бирининг майдони 110–120кв.м. Хонанинг конуссимон томи аввал қамиш, сўнгра дарахт қобиғи билан ёпилган. Хонадан устун қолдиқлари ва ўчоқ излари аниқланди. Макондан чақмоқтошдан ишланган микролит қуроллар, камон ўқ учлари, турли хил суяк қуроллар – гарпунлар, қармоқлар, игнасимон учли қуроллар, игналар, силлиқланиб ишланган болтачалар, тош ва сополларни силлиқлайдиган асбоблар, чиғаноқлардан, парранда суяклари ва феруза тошдан ясалган тақинчоқлар топилган. Шунингдек, қора–қизғиш ва оқ рангдаги бўёқлар билан бўялган турли нақшлар билан безатилган сопол буюмларнинг парчалари топилган. Толстов манзилгоҳидаги тош қуролларнинг Дарвозақир I, II ва Катта Тузкон маконларидаги қуроллар билан ўхшаш томонлари аниқланган.
Толстов манзилгоҳидан топилган ашёлар Калтаминор маданиятининг ўзига хос хусусиятларини янада ойдинлаштирди. Жумладан, Калтаминор хўжалигининг асосини балиқчилик ташкил қилган. Балиқ овида тўрдан, суяк гарпунлардан, тош санчқидан ва қармоқлардан кенг фойдаланганлар. Уларнинг намуналари Калтаминор маданияти ёдгорликларида кўплаб учрайди. Хўжаликда ҳайвон ови ҳам мухим ахамиятга эга бўлган. Улар асосан, ёввойи чўчқа, бухоро оҳуси, жайрон, қулон, сайғоқ ва бошқа ҳайвонларни овлаганлар. Овда улар ўқ–ёйдан кенг фойдаланганлар. Хўжаликда пардозланган тош болталар ва тешалардан фойдаланишган. Ахолиси тўқимачилик билан ҳам шуғулланиб, ўзлари учун кийим–кечак ва балиқлар учун тўр тўқишган. Хўжалигининг учинчи тармоғи термачилик бўлган. Ёдгорликларда ёввойи жийда данаги кўплаб топилган.
Сирдарёнинг пастки оқимида сўнгги неолит даврига оид кўпгина маконлар тадқиқ қилинди. Шулардан Саксовул ва Шулқум қароргоҳларидан катта материал олинган. Бу ердаги ибтидоий жамоалар кўпинча қирғич қуролларини тош синиқларидан ясаганлар. Сопол идишларнинг турли шакллари мавжуд. Улар тухумсимон шаклда бўлиб, таги текис ишланган ва қисман нақшланган.
Калтаминор маданиятининг ижтимойи ривожланишида матриархат даври бўлиб, жуфт оилалар шакллаган эди. Бундан Жонбос–4 маконидан топилган 100 га яқин майда ўчоқлар дарак беради. Шунингдек, калтаминорликлар ўз фаолиятларида табиатга бутунлай қарам эдилар. Улар яшаш жойлари– кулбаларини дарё ва кўл буйларида қурганлар. Дарёлар ўз ўзанини ўзгартириши билан улар ҳам ўз манзилгоҳларини ўзгартирганлар.
Ҳозирги кунда Калтаминор маданияти излари Сирдарёнинг қуйи оқими, Қизилқумнинг ички ҳудудлари ва Зарафшоннинг қуйи ҳавзаларида топилган.
Do'stlaringiz bilan baham: |